Ҳамид Олимжон майдонидаги ёнғинда бир неча хонадонга шикаст етган

Фото муаллифлик ҳуқуқи gazeta.uz

Тошкент марказидаги Ҳамид Олимжон майдони атрофида қурилган кўп қаватли аҳоли яшайдиган бинолардан бирида 24 май куни тушга яқин ёнғин рўй берган.

Тошкент шаҳри ўт ўчирувчиларига кўра, ёнғинда инсонлардан ҳеч ким жароҳатланмаган.

Аланга кундузи соат 11 лар атрофида 18 қаватли бинонинг 11-қаватида бошлангани хабар қилинмоқда.

Ўт ўчирувчилар 11-қаватдаги хонадонда ёнғин келиб чиққан пайти уй эгалари бўлмаганини айтганлар, аланга ўчирмасдан ташлаб юборилган сигаретадан келиб чиққан бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахминни илгари сурганлар.

Кучли аланга 11-қаватдан 12- ва 13-қаватларгача кўтарилган.

Ўт ўчирувчиларга кўра, ёнғин учта хонадонга қаттиқ зарар етказган.

Мутахассислар ёнғиннинг қисқа вақт ичида ўчирилганини айтишган, етказилган моддий зарар миқдори ўрганилмоқда.

Ўзбекистонда тез-тез ёнғин хавфсизлиги ойликлари ўтказиб турилади.

Мутахассислар ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилмаслик ҳамда инсонларнинг эҳтиётсизликлари ҳам кўпинча ўт кетишига олиб келадиган омиллардан эканини айтадилар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Агар матнда имло хатосини топсангиз, бизга билдиринг.

Бу мавзуда батафсилроқ