“Анавинақа киноларни обкеп кўрвоссизми?”

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc

Сира таксига чиқмасдим, бир куни шошилинч машина тўхтатишга тўғри келди. Бир ёш йигит ўртоғи ҳамроҳлигида кира қилаётган экан, йўлкирани арзонроқ келишганим учун чиқдим. Рул бошқараётган йигит ҳам, ёнидаги шериги ҳам бутун йўл давомида телефондан бўшагани йўқ. Иккови ҳам қизлар билан гаплашиб кетмоқда. Рулдаги йигит бир пайтнинг ўзида учта қиз билан гаплашмоқда, тўхтаб тур, уйдан телефон қилишвотти, дейди ва бошқасига жавоб беради. Уччаловини ҳам лаққа туширмоқда. У ўртоғига мақтаниб, телефонини овоз кучайтиргичга қўйди. Бир қиз йиғлаб зорланмоқда, нега телефон қилмайсиз, фалончи ака, севмай қўйдингизми, деб. Кейин йигит унга ўшқиради, алдадингиз, алдамадим, деган тортишлар бошланади. Орада йигит ўртоғига "шу қизни сотаман, ўн минг берсанг бўлди, ҳозир телефон номерини бераман", дейди. Олди-бердидан сўнг ҳайдовчи бола ўртоғига дейди "уч кунда ўзингга ўргатиб оласан, менга бир кундаёқ илинган."

Таксида гувоҳ бўлганим бу суҳбатдан кейин анчагача эшитганларимга ишонгим келмади. Бироқ кейинчалик баъзи ёш йигитлар билан суҳбатлардан сўнг бундай "қиз савдоси" ёшлар орасида урф бўлганига амин бўлдим.

Қиз савдоси ҳозирда кенг тарқалган ва ўта қулай Paynet хизмати нуқталаридан бошланади. Одатда Paynet хизматида асосан ёш болалар ва йигитлар ўтиради. Қизлар телефонига пул туширгани келганида пэйнетчи бола уларнинг номерини ёзиб олиб, кейин танишларига сотар экан. Нотаниш қизнинг номерини сотиб олган йигит бечора қиз жавоб бермагунча қўнғироқ қилаверади. Қўнғироққа "ало" деб жавоб берилса бўлди, "мен билан гаплашгансан, саломимга алик олгансан" деб ўша қизнинг бўйнига қўйишар экан. Агарда қизнинг яқинлари, дейлик отасими, акасими ўртага тушса, "қизинг мен билан гаплашган" деб туриб олинар экан. Гуруҳ-гуруҳ муштлашувлар асосан мана шундай қиз савдосидан келиб чиқмоқда экан.

Одамнинг ишонгиси келмайди, лекин бу қадар безбетлик, сурлик бугунги кунда тобора авж олиб, урфга айланмоқда. Бунда эртадан кечгача айлантириладиган янги ўзбек киноларининг таъсири беқиёс деб бемалол айтиш мумкин. Ишонмасангиз, телевизорни ёқинг. Қайси ўзбек киносини қараманг, бир йигит бир қизнинг йўлини тўсиб турган, "сен барибир меники бўласан" деб, ёнида яна бир даъвогар, "йўқ, сен меники бўласан," деб. Бошқасида икки қиз бир йигитни талашаётган. Ҳа, киноларимиз фақат бачкана севги ҳақида. Умуман, "севги" деган сўз ҳуда-беҳуда, тўхтовсиз такрорланадиган бундай киноларни ярим соат кўргандан сўнг яна севги сўзини эшитган одам қайт қилвориши ҳеч гап эмас.

Ҳаттоки баланд саҳналарда туриб ҳам ўзининг "бачкана актёр"лигини очиқ тан оладиган ва бундан фахрланадиган киноқаҳрамонларга эргашган ёшлар ҳаётда кинодан ҳам ўтказиб севги саргузаштларини бошдан кечиришни истайди.

Оқибатда қизларнинг ота-оналаридан дакки эшитиши, калтак ейиши ва афсуски, ҳатто ўз жонига қасд қилишга уриниш ҳоллари ҳам учрамоқда. Ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ, бир қўнғироққа жавоб бериш орқали қанча кўргуликлар юзага келмоқда. Одатда, ота-оналар қизининг шаънини ўйлаб, сурбетларча бировнинг ҳаётини бузаётган йигит устидан милицияга мурожаат этмайди. Лекин милицияга арз қилгани билан фойдаси йўқ. Ҳозир шонли милициямиз нима қилиб бўлса ҳам тушаётган аризаларни оғзаки ҳолидаёқ бартараф этиш пайида.

Йигитларнинг бу қилиқларига ёшлик шўхликлари сифатида қараш ҳам мумкиндир, бироқ бу ҳолат қизларнинг келажак ҳаётига жиддий таъсир кўрсатади. Уйда ота-онасидан, ўқишида устозидан дакки эшитиб, ўзини хўрланган ҳис қилади, ҳаётдан кўнгли совийди.

Бу ҳам майли, энг охирги янгиликни эшитинг! Янги урфга кўра, совчилар ишни телефон компанияларидан бошлар экан. Тушундингизми? Тушунмаган бўлсангиз айтаман, йигит уйланмоқчи бўлган қизнинг "тарихини" билиш учун ўз совчиларини аввало ўша қизнинг телефон компаниясига жўнатар экан. У ердан қизнинг қўнғироқлар рўйхати қўлга киритилгач, унинг кимлар билан "гаплашиб юргани" аниқлаб олинармиш, мабодо телефон рақами ўзгартирилган бўлса, аввалги рақамлари топилар экан. Шу тариқа қизнинг телефон "тарих саҳифалари" тоза бўлса, кейин совчилар жўнатилади. Буни менга жуда таниқли ўқитувчи аёл айтди, у жуда кўпларга келин танлашда маслаҳат берган. Қизларинг ўзини номига ҳеч қачон телефон номер олмасин, деб қўшиб қўйди у.

Ҳа, шунақа гаплар, ҳаёт "Супер келинчак", "Бойвачча" каби сон-саноқсиз бачкана ва маънан ўта саёз ўзбек фильмлари ортидан қадам-бақадам кетмоқда. Машҳур ўзбек актёри Мурод Ражабов бир кинода яқинда ўғлини уйлаб, энди невара кутаётган ота ролини ўйнар экан, неварани узоқ кутиб қолган бўлса керак, қошини бир томон учириб, кўзини қисиб, ўғлидан "ановинақа киноларни обкеб кўрвоссизми," деб сўрайди. Яъни, ҳар бир нарса ўз номи билан аталадиган бўлса, Ўзбекистонда номер бир актёр ўғлига "порно" фильм кўришни тавсия қилмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ