Португалия ‘Бунёдкор’ собиқ Бош мураббийини терговга тортмоқчи

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Хабарларга кўра, бразилиялик номдор мураббий Луиз Фелипе Сколари солиқдан бўйин товлашда айбланмоқда.

Аммо Бразилия миллий терма жамоасининг амалдаги Бош мураббийи бу борада умуман бошқача фикрда: Унинг таъкидлашича, ҳеч қандай қинғир ишга қўл урмаган.

Сўнгги хабар манзарасида эслатиб ўтиш жоиз, жаноб Сколари Тошкентга ишга ўтмасидан бироз аввал, яъни 2003-2008 йилларда Португалия миллий терма жамоасини бошқарган.

Бразилиялик мураббий Португалия томонининг мақсадлари ҳақида аллақачон расмий баёнот билан ҳам чиқиб улгурган.

Унинг ўз баёнотида айтишича, “дунёнинг қай бир давлатида ишлаган бўлмасин, ўз даромадлари юзасидан доимо ҳисоб бериб келган”.

Португалия томонининг даъволари эса, Бразилия мезбонлик қилаётган жаҳон чемпионатига саноқли ҳафталар қолган бир пайтда янграмоқда.

Агар, “Associated Press” ахборот агентлигига таянилса, Португалия Бош прокуратураси Луиз Фелипе Сколарига қарши аллақачон жиноий иш очган.

Аммо, бразилиялик номдор мураббийга кўра, “Ўз даромадлари ҳақида берган ҳисоботлари тўппа-тўғри эканига ишончи комил”.

“Агар, қандайдир хато ўтган бўлса, бу менинг айбим эмас”, - дейди жаноб Сколари.

Ҳамма гап нимада?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Голландия ва Португалия оммавий-ахборот воситаларига ишонилса, ҳамма гап жаноб Сколарига португал миллий терма жамоасига Бош мураббийлик қилган пайтда тўланган $10 миллион АҚШ долларида.

“Het Financieele Dagblad” номли голланд нашри эса, ҳатто, бу хусусда бир ҳужжат ҳам чоп этилган.

Бу ҳужжатда даъво қилинишича, бразилиялик мураббий суратлардан фойдаланиш ҳуқуқи орқасидан топган даромадини яширган ва Майамидаги банк ҳисобига ўтказган.

Хабарларга кўра, португалиялик терговчилар пул ўтказиш жараёнида кимлар иштирок этгани хусусида маълумот сўраб, расман мурожаатнома ҳам йўллаб улгуришган.

Воқеаларнинг бу каби ривожи манзарасида эса, жаноб Сколари, “адолат ҳаммасининг тагига етишига” умид қилмоқда.

Энг сўнггида эслатиб ўтиш жоиз, Бразилия миллий терма жамоаси 2002 йилда унинг мураббийлиги остида жаҳон чемпионлигини қўлга киритган.

Ўтган ҳафта эса, Луиз Фелипе Сколари бу йилги кубок учун беллашувчи жамоаси аъзолари таркибини расман эълон қилганди.

Бразилиялик номдор мураббий

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Луиз Фелипе Сколари мамлакати миллий терма жамоасига 2001 йилда Бош мураббий этиб тайинланган бўлса, орадан йил ўтиб, 2002 йилда Бразилияни жаҳон чемпиони қилган.

Аммо миллий терма жамоанинг оламшумул ғалабаси ортидан, Луиз Фелипе Сколари Бош мураббийликдан кетган.

Жаноб Сколари 2004-2008 йилларда Португалия миллий терма жамоаси билан ишлаган ва жамоани Оврўпо чемпионатининг финал, жаҳон чемпионатининг эса, ярим финал босқичигача олиб чиққан.

Шундан сўнг россиялик миллиардер Роман Абрамовичнинг "Челси"сини бошқарган, аммо клубнинг кетма-кет муваффақиятсизлиги ортидан, бир йил ўтмай, ишдан бўшатилган.

Луиз Фелиппе Сколари мураббийлик фаолияти давомида Саудия Арабистони, Япония, Қувайт ва Ўзбекистонда ҳам ишлаган.

"Бунёдкор"

Фото муаллифлик ҳуқуқи stadion.uz

Луиз Фелипе Сколари 2009-2010 йилларда ўша пайтда Осиёнинг энг серхарж ва осмонўпар жамоаларидан бири ҳисобланган Тошкентнинг "Бунёдкор" жамоасига ҳам Бош мураббийлик қилган.

Клуб ўзининг қитъа ва жаҳон чемпиони бўлиш орзусини амалга ошириш учун бразилиялик мураббий билан бир ярим йилга шартнома имзолаганди.

Аммо Осиё чемпионлар лигасидаги кетма-кет мағлубияти ортидан "дунёнинг энг қиммат" ва донгдор мураббийларидан бири Луиз Фелиппе Сколари "Бунёдкор"ни бир йил ўтмай, муддатидан илгари тарк этганди.

Ўша пайтда Оврўподаги айрим нашрлар "Бунёдкор" билан шартномаси Луиз Фелипе Сколарини "дунёдаги энг қиммат мураббий"га айлантиргани ҳақида ёзишганди.

Лекин клубнинг ўзи жаноб Сколари билан шартнома қийматини расман очиқламаган.

Айрим веб саҳифаларда чоп этилган хабарларда бразилиялик мураббийнинг "Бунёдкор"дан кетишига асосий ҳомийларидан бири деб кўрилган "Зеромакс" ширкати ҳисобларининг музлатилиши сабаб бўлгани ҳам айтилганди.

Аммо Би-би-си билан суҳбатида клуб воизи ушбу хабарларни тасдиқламаганди.

Ғарб матбуотида ушбу ширкат президент Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг номи билан боғланарди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ