Ўзбекистон: Қуллик энди тугайдими?

Image caption Ҳозир Ўзбекистон ҳукумати одамларни мажбурий ягана ва ўтоққа ҳайдамоқда

Дунё бўйлаб мажбурий меҳнат ёки замонавий қулликни тугатишга қаратилган Халқаро Меҳнат Ташкилотининг янги протоколи мутахассислар орасида катта умид уйғотмоқда. БМТ экспертлар гуруҳи, хусусан, уни олқишлаб кутиб олган.

"Халқаро Меҳнат Ташкилотига аъзо давлатлар бу янги мажбуриятларга ҳам риоя этишлари керак" - дейди БМТ мутахассисларидан Холид Ҳасин - "Ушбу протокол ҳали янги ва умид қиламизки, уни кўпчилик имзолайди.

Мажбурий меҳнат қатор ҳолларда замонавий қулдорликка тенглаштирилади. Ва қулдорлик бобида Ўзбекистоннинг ҳам ўрни беқиёслиги айтилади.

Маврлардан кейин ўзбеклар...

Халқаро Қулдорлик Кўрсаткичига мувофиқ, Ўзбекистон - қулдорликни қўллайдиган олди давлатлардан бири.

Айниқса, пахта мавсуми қизийдиган куз ойлари Ўзбек ҳукумат қулдек меҳнатни мажбуран жорий этиш бобида Африкадаги Мавританиядан кейин дунёнинг иккинчи энг ашаддий қонунбузарига айланади.

Тўғри, кейинги йиллари халқаро миқёсда кучайган саъй-ҳаракатлар оқибатида мамлакат ёш болаларни пахтага чиқариш тажрибасидан воз кечишини билдирди.

Қолаверса, Ўзбекистон ҳукумати болаларни ўқишдан узиб, дала меҳнатига мажбурлаб келганини илгари ҳам ҳеч қачон тан олмаган.

Лекин ҳамон ҳар йили юз минглаб катта ёшли ўзбекистонликлар, давлат ташкилотлари ходимлари, ўқитувчи, шифокор ва талабалар мажбуран ягана, ўтоқ ва пахта терими учун далага олиб чиқилади.

Image caption Ислом Каримов ҳукумати сталинча мажбурий меҳнат кўринишларини сақлаб келмоқда

Расмийлар бу жараённи одамлар ташаббус кўрсатди, деб изоҳлашади. Бироқ аслида одамлар ишидан ажралиш ва ҳатто бундан ҳам оғирроқ оқибатлардан қўрқиб, далада ишлашга мажбур бўладилар.

Тожирлар эса пул йиғиб беришлари керак. Айрим ходимлар ўз ўрниларига пахта терадиган мардикор топиб, унга ўз ёнларидан пул тўлаб пахтага жўнатишади.

Ҳокимлар бу пайтда ҳатто тўй ўтказишни ҳам тақиқлаб қўя олишади. Кўчаларни эса Совет давридан нусха кўчирилган шиорлар ва чақириқлар тўлдириб юборади.

Аксар фермерлар давлат истаганича пахта ё ғалла етиштиришга мажбурлар.

Бироқ мутахассисларнинг айтишича, "оқ олтин" ўзбек халқи косасини оқартираётгани йўқ. Иқтисодчиларга кўра, пахта меҳнати оғир, аммо нархи арзон.

Бу эса фойда олиш истагидаги ҳукуматни замонавий қулдорлик ёки мажбурий меҳнатга ундаётган бўлиши мумкин.

Қайси қонун бажарилган?

Янги халқаро ҳужжат чиққани билан, барибир, Ўзбекистондаги мажбурий меҳнатга оид аҳвол ўнгланиши бобида ишончлар кам.

"Ўзбекистон ҳукумати ўзининг қайси халқаро мажбуриятини бажарган эдики, энди буни бажарса?" - дейди Париждаги "Ўтюраклар" инсон ҳуқуқлари гуруҳи раҳбари Мўътабар Тожибоева - "Халқаро ташкилотлар бунга қарши нима қила олишарди?".

Бироқ БМТ махсус маърузачиси Урмила Бҳуланинг Би-би-си Ўзбек Хизматига айтишича, бу борада муайян таъсир воситалари мавжуд. Аммо аввало, мажбурий меҳнат борлигини исботлаш керак бўлади.

"Меҳнат мажбурийми ва ё фуқаролик бурчими, деган масалаларни назарда тутиш керак" - дейди Урмила Бҳула.

Image caption Ўзбекистонда ўта кам сонли фаоллар мажбурий меҳнат ҳақида гапиришади

"Қолаверса, мавжуд ҳолатларни тугатиш саъй-ҳаракатлари фуқаролик жамияти вакиллари тарафидан, Ўзбекистоннинг ўз ичидан келиши керак".

Лекин Ўзбекистонда пахта мавзуси ўта нозик ва мажбурий пахта меҳнатини савол остига олган ё унга қарши чиққанлар турли жазоларги юз тутишлари мумкин.

Халқаро Меҳнат Ташкилоти ўзининг сўнгги хулосасида Ўзбекистонда бола меҳнати деярли тугатилганини эътироф этганди.

Бироқ ҳуқуқ фаолларига кўра, ёки Ўзбекистон ҳукумати халқаро кузатувчиларни олдиндан белгиланган жойларга олиб бориб, ҳақиқий аҳволни кўрсатишмаган, ёки ушбу ташкилот ва Ўзбекистон ҳукумати орасидаги барча мулоқотлар очиқ бўлмаслиги мумкин.

Халқаро кузатувчиларга кўра, қулдорлик борлигини тан олмасдан, асосан, тақиқ, чеклов ва жазо усулларини қўллаб, муаммони ҳал этишга уринаётган Ўзбекистон ҳукумати чоралари самарали иш бермаслиги аниқ бўлиб бормоқда.

Яъни нафақат ичкаридаги мажбурий меҳнат тугатилмаган, балки одамларнинг четга чиқишларини қийинлаштираётган чора-тадбирлар аслида қашшоқлик ва ишсизлик боис хориждан ризқ излаётган инсонларнинг хорижда ҳам қуллик, фоҳишалик ва одам савдоси қурбони бўлишларини тўхтата олмаяпти.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ