Мажбурий меҳнат йилига ‘150 миллиард доллар даромад келтиради’

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Бу каби улкан рақамлар Халқаро Меҳнат Ташкилотининг ўзи томонидан келтирилган.

Агар, халқаро ташкилотнинг тадқиқотларига таянилса, мажбурий меҳнат орқасидан олинаётган даромаднинг миқдори аввал хаёл қилинганидан кўра анча кўп бўлиб чиққан.

Вазият бу қадар тус олганига ўзи гувоҳ бўларкан, Халқаро Меҳнат Ташкилоти дунё ҳукуматларини мазкур муаммога барҳам беришга ҳам чақиради.

Ушбу халқаро ташкилот ҳисоб-китобларига кўра, бугунги кунда жаҳон бўйлаб 21 миллионга яқин одам мажбурий меҳнатда банд.

Уларнинг орасидан, айниқса, меҳнат муҳожирларининг анчайин қалтис аҳволда эканликлари айтилади.

Меҳнати суиистеъмол этилаётганларнинг ярмидан кўпроғи эса, Осиё қитъаси ҳиссасига тўғри келаркан.

Қарийб 20 фоизчаси Африка ва яна 10 фоизга яқини Лотин Америкасида тер тўкишаркан.

Женевада бўлган мухбиримиз Иможен Фоулкснинг хабар беришича, сўнгги тадқиқоти натижаларидан, ҳатто, Халқаро Меҳнат Ташкилотининг ўзи ҳам ҳайратга тушган.

“Янги ҳисобот ортидан, одамларнинг ноқонуний савдоси, мажбурий меҳнат ва замонавий қулликнинг бугунги аҳволи ҳақида қарашларимиз ўзгарди”, - дейди ташкилот Бош котиби Гай Райдер.

Агар, Халқаро Меҳнат Ташкилотининг хулосасига таянилса, мажбурий меҳнат орқасидан топилаётган даромаднинг бир тийини ҳам ишчиларнинг чўнтакларига бориб тушмайди ва ундан ҳеч ким солиқ ҳам тўламайди.

Халқаро ташкилотга кўра, шунча улкан даромаднинг учдан икки қисми тана савдоси, қолгани эса, асосан, турли маиший юмушлар, қишлоқ хўжалиги ва қурилишларда тўкилаётган тер орқасидан келади.

Ўз ўрнида, Халқаро Меҳнат Ташкилотининг тан олишича, мажбурий меҳнат асосан уюшган жиноятчи тармоқлар томонидан назорат этилади ва шу боис ҳам, буни жиловлаш жуда қийин.

Ўзининг янги ҳисоботи ортидан, ташкилот дунё ҳукуматларини мазкур муаммонинг илдизига барҳам бериш, қашшоқликни аритиш, касб-малака ўрганиш имкониятлари ва янги иш ўринларини яратишга ҳам чақиради.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Топилган даромад тақсимоти

$99 миллиард – ноқонуний тана савдоси

$34 миллиард - қурилиш, ишлаб чиқариш, тоғ-кон саноати ва маиший хизматлар

$9 миллиард - қишлоқ хўжалиги, шу жумладан, ўрмончилик ва балиқчилик

$8 миллиард – соҳиблари томонидан умуман ёки етарлича пул тўланмайдиган мажбурий уй хизматчилиги

Ўтган йили якунда эълон қилинган “Глобал қуллик ҳисоботи” хулосаларига таянилса, ҳозир жаҳон бўйлаб камида 30 миллион одам қулликда яшаяпти.

Бу рақамлар дунёнинг 162 вазиятдаги умумий манзарани ўзида акс эттиради.

Худди шу вақтда Ғарб нашрларида чоп этилган айрим мақолаларда эса, Ўзбекистонда ҳамон қулликка тенг мажбурий пахта меҳнати давом этаётгани ва бунинг ортидан, ҳукумат катта миқдорда даромад кўраётгани ҳақида ёзилганди.

Маҳаллий кузатувчиларга кўра эса, Ўзбекистонда теримчилар ҳамон қашшоқликда яшашади ва уларга мабодо ҳақ тўлашса ҳам, қандайдир арзимаган миқдорда пул беришади.

Ўзбекистонда ҳозир ёш болалар пахта теришга мажбурланмайди.

Аммо ўспирин ёшидагилари катта сонда бу ишга жалб этилишлари Ўзбекистондан олинаётган хабарлардан маълум. .

Кузатувчиларнинг таъкидлашларича, Ғарб етарлича истак-ирода кўрсатмаётгани учун ҳам Ўзбекистонда аҳвол ўзгармаган.

Ўз ўрнида, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг Қозоғистон ва Россияда қулликка тушиб қолишаётгани ҳоллари ҳам бор гап.

Бу каби мардикорлар паспортларининг хўжайинлари томонидан тортиб олиниши, узоқ соатлаб ва дам олиш кунларисиз ишлатилиши, абгор яшаш шароитлари ва кўп ҳолларда уларга ойлаб маош берилмаслиги - замонавий қулликнинг жиҳатлари сифатида эътироф этилади.

Бу мавзуда батафсилроқ