Обама Оврўпо хавфсизлиги учун 1 миллиард доллар ажратади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Президент Обама Оврўпо хавфсизлиги жамғармаси учун 1 миллиард доллар ажратиш ва Американинг қитъадаги ҳарбий ҳозирлигини оширишга ваъда берган.

АҚШ президенти Полшага НАТО раҳбарлари билан учрашувга келган.

НАТОга аъзо давлатлар мудофаа вазирлари Брюсселда биринчи марта Россиянинг Украинадаги амалларини муҳокама қилиш учун тўпланишмоқда.

Учрашувда Москванинг Украинага нисбатан сиёсатининг узоқ муддатли стратегик оқибатлари, шунингдек, НАТОнинг эҳтимолий жавоб амаллари ҳақида фикр алмашилади.

Шимолий Атлантика Иттифоқи ва Россия ўртасидаги муносабатлар Россия Қримни қўшиб олиши ортидан совуқлашган.

Душанба куни Россиянинг НАТОдаги элчиси Александр Грушко НАТО Марказий ва Шарқий Оврўпода қўшимча жанговар кучларини жойлаштиргани тақдирда Россия НАТО билан ҳамкорликнинг асосини ташкил этувчи Россия-НАТО битимидан чиқишини айтган.

Франс пресс агентлиги НАТОнинг юқори мартабали вакилидан иқтибос келтиришича, Брюсселдаги учрашувда мудофаа вазирлари Россияга нисбатан "фундаментал қарор" қабул қилишлари кутилади.

Мулозимнинг айтишича, кейинроқ ушбу қарор НАТОнинг сентябр ойида Британияда ўтадиган саммити чоғида аъзо давлатлар муҳокамасига қўйилади.

Душанба куни Россия-НАТО кенгашида Украина масаласи муҳокама этилган.

НАТО матбуоти котиби Оана Лунгескунинг айтишича, НАТО "Қримнинг қўшиб олиниши юзасидан очиқ ва қатъий мавқейини такрорлаган".

"Улар НАТО ҳеч қачон Қримнинг қўшиб олинишини тан олмаслиги, яқинда ўтган сайловлар Украинанинг бутунлигини қўллаб-қувватлаганини айтиб, Россияни Украинанинг янги президенти билан конструктив мулоқотга чақиришди", - деб айтган НАТО сўзчиси.

Айни пайтда Россия вакили Грушко НАТО ҳарбий салоҳиятининг "шарқий қанот" бўйлаб ҳаракатланиши натижасида Оврўпо совуқ уруш даврига қайтиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.

Украина ва ғарб ҳукуматлари Россияни Украина шарқидаги қуролли бўлгинчиликни қўллаб-қувватлашда айблайдилар, Москва эса буни рад этади.

'Муқаддас'

Айни пайтда Президент Обама Қўшма Штатларнинг Оврўподаги иттифоқчилари олдидаги хавфсизлик мажбуриятларини "муқаддас" деб тасвирлаган.

Жаноб Обама Украина инқирозидан жиддий хавотирда бўлган НАТО раҳбарлари билан музокаралар олиб бориш учун Полшага ташриф буюрган.

У Қўшма Штатлар Украинадаги беқарорлик сабаб Оврўподаги иштирокини кучайтирганини айтган.

Президент Обама Полшага сафарининг биринчи куни у ердаги АҚШ ва Полша ҳарбий ҳаво кучлари зобитлари билан учрашган.

Жаноб Обама чоршанба куни Варшавада Украинанинг янги сайланган Президенти Петро Порошенко билан ҳам учрашиши кутилмоқда.

Украинанинг ўзида эса Ички ишлар вазири Арсен Аваков Славянск шаҳри четида қақшатқич жанглар кетаётганини айтган.

У ўзининг Facebook даги саҳифасида шаҳар аҳолисини уйдан чиқмаслик ҳақида огоҳлантирган.

Душанба куни Украина шарқидаги Луганск шаҳри бўлгинчилар ва украин чегарачилари ўртасидаги жангларга саҳна бўлган.

Етти чегарачи жароҳат олгани ва бир бўлгинчи жангари ҳалок бўлгани хабар қилинган.

Украин матбуотига кўра, бир неча юз ҳужумчилар чегарачилар бошқармасини эгаллашга уринган, аммо бунинг уддасидан чиқа олмай, қўшни ҳудудга чекинганлар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Агар матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.