Ўзбекистонда яна бир ширкат смартфон чиқаради. Бозор борми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи PA

Телекоммуникациялар ва рақамли технологиялар бозоридаги аҳволни тадқиқ ва таҳлил қилувчи мустақил BuddeComm консалтинг ширкатининг Ўзбекистондаги мобил телефон бозори ҳақидаги ҳисоботида айтилишича, 2012 йил Россиянинг MTS ширкати мамлакатни тарк этганидан сўнг фойдаланувчилар сони 5 миллионга камайган.

"MTS ширкати лицензиясининг бекор қилиниши маҳаллий бозорда улкан "бўҳрон"ни келтириб чиқарган".

BuddeComm га кўра, Ўзбекистон расмийлари томонидан солиқларни тўламаслик, маҳаллий стандартларга риоя қилмаслик ва ҳали лицензия олинмаган ускуналардан фойдаланишда айбланган MTS бозорнинг 40 фоизига эга эди.

Ширкат ҳисоб китобларига кўра, Ўзбекистонда мобил телефондан фойдаланувчилар сони 2006-2011 йиллар орасида 1 миллиондан 21 миллионга қадар ошган.

MTS чиқиб кетишган мажбур бўлганидан сўнг эса 2012 йил охирига келиб сони 25 миллионга (аҳолининг 91 фоизи) етган фойдаланувчилар 20 миллионга тушиб кетган.

Ширкатга кўра, Ўзбекистонда Интернетдан фойдаланиш имконига эга бўлганлар 2013 йили аҳолининг 37 фоизини ташкил этган.

Оддий телефон линияси орқали Интернетдан чегарасиз фойдаланиш хизматидан (бродбанд) фойдаланувчилар 1 фоиз ва мобил телефон орқали Интернетдан чегарасиз фойдаланувчиларп сони эса 2012 йилда 21 фоизга етган.

Айни вақтда қатор нашрларнинг хабар беришларича, Ўзбекистонда учинчи ширкат смартфонлар ишлаб чиқаришни бошлайди.

Мамлакатдаги Интернет нашрларига кўра, Olive Telecom ўзбек-ҳинд қўшма корхонаси яқин орада икки нусхадаги мобил телефонларни таклиф этади.

Аввалроқ Ўзбекистонда Artel ва UZTE корхонлари смартфонларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйгандилар. Лекин уларнинг сифати мижозларда у қадар қониқиш ҳосил қилмаётгани айтилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ