Ўзбекистон бозорларидаги шакар нархи ғарбдагидан нега қолишмайди?

Ўзбекистондаги истеъмол моллари бозоридаги вазият тез-тез ўзгариб туради. Хусусан шакарнинг нархи ва пештахалардаги мавжудлиги барқарор эмас.

Хабар берилишича, яқинда килоси 2 800 сўмдан сотувда бўлган шакар, савдодан йўқолиб, килоси 3 700 сўмдан қайта пайдо бўлган.

Бу ривожланган ғарб мамлакатларига шакар нархи билан деярли тенг бўлиб, Ўзбекистондаги маошлар у ердагидан тахминан 10 баробар кам эканлиги назарда тутилса, ширин чойни севувчилар ва ёз ойларида меваларни сақлаб олмоқчи бўлганлар учун оқибати тасаввур қилишингиз мумкин.

Би-би-си шу кеча-кундуздаги Тошкент бозорларидаги шакар нархи ҳақида журналист Сергей Ежковдан сўради.

Сергей Ежков: Биз ҳозир шакарнинг бир килоси 3700 сўм - 4000 сўмгача кўтарилиб кетганини кўраяпмиз. Бу 1,6-1,8 доллар дегани ва фақат Ўзбекистон учун эмас, дунёнинг бошқа мамлакатлари учун ҳам қиммат баҳо ҳисобланади. Шакарнинг нархи ҳаддан зиёд сунъий кўтариб юборилган. Нима учун бундай бўлаяпти? Ҳеч ким одамларга бунинг сабабини тушунтириб бераётгани йўқ. Атиги бир ҳафта олдин бир килограмм шакарнинг нархи 2800 сўм эди. Тўғри, шакар учун узундан-узун навбатлар юзага келган эди. Кимдир айтадики, ҳозир қулупнай мураббоси мавсуми, одамлар мураббо ёпиш учун шакарни кўпроқ сотиб олишгани учун шундай вазият юзага келган ва бу вақтинчалик вазият. Лекин мен бугун қишга қулупнай мураббо ёпиб қўйишни истайдиган одамларнинг сони шакар тақчиллигини юзага келтирадиган ва нарх-навони бу қадар кўтариб юборадиган даражада кўп, деб ўйламайман. Кимдир халқнинг ҳисобига чўнтагини қаппайтираяпти, холос.

Би-би-си: Биз Ўзбекистонда нарх-наволар мана шундай сунъий ошириб юборилмаслиги учун ташкил қилинган Монополияга қарши кураш идораси борлигини яхши биламиз. Мана шундай вазиятда бу ташкилотнинг фаолияти кўринаяптими?

Сергей Ежков: Яхши савол. Ўзбекистонда жуда кўп ташкилотлар бор. Ўзбекистонда Инсон ҳуқуқлари Миллий маркази деган ташкилот ҳам бор. Сиз менга айтингчи, бу марказдан наф борми? Худди шу гапни антимонопол қўмитага нисбатан ҳам айтиш мумкин. Бу ташкилот ҳар-ҳар замонда қандайдир "тадбирлар" уюштириб туради, лекин у бозорда нарх-навони тартибга соладиган тизим ҳисобланмайди. Антимонопол қўмита ким томонидан бошқарилиши ҳам номаълум ўз бошига ишлайдиган бир ташкилот.

Би-би-си: Ўзбекистон бозор иқтисодиёти йўлини танлаганини эълон қилган, бироқ валютанинг "қора бозори"даги вазият, мамлакатда ишлаб чиқарилган автомобилларнинг нархи ёки ун-шакарга ўхшаган озиқ-овқат маҳсулотларининг баҳоларига қарасангиз, нарх-навони ҳалигача ҳам бозор қонунлари тартибга солаётгани йўқ. Нега шундай?

Сергей Ежков: Ўзбекистонда ҳали ҳам бозор унсурлари кўзга ташланадиган маъмурий-бошқарувга асосланган иқтисодиёт амал қилади. Тўғри, мамлакатда бозор иқтисодининг асоси ҳисобланган талаб ва эҳтиёж тартибга солиб турадиган товарлар бор. Лекин шундай товарлар борки, бу маҳсулотлар ё ҳаддан зиёд кўп даромад олиш ёки "юқорида ўтирганлар" ўз манфаатини кўзлаган қандайдир "вазифани бажариш" мақсадига хизмат қилади. Яхши маълумки, Ўзбекистон иқтисодиётининг аксар қисмини "соя иқтисоди" ташкил қилади. Мен бир мақоламда айтиб ўтган эдим, мутахассисларнинг ҳисоб-китобига кўра, "соя иқтисоди"нинг нисбати 9 га 1. Яъни у қонуний иқтисоддан 9 баравар катта. Аҳолининг аксари кунини "қоғозга тушмайдиган" иқтисод билан ўтказаяпти. Амалдорлар эса ўша "соя иқтисоди"нинг таркибий қисми ҳисобланадилар ва шунинг учун биз давлат "соя иқтисоди"ни йўқ қилишдан манфаатдор эмас, деб айта оламиз. Улар нарх-наво шаклланишини ўзларининг фойдаларига йўналтириб турадилар. Бу бозор механизмлари эмас, коррупцияга ботган давлатнинг нарх-навони бошқариб туриш механизми. Ўзбекистонда коррупцияга ботган элитанинг манфаати халқнинг манфаатидан устун қўйилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Агар матнда имло хатосини топсангиз, бизга билдиринг.

Бу мавзуда батафсилроқ