Яман: ‘Ал-Қоида’га қарши жангда Ўзбек қўмондони ўлдирилди?!.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Агар, яманлик масъулларнинг сўзларига таянилса, мамлакат жанубида кечган қақшатқич жангларда тармоқнинг бир Ўзбек қўмондони дохил олти жангарисини ўлдиришган.

Уч кунлик кенг кўламли ҳарбий амалиётларнинг исломий жангари гуруҳни йўқ қилишга қаратилгани айтилади.

Агар, Ямандаги маҳаллий ҳарбий манбага таянилса, Абьян вилоятида кечган жангларда ўлдирилган Абу ал-Ўзбекий исмли қўмондон ўзбек фуқароси бўлган.

Аммо "Ал-Қоида" тармоғи яманлик масъулларнинг пайшанба кунги баёнотига ҳозирча бирор бир муносабат билдирмаган.

Шу ҳафта бошида эса, Яман Президенти мамлакатида жанг қилаётган "Ал-Қоида" тармоғи жангариларининг 70 фоизи хорижликлар эканини айтганди.

Би-би-сининг Исломий гуруҳлар бўйича эксперти Мурод Батал Шишанийнинг айтишича, тармоқнинг ўзи расмий баёнот билан чиқмагани боис, ҳозирча ўлдирилгани айтилаётган ўзбек қўмондонининг қай бир давлат фуқароси экани ҳақида аниқ сўз юритиш қийин.

Аммо, суҳбатдошимизнинг айтишича, Покистоннинг Афғонистон билан чегарадош ва Толибону бошқа исёнчи гуруҳлар бошпана топган қавмлар яшовчи Вазиристон минтақасидаги воқеаларнинг сўнгги ривожи ўзбек жангариларининг қадамлари ҳам Яманга етиб борганига далолат қилади:

"У ердаги ўзбек жангарилари ҳам қолган хорижий исёнчиларга ўхшаб дрон ҳужумлари ва Покистон Қуролли кучлари томонидан уюштирилаётган ҳарбий амалиётларнинг босими остида қолишган. Устига устак, орада Сурия инқирози ҳам кучайди. Биз ҳозир кўплаб хорижий жангариларнинг Сурияга ўтишаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Худди шу манзарада Сурия ва Яманга кетаётган ўзбек жиҳодчилари ҳақидаги хабарлар ҳам чиқмоқда", - дейди эксперт.

Суҳбатдошимизга кўра, бошқа томондан, айнан Ямандагиси "Ал-Қоида" тармоғининг энг кучли шоҳобчаси саналиши боис, уларнинг сафларида ўзбек жангарилари ҳам бор, деб ўйлашга асос беради.

"Агар, яманлик масъулларнинг баёнотларини тармоқ тасдиқлайдиган бўлса, биз бу ҳақда тўлиқ ишонч ҳосил қилишимиз мумкин бўлади", - дейди у.

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, ҳам Покистон ва ҳам Афғонистондаги Толибон ҳаракатининг яқин иттифоқчиси сифатида кўрилувчи Ўзбекистон Исломий Ҳаракати АҚШ бошчилигидаги ҳарбий иттифоқ қўшинларининг 2001 йилги ҳарбий амалиётлари ортидан, яқин-яқингача айни шу Вазиристон минтақасидан бошпана топиб келишган.

Ғарб кучларининг ҳарбий амалиётлари ҳам Толибон Афғонистон ҳудудидан бошпана берган ва АҚШ худди ўша йили Нью-Йорк ҳамда Вашингтонда уюштирилган ҳужумларга масъул деб билган "Ал-Қоида" тармоғини йўқ этишга қаратилганди.

Ўз ўрнида, Би-би-си эксперти Мурод Батал Шишанийнинг айтишича, араб ярим оролидаги "Ал-Қоида" тармоғи Саудия Арабистони ва Ямандагисининг бирикувидан ташкил топгани боис, гуруҳдаги ўзбек жангариларининг аниқ сони ҳақида бир нарса дейиш қийин.

Лекин минтақавий таҳлилчилар ҳозир Покистону Афғонистонда фаолият юритаётган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати жангариларининг сонини бир неча юз, деб тахмин этишади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Би-би-си экспертига кўра эса, Сурияда янги жиҳод жабҳасининг очилиши - тармоқ таркибидаги хорижий жангариларнинг кўпроқ тайёргарликдан ўтиш, ўз жангарилик салоҳиятларини яхшилашларига имкон берган.

Суҳбатдошимиз, ўз ўрнида, воқеаларнинг бу каби ривожи Марказий Осиё давлатлари учун хатарнок бўлиши эҳтимолини ҳам назардан соқит этмайди.

"Яман бўладими ёки Сурия ва ҳатто Вазиристоннинг ўзида ҳам, улар ўз жангарилик малакаларини ошириб, янги жангариларни ёллаб, бошқа исёнчи гуруҳларнинг дастаги ва катта миқдордаги молиявий кўмакларидан баҳраманд бўлишади. Бу эса, уларнинг ростмана жиҳодчи гуруҳга айлантиради", - дейди у.

Аммо таҳлилчининг энг сўнггида эътироф этишича, Марказий Осиё доимо "Ал-Қоида" тармоғининг диққат-марказида бўлиб келса-да, воқеаларнинг ривожи минтақадаги сиёсий ўзгаришларга боғлиқ бўлади.

Бу мавзуда батафсилроқ