Ўзбекистонда Россия ширкатининг раҳбари ҳибсга олинган

Фото муаллифлик ҳуқуқи zumk.org

Россиянинг бир қатор интернет нашрларига кўра, Ўзбекистонда Россиянинг " Ғарбий Урал машинасозлик концерни" (ГП ЗУМК) президенти ва "ЗУМК Инжиниринг" ширкатининг бош директори Александр Поздеев ҳибсга олинган.

Хабарда айтилишича, Поздеевнинг ушланиши Ғарбий Урал машинасозлик концернининг Ўзбекистондаги фаолияти билан боғлиқ.

Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси Поздеевнинг ҳибсга олинганини Би-би-сига тасдиқлаган ва бунинг сабаблари ўрганилаётганини айтган.

Элчихонанинг исмини айтмаган ходимига кўра, Поздеевга тўрт модда бўйича бир қанча айбловлар қўйилмоқда.

Поздеев калийли ўғит заводига алоқадор иш бўйича прокуратурага чақирилган ва сўнгра ҳибсга олинган.

Душанба куни тушдан кейин маҳкама Поздеев ишини кўриб чиқиши кутилади.

Ўзбекистон прокуратураси ушбу хабарни ҳозирча изоҳламади.

Поздеев ЗУМК томонидан амалга оширилган шартномалар баҳосини сунъий равишда оширганликда айбланган. РИА НОВОСТИга кўра, концерн лойиҳаларининг Ўзбекистондаги лойиҳалари баҳоси 200 миллион атрофида. 2007-2014 йиллар ичида ширкатнинг Ўзбекистонда 280 миллион доллардан ортиқ баҳога етнг лойиҳалари имзоланган.

ЗУМК ширкати Ўзбекистонда Ўзбекистонда қатор кимёвий, кўмир ва тоғ-кон саноати соҳаларида турли лойиҳаларни амалга ошириб келади. Жумладан Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи учун юк ташишга мўлжалланган 33 чақиримлик канат йўлини қуришни зиммасига олган.

Шунингдек, Навоий ва Ангрен конларида замонавий техник воситалар билан жиҳозлаш ишларини олиб боради.