Яхши кўриб турмуш қургани учун тошбўрон қилинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи n
Image caption Покистоннинг айрим ҳудудларида қизларнинг ўзлари танлаб турмушга чиқишлари қабул қилиб бўлмас ҳисобланади

Покистонлик аёл шарқий Лаҳор шаҳридаги Олий Маҳкама биноси ташқарисида отаси ва акалари томонидан тошбўрон қилиб ўлдирилган.

30 ёшли Фарзона Муҳаммад Иқбол билан бир неча ой аввал оиласининг розилигисиз турмуш қурган эди.

Унинг ота-онаси йигитни Фарзонани олиб қочганликда айблаб, маҳкамага арз қилишган.

Аммо полицияга берган гувоҳлигида Фарзона Иқболга ўз хоҳиши билан турмушга чиққанини тасдиқлайди.

Полиция мулозимларининг айтишларича, Фарзона турмуш ўртоғи ҳамроҳлигида Олий Маҳкамага кириб келаётган пайт унинг отаси, ака-укалари ва бир амакиваччаси уни тортқилаб, ғиштлар билан ура кетишган.

Фарзона ҳодиса жойида вафот этган.

Полиция ҳодиса жойига етиб боргунича қотиллар яширинишга улгурганлар.

Кейинроқ полиция унинг отаси Азимни ҳибсга олган, аммо қолганлар ҳануз қочувда.

Покистонда оиласининг хоҳиш-иродасига қарши турмуш қурган қизларнинг "ор-номус" номи билан ўлдирилиши кўпдан буён инсон ҳақлари ташкилотларининг хавотирларига сабаб бўлиб келади.

Бу каби ҳолатларда аёллар кўпинча ўз яқинлари тарафидан ўлдириладилар.

Покистоннинг айрим ҳудудларида қизларнинг ўз умр йўлдошларини ўзлари танлашлари маданий жиҳатдан қабул қилиб бўлмас ҳисобланади.