Тошкентда киракаш жинсий зўравон қидирилаяпти

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK.COM

Ўзбекистондаги Интернет-нашрлари хабар тарқатишича, пойтахт Тошкентда гўё киракашлик билан шуғулланаётган шахс аёллар ва болаларга тегажоғлик қилгани учун милиция томонидан қидирилмоқда.

25 май куни тарқатилган хабарларда Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси жинсий жиноятни содир этганликда гумон қилинаётган шахсни бир ҳафтадан буён қидирилаётгани айтилмоқда.

Бир ҳафтанинг ичида "Матиз" русумида таксичилик қилаётган эркак 10 дан ортиқ жиноят содир этгани маълум бўлган.

Милиция ходимлари автомобил оқ ёки пўлат рангда эканини айтганлар.

Жинсий зўравонликда гумон қилинаётган одамнинг фотороботи ишлаб чиқилгани хабар қилинган.

Айрим нашрлар бир ҳафтадан буён фоторобот асосидаги оператив-қидирув амалиётлари натижа бермагани, бу эса Тошкент милицияси изқуварлик малакасини йўқотганидан далолат бериши ҳақида ёзганлар, бунга бир мисол сифатида яқинда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг 16 ходими порахўрлиги учун ишдан ҳайдалгани эслатилган.

Тошкент ва пойтахт атрофида, шунингдек, қўшни Қозоғистоннинг жанубида киракашлар кўринишидаги инсонларнинг жиноят содир этишлари 2011 йилда ҳам кузатилган.

Ўзбекистон Бош прокуратурасига кўра, асли Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманидан бўлган икки шахс 2011 йил ва 2012 йил орасида Ўзбекистон фуқароси бўлган олти аёлга нисбатан, Қозоғистон фуқароси бўлган беш нафар аёлга нисбатан жиноят содир этганлар.

2011 йилнинг охирида Тошкент ва Тошкент атрофида сериал киллерлар пайдо бўлгани, қотиллар аёлларни ўлдириб, қурбонларга тегишли қимматли буюмларни олиб кетаётгани ҳақидаги овозалар тарқалган, бироқ Ўзбек ҳуқуқ-тартибот органлари жамоатчиликни ушбу қотилликлардан бохабар этишни афзал кўрмаганлар.

Илк бор 2012 йил майида Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳудудида қотилликлар содир этган 26 ёшли икки Ўзбекистон фуқароси қўлга олингани ҳақида хабар тарқатган.

Ҳибслар икки мамлакат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлариниинг ҳамкорлиги натижасида амалга оширилгани билдирилган.

Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги гумондаги шахслар Жанубий Қозоғистон вилояти ҳудудида 2011 йилнинг март ойидан 2012 йил март ойигача қотилликларни содир этганлари ҳақида хабар тарқатган.

Қотиллар хусусий такси киракашлар сифатида ўз хизматларини таклиф қилганлар, икки аёл поезддан тушиб ўз уйларигача боргунча автомобил ичида бўғиб ўлдирилганлар, жасадлари йўл четига ташлаб кетилган.

Аёлларга тегишли буюмлар олинган.

Аёлларнинг қимматбаҳо буюмлари Тошкент шаҳри бозорларида пулланган, дейишган Қозоғистон расмийлари.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Агар матнда имло хатосини топсангиз, бизга билдиринг.

Бу мавзуда батафсилроқ