Uzwebiston: АҚШ молиявий идораси ўзбек банкига ёмон баҳо берди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption АҚШда жойлашган бу идора нафақат банклар, балки давлатларнинг молиявий аҳволига баҳо бериб келади

Ўзбекистоннинг Туркистон Банки нуфузли Standard and Poor's молиявий идораси томонидан "барқарор" даражасидан "салбий" даражага туширилгани Twitter саҳифасида Ўзбекистон ҳақида энг кўп чоп этилаётган хабарлардан бири бўлди.

Молиявий идоранинг таҳлилига биноан, Туркистон Банкининг капитализацияси келгуси 12-18 ой ичида ёмонлашиши мумкин.

Туркистон Банки бир неча йилдирки, хорижий валюта билан ишлаш учун лицензия ола олмай келади.

Standard and Poor's баҳосига кўра, бу унинг рақобатбардошлиги ва молиялаш салоҳиятига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

2013 йилда бошқа банклар таклиф қилган юқорироқ фойда фоизлари туфайли Туркистон Банкидаги истеъмолчилар депозитлари тушиб кетган.

Шикоят қилиш йўли

Интернетда тарқалган яна бир иқтисодий хабарга кўра, ўзбекистонликлар энди ҳукуматнинг Ягона интерактив портали орқали ўз истеъмолчилик ҳуқуқлари топталгани ҳақида шикоят қилишлари мумкин.

Бу портал орқали ёзилган шикоятлар Хусусийлаштириш, монополизация ва рақобат бўйича давлат қўмитасига бориб тушади.

Мазкур хизмат истеъмолчиларга кўрсатилаётган хизмат ва уларга етказилаётган маҳсулотларнинг сифатини яхшилашни, ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларини топтаган ташкилотларни жавобгарликка тортишни мақсад қилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ