Россия фуқаросини ўлдирганликда гумонланаётган шахс Ўзбекистондан “ўз хоҳиши билан” қайтган

Москвадан Тошкентга қочган Жаҳонгир милиция ушлаганидан сўнг "ўз хоҳиши билан" ортга қайтган Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Москвадан Тошкентга қочган Жаҳонгир милиция ушлаганидан сўнг "ўз хоҳиши билан" ортга қайтган

Жаҳонгир Аҳмедов қариндошларининг қистови остида “ўз хоҳиши” билан Москвага учоқда учиб келгани айтилмоқда. Россиялик 22 ёшли йигитни ўлдириб қўйишда гумон қилинаётган меҳнат муҳожири жиноят содир этилгандан сўнг Тошкентга учоқ орқали қочиб кетганди.

ИТАР ТАСС ахборот агентлигининг ёзишича, 25 ёшли Жаҳонгир Аҳмедов Россия ҳуқуқ тартибот органларининг сўровига биноан 15 май куни Тошкентда қўлга олинган. Россия ИИВ даги манба Жаҳонгирнинг тез кунларда Москвага етказилиши мумкинлигини билдирган.

Олдинроқ гумонланувчининг Россиядаги қариндошлари ҳам уни қайтиб келишга кўндираётгани маълум қилинганди.

Тошкентда қўлга олинган Аҳмедов ўша оннинг ўзидаёқ Москвага қараб учган. Расмий хабарларда унинг ўз хоҳиши билан қайтгани айтилмоқда. 16 май ярим тунда гумонланувчини Домодедова аэропортида Москва полицияси қўлга олган.

Сиздан угина биздан бугинами?

Жаҳонгирнинг Москвага “ўз хоҳиши билан” учиб кетгани ўзбекзабон ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлди.

“Россия Федерациясининг бирорта фуқароси "Пахтакор" мухлисини ўлдириб, Москвага қочганида Россия ўз фуқаросининг бирор тола сочини ҳам бермасди, менимча”, деб ёзади Шермуҳаммад.

“Умуман, мен Жаҳонгир Аҳмедовнинг ушлаб берилганини қўллаб-қувватлайман. Чунки битта тиррақини деб миллиондан ортиқ ўзбекнинг тақдирини хавф остига қўя олмайман”, дейди @kainbek.

Ўзбекистон Рееспубликаси Жиноят Процессуал кодекси 603 - моддасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлган шахсни хорижий давлатга ушлаб беришни рад этиш ҳоллари ҳақида ёзилган.

Агар ўзига нисбатан сўров келиб тушган шахс Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлса хорижий давлатга ушлаб беришни рад этилади.

Кузатувчилар Ўзбекистон ўз фуқароларини Россиядан экстрадиция қилишда расмий Кремль билан яхши муносабатларга эга эканлигини айтишади. Шу сабабдан ҳам Тошкентда милиция томонидан ушланган Жаҳонгир Аҳмедовнинг “ўз хоҳиши билан” Москвага қайтиб кетиши уюштирилган бўлиши мумкин.

“Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, Россияга ушлаб бериш тўғрисида йилига 500 дан ортиқ сўров юборамиз. Россия вакилларининг сўзларига ишонадиган бўлсак, Россияга энг кўп сўров юборадиган давлат ҳам Ўзбекистон. Россия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар Ўзбекистон сўровига одатда ижобий жавоб қайтаришади. Ўртамизда шартнома ҳам бор”, деб ёзади ҳуқуқшунос Хушнуд Худайбердиев. .

Ҳуқуқшуносга кўра, "Сиздан угина, биздан бугина" деган принцип жиноят ишлари бўйича халқаро ҳаамкорликда асосий ўрин тутади.

Футбол фанатининг ўлими

22 ёшли Россия фуқароси Леонид Сафьянниковнинг ўлими 13 май куни у яшайдиган шаҳарчадаги бозорга кираверишда содир бўлган.

Дастлабки маълумотларга кўра, Сафьянников ўз машинасини бозорга кираверишда тўхтатиб унга кириб чиқувчиларга ҳалақит берган.

Бозорга машинаси билан киришни истаган икки мигрант ва Сафьянников ўртасида можаро келиб чиқади. Гувоҳларнинг сўзларига кўра Леониднинг орқасидан берилган бир мушт зарба унинг ҳушини ёқотишга ва кейинчалик ўлимига сабаб бўлган.

Леонид Сафьянниковнинг Россияда энг ашаддий футбол фанатларига эга клублардан бири “Спартак” нинг мухлиси эканлиги аниқлангач, ушбу иш янада шов шувга сабаб бўлди.

Россия оммавий ахборот воситалари хабарларда ўлдирилган шахснинг футбол фанати эканлигига ва гумонланувчи шахсларнинг ўзбек муҳожирлари эканлигига алоҳида урғу қаратиб хабарлар чиқара бошлади.

“Спартак” фанатлари эса сафдошларининг ўлимини хотирлаш мақсадида ҳодиса жойига тўпланишди ва бозор атрофидагии меҳнат муҳожирлари ишлайдиган қурилиш объектларига ҳужум қилишга ҳаракат қилди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Your contact details
Disclaimer