Гулнора Каримова "салтанати" парчаланмоқдами?

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Марказий Осиё масалаларини ёритиб ва таҳлил қилиб борувчи Eurasianet.org вебсаҳифасида "Гулнора салтантини парчалаб" номли мақола чоп этилган.

Мақола муаллифи Жоана Лиллиснинг ёзишича, Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг "назардан қолиши"дан тўрт ой ўтиб у бир вақтлар эгалик қилгани айтилган бизнесларининг баъзилари бошқалар қўлларга ўтиб, қайта жонланмоқда. Лекин Гулнора "салтанати"нинг йирик ва кўзга кўринган қисмлари сифатида кўрилган бизнеслар ҳануз вайрона аҳволда ётибди.

Шу йил бошларида Гулнора Каримова "иҳоталаб қўйилганидан" бери унга алоқадар бўлган бизнеслар фаолияти тақа-тақ тўхтади, дея ёзади муаллиф.

"Лекин Содиқ Азимов кўчасидаги бир вақтлар "Нирвана" дея юритилган DVD, CD ва компютер ўйинлари савдоси билан шуғулланган тизимга тегишли дўкон ёпиқ бўлса ҳам деразасида ҳамон Гулнора Каримова сурати турибди. Унинг саҳна исми бўлмиш Гугуша қўшиқлари эса радио ва телевизиондан йўқолган".

Унинг ёпиқ дўкон деразасидаги расми эса бир вақтлар рақиб бизнесларни "ютиб юборадиган ва тўймас иштаҳаси" учун Америкалик дипломатлар томонидан "таловчи барон" , дея тасниф берилган Гулноар Каримова салтанатидан қолган атиги бир неча далилдан биридир, деб хулоса қилади Жоана Лиллис.

Муаллифнинг айтишича ҳозирда Тошкентда биронта дўкон унинг бир вақтлар донғи кетган атир-упаларини таклиф қилаётгани йўқ.

Guli номи остидаги атирларини 500 доллардан сотган Begum дўкони эшигига ҳам қулф осилган.

Томошанбинларга тўла бўлган Premier Cinemaнинг кумуш рангли экранида ҳам феврал ойидан бери биронта филм кўрсатилмаган. Аммо июн ойи бошларидан бери ичкарида қурувчилар пайдо бўлишди. Бу яқин орада кинотеатр янги бошқарув остида очилиши белгисимикан?

Гулнора Каримовага тегишли, дея кўрилган корхона маҳсулоти Coca Cola ҳам пештахалардан йўқолган. Эндиликда маҳаллий аҳоли ўз чанқоғини Libella ёки Fensi ичимликлари билан қондиришмоқда.

Coca-Cola Ичимлиги Ўзбекистон корхонасидаги қонунбузарликлар ҳақидаги хабарлар шу йил январ ойида пайдо бўлган.

Корхона бошқа ичимликларни ишлаб чиқариш билан машғул эканлиги айтилади, лекин корхона расмийлари бу хабарни тасдиқлашдан бош тортишган.

Айни вақтда Гулнора Каримова "бош оғриғи"га сабаб бўлган асосий омил телекоммуникациялар бозорида ўзгаришлар кузатилмоқда.

2012 йилда расмийлар томонидан қатор қонунбузарликларда айбланиб Ўзбекистонни тарк этган Россиянинг MTS ширкати ўтган ойда мамлакатга қайтиш арафасида эканлигини маълум қилди.

Бу бизнес юритиш фазоси ўта мавҳум бўлган Ўзбекистонда ишлар аввалгидай изига тушаётгани белгиси бўлиши мумкин, лекин Гулнора Каримова бу бизнесларнинг биронтасида қандайдир рол ўйнаши эҳтимолдан узоқ кўринмоқда, дея ёзади Жоана Лиллис.

Гулнора Каримованинг шу йил бошидан бери ташқи дунёдан иҳоталаб қўйилгани ва уй қамоғида сақланаётгани айтилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ