Ўзбекистонда ушланган рус бизнесмени ҳузурига ҳимоячи қўйилмаяпти

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc
Image caption Поздеев 13 майда ҳибсга олинган

Ғарбий Урал машинасозлик концернининг президенти Александр Поздеевнинг ҳамон Ўзбекистонда ҳисбда ушлаб турилгани ҳақида хабарлар келмоқда.

У 13 май куни ҳибсга олинган.

Россия Ташқи Ишлар вазири жаноб Поздеев билан кўришиш учун на унинг ҳимоячисига ва на Россия элчихонаси вакилига рухсат берилганидан норозилик ноталарини йўлламоқда.

Бугунга қадар Москва Тошкентга айни иш юзасидан тўрт карра норозилик мурожаатини йўллагани айтилмоқда.

Аммо расмий Тошкент бу ноталарга жавоб бергани йўқ.

Ўзбекистонда йиллар мобайнида турли лойиҳаларни амалга ошириб келган ва жаҳондаги энг йирикларидан, дея тақдим этилган осма юк ташиш йўлини қуришда иштирок этаётган ширкат раҳбари нима учун ҳибсга олинди?

Би-би-си бу борада биз Ғарбий Урал машинасозлик концерни вице- президенти Виталий Суханосовдан сўраган.

Виталий Суханосов: Унинг ҳибсга олиниши ҳақида кўп нарсани биламиз, лекин яна бошқа кўп нарсалар ҳақида фақат тахмин қилишдан бошқа иложимиз йўқ. Александр Поздеевни Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг мажлисига бизнинг мамлакатдаги сармоя лойиҳаларимизни муҳокама қилиш учун таклиф қилишган эди. Мажлис Иқтисод вазирлигида ўтказилган ва шундан сўнг уни ҳибсга олишган. Ана шу мажлисга уни бизнинг томонимиздан сармояланган лойиҳаларнинг ҳолати ва бажарилишини тезалаштириш масалаларини кўриб чиқиш учун таклиф қилишганди.

Би-би-си: Ана шу мажлис ўтиши биланоқ уни ҳибсга олишдими?

Виталий Суханосов: Ҳа, бу мажлис ўтказилган. Унда Ўзбекистоннинг бизнинг ширкатимизга қарзи масаласи кўтарилган. Эртасигаёқ уни ҳибсга олишган.

Би-би-си: Унга нисбатан қандай айблар қўйилаётгани ҳақида нималар маълум?

Виталий Суханосов: Расмий манбалардаги баъзи маълумотларга кўра, уни Ўзбекистон манфаатларига зид битимларни тузишда айблашмоқда. Афсуски бунинг тафсилотлари бизга маълум эмас, айнан қандай битимлар ҳақида гап кетаяпти, уларни ким ишлаб чиққан, қачон имзоланган, бу борада фақат тахмин қилишимиз мумкин.

Би-би-си: Лекин Ўзбекистон билан амалга ошираётган лойиҳаларингизни билсангиз керак, бу қандай лойиҳалар?

Виталий Суханосов: Биз Ўзбекистонда Президентнинг фармони асосида лойиҳаларни амалга оширишда суб-пудрадчимиз. Мамлакатдаги Деҳқонобод Калий ўғитлари ишлаб чиқариш корхонасини кенгайтириш лойиҳасида суб-пудратчимиз. Шунингдек,ўша корхонанинг йирик осма транспорт йўлини қуриш учун масъулмиз. Бу осма йўл лойиҳаси айни соҳада жаҳонда охирги 10 йилда амалга оширилган энг йирик лойиҳалардан биридир. Биз Ўзбекистонда 2007 йилдан бери ишлаб келмоқда эдик. Яна бошқа қатор лойиҳалармиз бор.

Би-би-си: Унга қўйилган айбловлар тафсилотлари ва аҳволини билиш ҳаракатлари қилинмоқдами?

Виталий Суханосов: Ҳа, лекин афсуски, унинг олдига ҳеч кимни қўймаяптилар. Сабаби бизга номаълум. Элчихона, консуллик вакиллари ва ҳатто ҳимоячиси олдига қўйилмаяпти. Қатор ноталар жавобсиз қолмоқда. Фақатгина Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигидан Ўзбекистон манфаатларига зид битимларни тузганлик ва моддий зарар етказганлида айбланаётгани ҳақида биттагина расмий мактуб олганмиз, холос.

Би-би-си: Сиз айтган мажлисда бу айбловлар ҳақида бирон нарса айтилганмиди?

Виталий Суханосов: Мажлисда коннинг ривожланиши ва қатор бошқа лойиҳаларни муҳокама қилишган. Бундан ташқари Ўзбекистон томонидан шу вақтгача амалга оширилмаган тўловлар масаласи кўтарилган. Тўловларни бажариш мушкул эканлигини, калий ўғитлари бозорида аҳвол қийин эканлигини биз тушунамиз, нархлар тушиб кетган. Биз бу тўланмаган ҳақлар муаммосини қандай ҳал қилиш йўлларини изламоқда эдик. Пул ўрнига калий билан тўлаш йўлини , оз-оздан тўлаб боришни таклиф қилгандик. Чунки қарзлар миқдори жуда улкан. 2011-13 йиллар мобайнида Ўзбекистон томони бизга 36 миллион доллар қарз бўлиб қолган. Мажлисда ана шу масала кўтарилган. Бу талабга аниқ жавоб олинмаган, лекин ҳа, тўллов йўлларини ишлаб чиқиш керак, деган умумий жавоб айтилган. Бу мажлис 12 май соат 12 ларда ўтказилган бўлса, эртаси куниёқ бизнинг Ўзбекистондаги ваколатхонамиз офисига уч киши келиб, Александр Поздеевни Прокуратурага бориши кераклигини айтиб, олиб кетишган. Ўшандан бери ундан хабар йўқ. Биринчи куни тунда бизга телефон қилиб, ҳимоячи ёлланглар, деб айтишди. Биз ҳимоячи қидира бошлаганмиздан кейин, яна ўзлари телефон қилиб, ўзимиз давлат томонидан ҳимоячи тайинладик, дейишди. Ўша ҳимоячи Поздеевнинг оддига биринчи куни кириб чиққан, лекин ўшандан бери уни ҳам киритишмаяпти…

Би-би-си: Ўзбекистон томони уларнинг манфаатларига зид битимлар тузилишида айблаяпти дедингиз. Бундай даъволар авваллари ҳам янграганми, ёки биринчи маротаба мана Президентингизнинг қамоққа олинишидан сўнг янграяптими?

Виталий Суханосов: Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ, ҳар қандай битим мамлакатда аккредитациядан ўтказилган махсус консалтинг ширкатларининг текширувидан ўтказилади. Улар ҳар бир лойиҳанинг қиймати борасида ўзларининг холис хулосаларини берадилар. Бизнинг ҳар бир контрактимизда бундай ҳулосалар бор эди. Шунинг учун бундай даъволарнинг ҳозирда айтилиши ғалати. Нима учун битимларни имзолаётганда улар лойиҳа нархига рози эдилар ва ҳозирда бу нархлар уларни қониқтирмаяпти? Ана шуниси ғалати.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002