Шоирингдан айланай, элим!

"Гап дўкони"га марҳамат!

Мен кўп йиллар аввал Эски шаҳарда алмисоқдан қолган нарсаларни сотиб тирикчилик қилардим, ростини айтганда ҳар бир эски ашёга алоҳида меҳр кўрсатиб, йилтирагунча ишқаб кейин сотувга қўярдим. Дангалини айтганда, бу ҳозир русум бўлган "антиквар" дўконлар қилаётган ишни энг аввал мен бошлаганман десам ҳам бўлаверади. Кейин ёмғирдан сўнг қўзиқориндек гуриллаб чиққан бойвуччалар бу ишни илиб кетиб, мени синдиришди. Кўп йил ҳар хил майда-чуйда ишлар қилдим.

Бир кун калламга ажойиб фикр келди, бизда ҳозир ким кўп, беҳудага "гап сотувчи" кўп. Одамларнинг умри мажлисларда гап сотиш билан ўтиб кетяпти. Лекин "гап сотволаман" деган одамни учратганмисиз? Мен шу пайтгача учратмабман.

Хуллас, кутилмаган "бизнес" бошладим, яъни "Гап дўкони" очдим. Шояд бу билан одамлар мушкулини енгил қилсам.

Гап сотиб олишнинг мазмуни шуки, ҳасратидан чанг чиқиб юрганларнинг гапига ҳам кимдир қулоқ тутиши керакку. Улар ҳам ичидагини айтиб енгил тортсинми, ахир. Энди бунинг пулли хизмат эканига келсак, бунда ҳам мантиқ бор. Одатан, одамлар қўшиб-чатиб, турли уйдирмаю бўҳтонлар қўшиб гапиришга мойил. Билмадим, бундан нима маза топади улар, лекин ҳамма шунга ишқибоз. Агар мен уларнинг дардини тинглаганим учун пул олсам, улар ақчани қизғонганидан фақат юрагини чўғдек куйдирган дардинигина айтиб, ошиқча олди-қочди қилиб ўтирмайди. Кўпроқ гапирса кўп, камроқ гапирса кам пул тўлайди. Ҳасратини айтиб енгил тортса, берган пулидан ҳам рози бўлади. Маним ишим фақат чидаб бериш.

Ишни замонавий услубда йўлга қўйибман, дўконимга келган мижоз пулини нақд тўлайди, телефон ёки интернет орқали боғлангани эса пулини телефонимга тушириб қўяди. Ишни энди бошладим, мижозларим тез кунда кўпайиб кетади деган умиддаман. Ноумид шайтон.

Бахтимни қарангки, иш бошлаганим ҳақида эълон берган кунимоқ биринчи мижоз дардини йўллабди.

Шоирингдан айланай, элим!

Кеча ва бугун Тошкентнинг Ғафур Ғулом номидаги машҳур истироҳат боғида "Китоб байрами" ўтказилмоқда. Ёзувчию шоирлар иштирокида мажлиснамо бир учрашув ва ўта расмий ва китобий гапларни айтмаганда, янги нашрдан чиққан китобларнинг кўргазмаси, албатта, кўзни қувнатади. Интернет ривож топиб, электрон китоблар кўпайиб боришига қарамай, қўлингга олиб, салмоқлаб, варақлаб ўқиладиган китоб қадри ҳамиша баланд бўлиб қолаверади, назаримда.

Бироқ "Китоб байрами"да қатнашар эканман, халқни, айниқса ёшларни ёзувчию шоирлардан бездираётган бир одат пайдо бўлгани, ҳаттоки, "бизни шоирлардан қутқаринг" каби садолар ҳам янграй бошлагани кўпдан буён кўнглимни хижил қилиб келаётганини айтмасам бўлмас.

Аввало, каминани адабиёт ва маърифатга қарши кимса сифатида қабул қилмасликлари учун айтишим керак-ки, эрталаблари оғир сумкасини елкасига осиб мактабга шошаётган болани, метро, автобусми ва ёки бозорда газет ёхуд китоб ўқиётган кимсани кўрсам, дунё кўзимга тугал кўриниб, кайфиятим кўтарилади.

Бир куни қурилиш ташкилотида ишлайдиган танишим ёнига борсам, полда уч-тўрт пачка китоб чанг босиб ётибди. Табиийки, бу не аҳвол, нега китобга бу қадар ҳурматсизлик, дедим. "Ҳа, бизга хизмат кўрсатадиган банк раҳбари шеър ёзар экан, яқинда китоб чиқариб, шаҳардаги ҳамма ташкилотларга ўтказди, олмай бўладими, банкдан пулимизни олишда қийналиб қолишимиз мумкин," деди. Кейин яна қўшимча қилди: "Ўтган ой ҳам элликта китоб олганмиз, вилоят бошқарма бошлиғимизнинг хотини ҳам шеър ёзар экан".

Кейин ўйланиб қолганимни кўриб тушунтирди, битта китоб таннархи 2 минг сўм бўлса, сотилиши 5 минг экан. 5 минг нусхада чиқарилган китоб 15 миллион нақд фойда келтирармиш.

Энди мактаб ва коллежларда мажбуран сотилаётган китоблар ҳақида-ку айтмай қўя қолай. Ўқитувчи ва ўқувчилар "шоирларни бўралаб сўкиб ётибди" деди менга бир мактаб ўқитувчиси. Ҳа, айнан шундай деди у. "Уларнинг устидан кимга арз қилса бўлади?" деб ҳам сўради.

Мажбурий-ихтиёрий равишда сотилаётган бу китобларнинг бадиий савияси ҳақида ҳеч кимнинг иши йўқ. Бу китоблар орасида ўқувчи боланинг "тетапоя" шеъридан тортиб, ўртамиёна амалдорнинг отаси, оилавий шажараси ёки онаси ҳақидаги рисолалар ҳам бор, фақат китобнинг бошида президентнинг маънавият ҳақидаги гапларидан иқтибос келтириб қўйилса бўлди.

Ўтган ҳафта бир тиббиёт коллежи талабаси билан суҳбатлашган эдим, у деярли ҳар икки кунда ҳар хил китоблар учун мажбурий пул йиғилишини айтди. Ўтган ҳафта гуруҳимиздан олтита китоб учун 42 минг сўм йиғилди, дейди у. Китобларни ўқиб кўрасизларми, деб сўрадим. Китоблар коллежимиз кутубхонасида туради, лекин баъзиларини олиб ўқиймиз, бунақалари жуда кам, дейди у.

Албатта, улар орасида халқ яхши кўрадиган чинакам истеъдод эгаларининг китоблари ҳам бор. Бундай китобларни кўплар ихтиёрий равишда, керак бўлса қидириб юриб сотиб олади. Бироқ қолганларичи?

Ота-онаси сўмма-сўм қилиб йўлкира ва овқати учун берган пулига ўзи ҳеч қачон ўқимайдиган китобни мажбуран сотиб олган талаба тушликсиз қолганидан кейин шоир ҳақида нима деб ўйлайди?!

Оммавий тус олаётган "китоб бизнеси" туфайли халқнинг яхши шоирлари ҳам ҳаваскор шоир-бизнесменлар касрига қолиб, бирдек сўкиш эшитмаяптимикин.

Қолаверса, бир пайтнинг ўзида қурувчи, пахтакор, йўл созловчи ва фаррош сифатида ҳам ишчи кучи базаси бўлган мактаб ва коллежларни энди китоб бизнеси билан силласини қуритиш яхшимикин...

Истироҳат боғида китоблар кўргазмасини айланар эканман, калламда шу фикрлар ғужғон айланарди.