МТС: Ўзбекистонга қайтиш учун фақатгина бир шарт қолди

Фото муаллифлик ҳуқуқи mts.ru

Россиянинг энг йирик мобил алоқа ширкатларидан бири бўлган МТС Ўзбекистонга қайтиш борасида деярли келишувга эришганлигини маълум қилди.

Россия матбуоти МТСга эгалик қилувчи АФК "Система" раҳбари Владимир Евтушенковнинг бу ҳақдаги сўзларидан иқтибос келтирган.

"Биз Ўзбекистонга қайтиш учун деярли ҳамма шартларни келишиб олдик. Фақатгина бир муҳим шарт қолди. Улар бизнинг қайтишимизни жуда хоҳлашяпти. Агарда ана шу шартни ҳам келишиб олсак, шу йилнинг ўзида қайтишимиз мумкин", - деган жаноб Евтушенков.

АФК "Система"нинг матбуот хизматидан Екатерина Цуканова Би-би-сига йўллаган маълумотномасида жаноб Евтушенконинг бу каби баёнот билан чиққанлигини тасдиқлади. Аммо тафсилотларни бера олмаслигини айтди.

Ўзбекистонда қарийб 9 ярим миллион мижозга эга бўлган МТС 2012 йили ёз ойида лицензиядан маҳрум қилингунга қадар мобил алоқа бозорининг учдан бирини назорат қилиб келган.

Ўзбекистон расмийлари ширкатни мамлакат қонунчилигини бузганлик ва солиқларни тўламасликда айблаб, 600 миллион доллар миқдорида жарима солишган.

Бунинг ортидан 2013 йил бошларида ширкатнинг Ўзбекистондаги шўъба корхонаси бўлган "Уздунробита" ўзини касод деб эълон қилган.

Ўзбекистон мобил алоқа бозоридаги илк ҳамда энг йирик ширкат бўлган "Уздунробита"нинг муаммолари 2012 йил апрел ойида унинг раҳбари Бекзод Аҳмедовнинг Ўзбекистондан қочгани ҳақидаги хабарлардан кейин бошланди.

Бекзод Аҳмедовнинг номи Ўзбекистон телекоммуникация бозоридаги коррупция иддаолари билан боғлиқ Оврўпода бошланган текширувларнинг ҳам марказида, деб ишонилади.

Ўзбекистоннинг расмий идоралари "Уздунробита"ни йирик миқдордаги солиқ тўловларини яшириш, пул ювиш, мижозларнинг маблағларини ноқонуний ўзлаштириш каби ҳаракатларда айблашган.

Можаро сабаб расман 9,5 миллион деб айтилган "Уздунробита"нинг мижозлари бир кунда мобил алоқасиз қолишган.

МТС "Уздунробита"га нисбатан илгари сурилган айбловларни рад этган ва Ўзбекистондаги қудратли кучларни мўмай даромад келтирадиган бизнесларини тортиб олишга уринишда айблаган.

"Уздунробита" 1991 йилда собиқ Шўро республикалари орасида биринчилардан бўлиб ташкил этилган мобил алоқа ширкати эди.

2004 йилда Россиянинг "Мобильные ТелеСистемы" ширкати "Уздунробита"нинг 100 фоиз ҳиссаларини сотиб олган.

Таҳлилчиларга кўра, Ўзбекистон хорижий сармоядорлар учун бизнес юритиш қийин ҳисобланадиган мамлакат сифатида кўрилади.

"Уздунробита" билан юз берган можаро хорижий сармоядорлар назарида Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги обрўсига путур етказгани айтилади.

Пайшанба куни Владимир Евтушенков журналистларнинг Ўзбекистонда бизнес яна касодга учрамаслигига қандай кафолат бор, деган саволларига жавоб бераркан, "бу каби кафолатни сизга ҳеч қайси суғурта ширкати бера олмайди", деб айтган.

Айни пайтда МТСнинг Ўзбекистон бозорига қайтишига имкон яратган келишув тафсилотлари ошкор этилмаяпти.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Агар матнда имло хатосини топсангиз, бизга билдиринг.

Бу мавзуда батафсилроқ