Ислом Каримов ёшларни ватан ҳимояси учун шай туришга чақирди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

9 май Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан Тошкентдаги Хотира хиёбонига ташриф буюрган Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов йиғилганларга ушбу куннинг аҳамияти ҳақида гапирган.

Ўзбекистонда Мустақилликдан кейин 9 май Ғалаба куни эмас, балки Хотира ва қадрлаш куни дея нишонланиб келади.

"Бугун барча ватандошларимиз, бутун халқимиз Хотира ва қадрлаш куни деб ном олган улуғ айёмни, фашизм устидан қозонилган Ғалабанинг 69 йиллигини кенг нишонламоқда, - деган Ислом Каримов журналистлар билан суҳбатда. - Шу кунларда барчамиз ўз инсоний бурчимизни адо этиб, бугунги тинч ҳаётимиз учун, мусаффо осмонимиз учун жанг майдонларида жон бериб урушдан қайтмаганларни эслаймиз, уларнинг арвоҳларини шод этиб, ўчмас хотираси олдида бош эгамиз.

Бугун орамизда соғ-саломат ҳаёт кечираётган, барчамиз учун азиз ва муҳтарам бўлган нуроний отахон ва онахонларимизга, урушда қатнашган мардларга, шу билан бирга, фронт ортида меҳнат қилиб, Ғалаба кунини яқинлаштиришга муносиб ҳисса қўшган юртдошларимизга чин қалбимдан ҳурматимни билдираман ва уларга ўз номимдан, бутун халқимиз номидан бардамлик, узоқ умр, бахтли ҳаёт тилайман, дейди Каримов.

"Мен ўзим ҳам кўп кўрганман, гаплашганман. Уруш пайтида менинг отам, бобом Тошкентда бўлган, Фарғонада бўлган деб гапирганларни эшитганман. Ўзбек халқидан кўп яхшилик кўрганман деганларни. Шундай пайтда ғурурланиб кетасан. Миннатдорлик ҳислари уйғонади. Ота-боболаримизни биз ҳам унутмаслигимиз керак. Бу авлоддан авлодга ўтиши керак. Шундан кейин халқни улуғ дейди, бошқаларга ибрат бўлади ва шу халқ билан дўстона алоқаларни боғлагиси келади".

Ислом Каримов 23 йил давомида ўзбекистонликлар эришган ютуқларда ўзининг ҳиссаси борлигидан ғурурланишини қайд этади.

"Одам яшаганда фақатгина қорнини тўйдириш учун яшамайди. Керак бўлса, янги-янги уфқларга отланиш керак, белини маҳкам боғлаб, "мана мен борман", деб майдонга чиқишга тайёр бўлиб туриш керак. Мана шунақа, айтайлик, болаларни, мана шундай фарзандларимни мен, ўзимни фарзандларим, деб кўп гапиришдан ҳеч қачон чарчамайман. Нега деганда, бундай авлодни тарбиялаш, 22 йил, мана 23 йил бўлади, насиб этса, шундай халқни тарбиялаш, бу бир кунлик иш эмас, барака топгур. Бунақа халқни тарбиялаш - авлодни тарбиялаш, дегандай. Мана энди, мана бундай авлоднинг биринчи сонини, бизлар, айтайлик, тарбияладик, ҳозир тарбиялаб чиқараяпмиз", дейди Ислом Каримов - Фараз қилинглар, мана шу пайтда 22-23га кирганлар айни шу пайтда туғилган, эски замонни билмайди. Ҳаммаси, айтайлик, компютер бўладими, бу инглиз тили бўладими, бу чет эл мамлакатларидаги ўзининг тенгдошлари билан беллашув бўладими..спортни айтмайсизларми?! Шуни кўрганда одам беихтиёр ғурурланиб кетади. Сениям меҳнатинг бор бунақа ишларда. Мана шундай хислатларга, мана шундай фазилатларга, хусусиятларга эга бўлган ва интилаётган болаларни тўхтатиб бўладими?! Бир кимдир ўйласин ва афсона гапларни йиғиштириб, кимдир шундан хулоса чиқарсин. Бу халқни ҳурмат қилиш керак. Бу халқ билан доимо дўстона алоқа боғлаш керак. Бу халқ билан дўст бўлсанг, ҳеч қачон кам бўлмайсан. Йўқотмайсан, фақат топасан, деган ақли расо бўлса агар (кулади), мен ўйлайманки, шундай хаёлда бўлган гаплар билан, керак бўлса, фикр билан яшайдиган бўлса агар, кам бўлмайди, демоқчиман"- дейди президент Каримов.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Шу гапларни айтар экан, Ўзбекистон Президенти илк бор Украина инқирози бўйича ўз фикрларини анча очиқ билдирган. Каримов бошқалар ҳисобига яшамоқчи бўлганлар, ўз қора ниятларини амалга оширишга интилаётганлар бош кўтаришидан хавотир изҳор этган.

"Айрим жойларда қон тўкилаётгани, низо ва адоватлар авж олаётгани, фашизм деган бало яна бош кўтараётгани, миллатчилик, шовинизм каби хавфли офатлар майдонга чиқаётгани, бир сўз билан айтганда, вазият тобора кескинлашиб, хавф-хатарлар ортиб бораётгани барчамизни ташвишга солмасдан қўймайди. Ғалати вазият пайдо бўляпти. Ҳеч ким урушни хоҳламайди, лекин у худди остонада таҳдид солиб турибди. Қарама-қаршиликларни ўз вақтида тўхтатиш керак. Бирор нарса йўқки, тинч йўл билан ҳал қилиб бўлмаса. Бунда сиёсий ирода зарур. Украин ва руслар доим бир-бирлари билан дўст бўлган. Тинчликда яшаб келган. Руслар украинга, украинлар русга уйланган".

"Бугунги кунда ҳар бир инсон албатта бундай ғоят хавфли ҳолатларни, шулар қаторида собиқ иттифоқ ҳудудларида пайдо бўлаётган қарама-қаршиликларни кўриб, кеча яқин дўст бўлганлар эртага ўзаро душманга, ўта хатарли вазият юзага келиб қонли урушга айланиб кетмаслигини истайди".

Бундай таҳликали вазиятда бизнинг ёндашувимиз ва қарашларимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Низомида, халқаро ҳуқуқий нормаларда белгилаб, муҳрлаб қўйилган асосий принципларни сўзсиз бажаришдир, зўравонликка, куч ишлатишга йўл қўймасликдир.

Юзага келадиган қарама-қаршиликларни, низоларни фақат сиёсий йўл, тинч воситалар билан ҳал этиш лозим, давлатларнинг сиёсий суверенитети ва чегаралари дахлсизлигининг бузилишига йўл қўймаслик зарур.

Бу бизнинг қатъий сиёсатимиздир, деган Каримов.

Бундан олдин Россия Президенти Владимир Путин собиқ иттифоқ республикалари раҳбарлари, жумладан Ислом Каримовга ҳам Ғалаба байрами муносабати билан табрик йўллаган.

"Бизнинг халқларимиз елкама-елка туриб фашистларга қарши курашдилар. Катта қурбонлар эвазига эркинлик ва муносиб келажак учун ҳуқуқларини сақлаб қолдилар. Биз ўз жонини фидо қилган миллионлаб совет кишилари, ота-боболаримиз хотирасини доимо ёдда сақлаймиз".

Улкан Ғалаба ҳақида хотира бугун ҳам халқларимизни бирлаштиради. Россия-Ўзбек алоқаларининг мустаҳкамланиши Марказий Осиёдаги хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга хизмат қилади", дейилади Путиннинг Ғалаба куни муносабати билан юборган табригида.

Шунингдек, бир кун олдин Украина масаласида жаноб Путин ўз мавқеини тўсатдан ўзгартиргани кўпчиликнинг эътиборини тортди.

Пайшанба куни Путин Украинадаги мустақилликни талаб қилаётган бўлгинчилардан референдумни орқага суриб туришни сўраган. Ҳамда Украинада 25 майга белгиланган президентлик сайловлари "тўғри йўл томон ҳаракат" эканини айтган эди.

Қрим аннексиясидан кейин Путиннинг Украина борасида сиёсати Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари томонидан тўлиқ ёқланмаган бўлса ҳам уни очиқ танқид қилиш ҳам кузатилмади.

Ўзбекистон март ойида Жаҳон ахборот агентлиги томонидан берган баёнотда Украинадаги муаммони тинч йўл билан ҳал қилиш тарафдори экани ва ҳар бир мамлакат яхлитлиги ҳурмат қилиниши лозимлигини билдирганди.