Хитой Марказий Осиё ва Россияни “ишончли” ҳамкорликка чорламоқда

Президент Ислом Каримов 20-21 май кунлари Шанхайда Осиёда Ҳамкорлик ва ўзаро ишонч бўйича Кенгаш деб номланган ташкилотнинг саммитида иштирок этиш учун Хитойга етиб борган.

"Синхуа" ахборот агентлиги 20 май куни Ислом Каримов ва Хитой президенти Си Жинпин ўртасида учрашув бўлиб ўтганини хабар қилган.

Синхуага кўра, Президент Ислом Каримов Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги муносабатлар ҳар томонлама кенг ривожланиб бораётганини қайд этиб, Си Цзиньпинни Ўзбекистоннинг "чин дўсти" деб атаган. Ўзбекистон Хитойнинг узоқни кўзловчи стратегиясидан илҳомланишини ҳамда Хитой Ўзбекистоннинг ишончли ҳамкори эканини айтган.

Ўз навбатида Хитой Президенти Си Жинпин "Мен сиз билан яқин алоқани, икки томон учун манфаатли бўлган масалалар бўйича фикр алмашинувни ва Ўзбекистон-Хитой муносабатларини янада ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга тайёрман", деб қайд қилган.

Ўзбекистон ва Хитой савдо, иқтисодий, энергетика соҳаларида ҳамкорлик қилиб келади. Хитой раҳбари инфратузилма соҳасидаги ҳамкорликлар, Хитой-Марказий Осиё газ қувури лойиҳасини ривожлантиришга чақирган.

Украина масаласи

Бугунги кунда Осиёда Ҳамкорлик ва ўзаро ишонч бўйича Кенгашга 24 давлат аъзо. Тўққиз мамлакат ва тўрт халқаро ташкилот унинг кузатувчилари ҳисобланади.

Шанхайдаги саммит Украина инқирози бошланганидан буён Россия, Хитой ва Марказий Осиё республикалари раҳбарларининг илк юзма-юз кўришишларидир.

Ушбу саммитда жаноб Каримов Украинадаги инқироз бошланганидан буён илк бор Президент Путин билан учрашишидир.

Ўзбекистон Қримнинг Россияга қўшиб олинишини тан олмаган ва Украина мустақиллигини ҳимоя қилиб чиққан.

Қримни Россия ўзига қўшиб олиши Қозоғистон томонидан тушуниш билан қабул қилингани хақидаги баёнот тарқатилди.

Сўнгги ойларда Россия амаллари бутун минтақа мамлакатлари сиёсий доираларида хавотир билан кузатилаяпти, дейиш мумкин, балки Кирғизистон ва Тожикистон томонидан Украина борасида расман баёнот эълон қилинмагани шу билан изоҳланар.

Ўзбекистон Россия мавқесига қарши чиққан минтақадаги ягона давлат бўлди, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистоннинг Украинанинг ҳудудий яхлитлиги тарафдори экани хақидаги баёнот билан чиқди.

Аксар кузатувчиларга кўра, халқаро минбарларда аксар масалаларда Россия билан Хитой елкама-елка туришига қарамасдан, расмий Пекин Россиянинг Украинага нисбатан юритган сиёсатини дастаклашни истамайди, Хитой ўзида Тибет ёки Шинжон сингари нозик нуқталар борлигини яхши билади.

Саммитга мезбонлик қилаётган Хитой раҳбарияти "Осиёда Ҳамкорлик ва ўзаро ишонч буйича Кенгаш" деб номланган ташкилотни энди бундан кейин янада кучайтирмоқчи эканларини айтмоқдалар.

Хабарларга кўра, расмий Пекин бу саммитни тарихий саммит бўлиб қолишига интилмоқда, Хитой томонидан жуда жиддий таклифлар ўртага ташланади.

"Биз бу саммит оркали мамлакатларга Осиёда хавфсизлик ва ҳамкорлик борасида фикрлар алмашадиган платформа таклиф қиламиз", деб айтган Хитой Ташқи ишлар вазири ўринбосари Ченг Гуопинг.

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев ҳам саммит бошланиши олди Шин Жинпин билан учрашиб, икки томонлама ҳамкорликни муҳокама қилган.

Назарбоев Қозоқ-хитой муносабатларида иқтисодий ҳамкорлик асосий ўрин тутишини таъкидлаган. Қозоқ раҳбари 2016 йилга бориб товарайирбошлашни 40 миллиард долларгача етказиш режаларини эслатган.

Россия ва Хитой муносабатлари

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Украинадаги воқеалар туфайли Ғарб билан совуқлашган муносабатлар манзарасида Владимир Путин Шарқ, хусусан Хитой билан ҳамкорликни ривожлантиришга эътиборни қаратмоқда.

Хитой Президенти билан учрашган Путин дастлабки музокараларда Украина масаласини муҳокама қилган.

Иккала давлатнинг биргаликдаги қилган мурожаатида Украина инқирозидан хавотирларини изҳор этганлар ва Украинадаги барча минтақаларни музокараларга киришишга даъват қилганлар.

Шунингдек, Москва ва Пекин Россия газини Хитойга экспорт қилиш масаласи бўйича "сезиларли силжиш"га эришдилар, деб айтган Путиннинг матбуот сўзчиси Дмитрий Песков.

Песковга кўра, газ нархи бўйича томонлар баъзи нуқталарни ҳал қилиб олишлари керак бўлади.

Кузатувчилар фикрича, АҚШ ва Оврўпо билан ёмонлашган муносабатлар манзарасида Россия мамлакат иқтисодида муҳим ўрин тутадиган энергоресурлар нархи бўйича Хитойнинг илгари қабул қилинмаган таклифларига ёнбосиши мумкин.

Россия ва Хитой ўртасида ҳарбий-техник ҳамкорлик борасидаги келишувлар тақдири ҳозирча номаълум.

Россияга киритилган санкциялар орқасидан икки давлатнинг музокараларда қандай келишувларга келиши АҚШ ва Оврўпони қизиқтириши табиий.

Владимир Путиннинг ўзи ҳозирда Россия-Хитой ҳамкорлиги минг асрлик тарихи давомида энг яхши нуқтасига етганини таъкидлаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002