Қонунлар исканжасидаги Ўзбек журналистларининг ахлоқ кодекси ишлаб чиқилмоқда

Ушбу ҳужжат журналистларнинг масъулиятини янада ошириши мумкин Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Ушбу ҳужжат журналистларнинг масъулиятини янада ошириши мумкин

Тошкентда Ўзбекистон журналистларининг одоб-ахлоқ меъёрлари профессионал кодекси лойиҳасининг тақдимоти бўлиб ўтган. Кузатувчилар барча хатти-ҳаракати қонунчилик билан тартибга солинган Ўзбекистон журналистлари учун аҳлоқ кодексига ҳожат йўқлигини таъкидлашади.

“Халқ сўзи” газетасининг маълум қилишича, тадбир иштирокчилари мазкур лойиҳа юзасидан ўз таклиф ва тавсияларини айтишган.

Давра суҳбати Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш Жамоат фонди томонидан ташкил қилинган.

Аҳлоқ кодекси журналистларнинг ахборот тарқатишдаги масъулиятини янад ошириши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.

Сўз эркинлиги чекланган Ўзбекистонда журналистларнинг ҳатти ҳаракатлари қатъий қонунлар остида мувофиқлаштирилади ва назорат қилинади.

Ижтимоий тармоқ иштирокчилари журналистлар аҳлоқ кодекси лойиҳасининг ишлаб чиқилгани тўғрисидаги хабарга фикр билдирган.

Ўзбекзабон твиттер иштирокчиларидан бири Ўзбекистон журналистларининг аҳлоқ кодекси мақсадга мувофиқ эмаслигини ёзган.

“Негаки, этика кодекси қонун билан тартибга солинмайдиган соҳаларда керак бўлади. Ғарбда ОАВ ҳақида қонун йўқ, шунинг этика кодекси керак. Ўзбекистонда журналистларнинг барча хатти-ҳаракатлари қонунчилик билан тартибга солинган. Акса урса ҳам қонун бўйича акса уради”, - дейди твиттер фойдаланувчиси.

Пойтахтдаги газеталарнинг бирида бўлим бошлиғи бўлиб ишловчи журналист Ўзбекистондаги сўз эркинлигини Шимолий Корея билан тенглаштиради.

“Ўзи мўъмин-қобил журналистлар бўлсак, ҳаттоки эркинлик бўйича Шимолий Корея,Туркманистон билан бир қаторда турсак ҳам миқ этмасак, яна қоидаларми”, - ўз ҳайратини билдиради журналист.

Ўзбекистон сўз эркинлигини чекловчи мамлакатлар қаторида олдинги ўринларни эгаллаб келмоқда.

Ҳукумат нуқтаи назарига қарши фикр билдирувчи журналистлар таъқиб остига олинади ёки турли сабаблар билан қамоққа ташланади.

Журналистларнинг фаолияти эса турли қонунлар ва қонун ости актлар билан тартибга солинади. Ўзбекистонда расман цензура йўқ эканлиги айтилса-да, журналистлар ҳар қадамда цензурага дуч келиши таъкидланади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Your contact details
Disclaimer