Apple хариди Ўзбек олтинини шаффоф қиладими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Дунёга донғи кетган АҚШнинг Apple ширкати ўзининг iPhone, iPad, iPod, Mac ва Apple TV сингари маҳсулотлари учун Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган олтиндан фойдалангани ҳақида матбуотда эндигина эълон қилинган хабар кўплаб ўзбекистонликларни фахрлантирди.

Айни пайтда йилига 70 дан 90 тоннагачани ташкил этиши хабар қилинадиган Ўзбекистон олтинининг қолганини дунёнинг қайси ширкатлари қанча баҳога сотиб олиши билан боғлиқ савол ўша фахр туйғусини ҳис қилган ўзбекистонликларда ҳам пайдо бўлган.

Ўзбекистон ёпиқ мамлакат экани ҳеч кимга сир эмас ва мамлакатнинг олтиндан ташқари пахта, уран, табиий гази ва бошқа табиий ресурслари савдосидан тушган даромад қанчани ташкил этади, бу табиий бойликлар билан олди-сотди қилиш қайси ширкатлар ихтиёрига берилган ҳамда бу даромадлар қандай тақсимланаяпти, бу саволларга Ўзбекистондаги бармоқ билан санарли инсонларгина жавоб бера олади.

Бугунги замонда ахлоқли бизнес юритиш талаблари ёпиқ жамият маълумотларини ошкор қилишга мажбурлайдиган омилга ҳам айланмоқда.

Хусусан, Apple Америка Қўшма Штатларининг Қимматли қоғозлар ва биржалар бўйича комиссиясига ҳисобот берар экан, ўз маҳсулотларида "конфликтлардан ҳоли" минераллардан фойдаланиш қарорида қатъийлигини таъкидлаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Ўзбекистон олтинининг аксари Зарафшондан қазиб олинади.

"Минералларнинг ахлоқий манбаси Apple миссиясининг муҳим таркибий қисми, бу таъминот тармоғининг хавфсиз ва адолатли иш шароити таъминланганига ишонч ҳосил қилиш учун муҳим", дейилади ширкат ҳисоботида.

Apple Навоий ва Олмалиқ кон-металлургия комбинатларида қуйилган Ўзбек олтинидан фойдаланган.

Американинг машҳур ширкати Зарафшондан қазиб олинаётган ва Навоий ҳамда Олмалиқ заводларида эритилган олтин ахлоқий бизнес талабларига нақадар жавоб беришини, қазиб олиш ва бошқа қайта ишлаш жараёнларида "адолатли иш шароити" таъминланганига қандай қилиб ишонч ҳосил қилган?

Би-би-си ушбу ва бошқа саволлар билан Apple ширкатига мурожаат қилди ва ушбу мавзуни яқин кунларда кўтаришни режаламоқда.

Ахлоқий бизнес талаби дунёнинг қатор ширкатларини Ўзбекистон пахтаси манбасига эътиборлироқ қарашга мажбур этди ва 2011 йилда "Adidas" дан тортиб, H&M гача дунёга донғи кетган 60 дан ортиқ халқаро ширкати болалар қўли билан терилган ўзбек пахтасини билиб туриб, ишлатмаслик ҳақидаги баёнотни имзоладилар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Бунгача мамлакатда мажбурий болалар меҳнати мавжудлигининг ўзини ҳам инкор қилиб келган Ўзбекистон ҳукумати Халқаро Меҳнат ташкилотини ўз далаларига киритишга мажбур бўлди.

Айни пайтда Apple ҳисобот берган АҚШ Қимматли қоғозлар ва биржалар бўйича комиссиясининг эътибори Ўзбекистондаги телекоммуникация бозоридаги адолатли олди-берди келишувларига тушган.

АҚШ Қимматли қоғозлар ва биржалар комиссиясининг асосий вазифаси ўз маблағларини акциялар бозорига сармоя сифатида киритган инвесторлар манфаатини кўзлаб, бу сармояларни ширкатлар қандай бошқараётганини назорат қилиб туришдир.

Бу комиссия сармоядорлар манфаатини муҳофаза қилиш, қимматбаҳо қоғозлар бозорининг адолатли, қонуний ва самарали фаолият юритишини таъминлашни ўзи учун муҳим деб билади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Агар матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.

Бу мавзуда батафсилроқ