"Ярашмаган яллангга..."

Ўтган ҳордиқ кунлари самарқандлик ўртоғимнинг уйига, укасининг тўйига бориб келдим. Тўйдан сўнг кўҳна Самарқандни яна бир зиёрат қилиш учун шаҳарга кириб ўтдим. Охирги марта беш йил аввал бўлган эканман шаҳарда. Донғи дунёга кетган бу қадимий шаҳарни танимай қолдим. Марказий кўчалардан кетиб бораяпману, худди бир Оврўпа шаҳрида юргандекман. Йўллар равон ва текис, қадимий обидалар атрофи кенгайтирилиб, саёҳлар ва автомобиллар учун қулай тўхташ жойлари барпо этилган. Хуллас, кўнгилни шод қиладиган ободончилик.

Бироқ Самарқанднинг дуру гавҳари бўлмиш Регистон майдонига борганимда биров устимдан совуқ сув қуйиб юборгандек бўлди - қаршимдаги манзарани кўриб ҳангу манг бўлиб қолдим. Газеталарда Регистон майдонида бўлаётган таъмирлаш ишлари ҳақида ўқиган эдим, интернетда миноралардан бирининг қийшайиб қолгани ҳақида ёзишганидан ҳам хабарим бор эди.

Бироқ дунёда ягона бўлган, бир майдонда бир-бирига қараб турган уч улуғвор мадрасанинг аҳволини кўриб, тўғриси, дардимни кимга айтишни билмай қолдим. Бу қадимий биноларга кимдир "оппоқ туфли" кийдириб қўйибди. Мадрасаларнинг деворларига одам бўйидан баландроқ қилиб оқ мармарлар ёпиштириб чиқилибди. Қадимий безаклар кўчириб ташланиб, мармарлар ёпиштирилган. Биноларнинг ўзига хослиги, безак, нақш ва ранглар мутаносиблиги бузилган. Бир қараганда, туппа тузук одамга ярашмаган оппоқ туфли кийдириб қўйилганга ўхшайди. балки таъмирлаш устида турган меъморларнинг бундан ўзига хос кўзлаган мақсади бордир, лекин бу Регистонга ярашган деб айтолмайман.

Бундан ташқари, Регистон майдонининг олд қисмига тўлалигича оқ мармар тошлар ётқизиб чиқилган, жуда гўзал, лекин яна минг афсуслар бўлсинки, бу оппоқ ҳашаматли кенглик биноларнинг шукуҳини камайтириб юборган. Энди Регистон кўзингизга аввалгидек ҳашаматли эмас, балки кичикроқ бўлиб кўринади.

Шу ерда айланиб юрган бир олмон саёҳининг ҳам таъмирлагш ишларидан ҳафсаласи пир бўлганини эшитдим. "Биз бунақанги янгича таъмирланган биноларни эмас, ўз ҳолича, ўз қадимийлиги билан турган, яъни қўл текизилмаган осори атиқаларни кўргани келардик. Агар таъмирлаш шунақа давом этса, Самарқанд хориж сайёҳлари учун ўз оҳанрабосини йўқотади. Сайёҳлар учун Рим ва Афинадаги каби қадимий бинолар ардоқли" дейди у.

Мен эса кўп гапириб нима қилдим, суратларга қараб ўзингиз баҳо беринг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Агар матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.

Бу мавзуда батафсилроқ