Алишер Усмоновнинг Тошкентдаги масжид қурилишига 'алоқаси йўқ'

Асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов Тошкент марказида бунёд этилаётган йирик масжид қурилишига алоқаси йўқлигини айтган.

Узметроном нашри жаноб Усмоновнинг таҳририятга йўллаган жавобидан иқтибос келтирган.

"Тошкентдаги масжид қурилишида иштирок этаётганим ҳақида айрим ОАВ тарқатган текширилмаган ва тасдиқланмаган хабарлардан ҳайратга тушдим. Мен унинг қурилишида иштирок этаётганим йўқ", -деб айтган Алишер Усмонов.

Айни пайтда жаноб Усмонов ўзига шундай мурожаат билан чиқишса, "бу каби йирик ва муҳим" лойиҳага ҳисса қўшишга тайёрлигини ҳам айтган.

Аввалроқ қатор нашрлар Россия ва Британиянинг энг бой одамларидан бўлган Алишер Усмонов Тошкентнинг Юнусобод туманидаги "Минор" қабристони ёнида бунёд этилаётган айни номдаги масжидни молиялаётгани борасида тасдиқланмаган хабарларни тарқатганди.

Бу каби хабарларга Алишер Усмонов яқинларининг ушбу қабристонда дафн этилгани асос бўлгани тахмин этилади.

Жаноб Усмоновнинг ўтган йил майида Ўзбекистон пойтахтидаги автомобил ҳодисасида вафот этган жияни Бобур Усмонов ҳам "Минор" қабристонига қўйилгани хабар қилинган.

Россия матбуоти 29 ёшли Бобур Усмоновни Алишер Усмоновнинг эҳтимолий меросхўри деб атаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Жаноб Усмонов масжид қурилишига ҳисса қўшишга тайёрлигини ҳам айтган

'Президентнинг ташаббуси'

Тошкентдаги масжид қурилишига Алишер Усмоновнинг алоқаси йўқлигини Би-би-сига Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси раисининг ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур ҳам тасдиқлади.

Унинг сўзларига кўра, Президент томонидан имзоланган қарорда масжиднинг бюджет ва диний идора маблағлари ҳисобидан молияланиши айтилган.

"Қурилишнинг иккита манбаъси бор, холос", - деб айтди таниқли уламо.

Шайх Абдулазиз Мансурга кўра, масжид қурилиши шахсан Президентнинг ташаббуси билан амалга оширилмоқда ва уни 1 ноябрга тугаллаш режаланган.

Айни пайтда диний идора мулозими масжид қурилишига қанча маблағ сарфлангани ҳақида маълумот беришни истамади.

4 минг кишига мўлжалланган "Минор" масжиди қурилишининг расмий буюртмачиси, хабарларга кўра, Тошкент шаҳар ҳокимиятидир.

Islamsng нашрининг ахборотича, масжид биносининг режаси миллий меъморчилик услубига кўра ишлаб чиқилган ва саккиз қиррали йирик хонақоҳ, ертўла ва иккита айвонни ўз ичига олади.

Масжид 50 метр баландликдаги иккита минора ва бир вақтнинг ўзида 100 кишига хизмат кўрсатадиган таҳоратхонага эга бўлади.

Хабарларга кўра, масжид ёнида савдо мажмуаси ҳам қуриш режаланган.

Аҳолисининг 85 фоизи мусулмонлар бўлган Ўзбекистонда давлат масжид ва бошқа ибодатхоналар қурилишини қаттиқ назорат қилади.

1998 йилда "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар" тўғрисидаги янги қонунннинг қабул қилиниши ортидан мамлакатдаги кўпгина масжидлар ёпилган ва янги масжидни рўйхатдан ўтказиш тратиби қаттиқлаштирилган.

Ҳозирда 30 миллиондан ортиқ аҳолисининг 90 фоизи мусулмон бўлган Ўзбекистонда 2050 га яқин масжид борлиги айтилади.

Бу 10 миллионга яқин мусулмонлар яшайдиган Қозоғистон ёки 2 миллионга яқин мусулмон аҳолисига эга Британиядаги масжидлар сонидан камдир.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Агар матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.