"МТС Ўзбекистонга қайтиши мумкин"

Фото муаллифлик ҳуқуқи gazeta.uz

МТС мобил алоқа ширкатининг Нью-Йорк халқаро маҳкамасида Ўзбекистонга қарши берган аризаси асосида очилган иш музлатиб қўйилган. Айни дамда Ўзбекистон ва МТС музокаралар олиб боришмоқда ва бу музокаралар натижасида МТС Ўзбекистонда яна иш бошлаши мумкин. Бу ҳақида Россиянинг "Ведомости" нашри хабар тарқатди.

Хабар қилинишича, МТСнинг бош хиссадори бўлган АФК "Система" ширкатининг эгаси Владимир Евтушенков ва ўзбек ҳукумати ўзаро музокараларни бошлашгани туфайли, маҳкама иши ярим йилга тўхтатилган. Жаноб Евтушенковга яқин манбадан иқтибос келтирилиб айтилишича, музокаралар Ўзбекистонда "охирги пайтда юз берган сиёсий ўзгаришлар" туфайли бошланган.

2012 йил ёзида Ўзбекистонда МТСга тегишли, ҳамда мамлакатдаги энг йирик уяли алоқа оператори ҳисобланган "Уздунробита"нинг фаолияти ойлаб давом этган терговлар ортидан тўхтатилганди.

Йил охирида Тошкент шаҳар маҳкамаси "Уздунробита"нинг апелляцион ишини кўриб чиқа туриб, ширкатга 600 миллион доллар жарима солган ва унинг тўланиши учун саккиз ой ажратганди.

Бу жарима ортидан "Уздунробита"нинг эгаси МТС ва Ўзбекистоннинг қудратли тадбиркорларидан саналган Гулнора Каримова орасида даҳанаки жанг бошланганди.

Швецияда аллақачон олиб борилаётган тергов ТелиаСонера ширкати ўзбек мобил бозорига кириб бориш учун Гулнора Каримовага яқин доираларга йирик пора бергани борасидаги иддаоларни текшираётганди.

Терговга асос бўлган журналистик тадқиқотлар эса Ўзбекистондан норози бўлган МТСнинг собиқ ходимларидан олинган маълумотлар билан бойитилгани ишонилади.

Гулнора Каримова ўзига қарши қўйилаётган барча айбловларни рад қилиб келган.

Бироқ, жорий йил февралида Ўзбекистон Бош прокуратураси Каримова хонимга яқин бир неча кишининг солиқдан бўйин товлаш ва валютани яшириш айблари билан ҳибсга олди.

Жорий йилнинг мартида эса Швейцария ҳукумати Каримова хонимни пул ювишда гумон қилиб шахсан унга қарши тергов очди.

МТС манбаси тилга олган "охирги пайтда юз берган сиёсий ўзгаришлар" дея туриб, Гулнора Каримованинг Ўзбекистондаги бизнес қудратига етказилган йирик шикаст ҳақида гапираётган бўлиши мумкин.

"Ведомости" хабар қилишича, Ўзбекистон Давлат алоқа қўмитаси вакили Элбек Далимов МТСнинг Ўзбекистонга эҳтимолий қайтиши борасида унга ҳеч нима маълум эмаслигини айтган. МТС вакили эса шарҳ бермаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ