Ўзбекистон Исломий Ҳаракати Карачидаги ҳужум масъулиятини зиммасига олди

Ўзбек жангарилари Покистоннинг Карачи аэропортидаги ҳужумни амалга оширганлари ҳақида баёнот тарқатганлар.

Манзили Шимолий Вазиристонда экани айтиладиган ЎИҲга кўра, якшанба куни 30 дан ортиқ инсоннинг ўлимига сабаб бўлган Карачи аэропортидаги ҳужумни ўзбек жангарилари уюштирганлар.

Бундан олдин Покистон ҳукумати ҳам яхши тайёрланган жангарилар ўзбекистонликлар эканини билдирган эди.

9 ва 10 июн кунлари Карачи ҳаво қўналғаси икки маротаба қуроллилар ҳужумига учради.

Покистон расмийлари Карачидаги илк ҳужумда камида 39 киши, шу жумладан 10 жангари ҳам ҳалок бўлгани ҳақида хабар қилган, жангарилар ДНКлари текширилаётгани айтилган.

Айни пайтда Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ўз веб саҳифасида қўлларида қурол билан ўн жангарининг суратини чоп қилган. Веб саҳифада изоҳланишича, ушбу шахслар икки кун олдинги ҳужумда иштирок этганлар.

"Кеча 11-шаъбон, 9 июн 2014 мелодий йил, душанба ярим тунда, Покистоннинг Карочи шаҳридаги Жиннаҳ тайёрагоҳининг халқ кўзидан пана бўлмиш махсус қисмида ЎИҲтининг ўнта баҳодир ўғлони фидойилик камарини таққан ҳолда ҳужум уюштирдилар. Амалиёт тақрибан олти соат давом этди", дейилади баёнотда.

ЎИҲ ҳужум натижасида аэропортдаги ҳарбий қирувчи учоқлар ва Америка жосуслик учоқларидан катта қисмини вайрон қилганини билдиради.

Жангарилар баёнотида айтилишича, ушбу ҳужум Покистон ҳарбийларининг этник ўзбеклар яшайдиган туманларни ҳаво ҳужумига тутганига жавоб амали ҳисобланади.

Ўзбекистон Исломий ҳаракати "Ал-Қоида" ва "Толибон" ҳаракати билан яқин алоқада экани хабар қилинади.

Аввалроқ, Покистон Толибони аэропортдаги ҳалокатли ҳужумга масъулиятни ўз бўйнига олган эди.

Ўтган йили Покистонда Ўзбекистон Исломий Ҳаракати жангчилари билан учрашган Би-би-си мухбири Покистоннинг қабила минтақаларида турли хилдаги толиблар борлигини айтган.

"Улар орасида Марказий Осиё ва Қофқоздан борган исломий жангчилар жуда ҳам кўп, айниқса Ўзбекистон, Тожикистон ва Чеченистондан. Қабоилда уларни жуда кўп учратасиз. Маҳаллий аҳоли уларни "хорижий мужоҳидлар" ёки "Ўзбекистон Исломий Ҳаракати мужоҳидлари", деб атайди, деган эди.

Унинг сўзларига кўра, икки йилча олдин Жанубий Вазиристонда маҳаллий аҳоли ва ўзбеклар ўртасида жанглар бўлган. Шундан кейин Ўзбекистон Исломий ҳаракати жангчилари Жанубий Вазиристондан Шимолий Вазиристонга кўчиб ўтишган.

"Ҳозирда ўзбеклар ва бошқа Марказий осиёлик "толиблар" аҳволини жуда яхши деб айтиш мумкин. Улар мукаммал тармоқни шакллантириб бўлганлар ва "Ал-Қоида" ва Покистондаги Толибон ҳаракати раҳбарлиги остида фаолият юритишади. Зикр этганим гуруҳлар ўртасида жуда яқин ва махфий алоқа мавжуд", дейди Би-би-си мухбири.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ