Жанубий Корея президенти Ўзбекистонга сафар қилади

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption "Овросиё Ташаббуси" муаллифи

Жанубий Корея Президенти Пак Кин Хэ Ўзбекистонга уч кунлик сафарини бошлаган. У ўз сафарининг биринчи кунида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан учрашади.

Пак хоним сафарининг асосий мақсадлари - Осиё ва Оврўпо ўртасидаги қадимий савдо йўлида ётувчи Ўзбекистон билан иқтисодий алоқаларни кучайтириш, ҳамда Оврўпо Иттифоқига ўхшаш иқтисодий иттифоқни яратиш йўлидаги “Овросиё ташаббуси”ни муҳокама қилишдан иборат.

Ўзбекистоннинг Осиёдаги энг йирик иқтисодий ҳамкорларидан бўлмиш Жанубий Корея раҳбари ўтган октябрь ойида таклиф қилган ташаббусга кўра, Марказий Осиёда кўпроқ инфратузилма қурилиши керак ва Овросиё давлатлари ўртасидаги савдо йўллари очилиши лозим.

Таҳлилчиларга кўра, яқинда Россия бошчилигидаги Овросиё Иқтисодий Иттифоқини танқид қилган жаноб Каримовга Пак хонимнинг ташаббуси кўпроқ ёқиб тушиши мумкин.

Жума куни Жанубий Корея пойтахти Сеулда ўтган иқтисодий анжуманда сўзга чиққан Пак хоним Овросиё қитъасидаги энергетика инфратизилмаларини бир-бири билан боғлашни таклиф қилди.

У Кореянинг Бусан шаҳрини Марказий Осиё орқали Оврўпо билан боғловчи “Ипак Йўли Экспресси” номли темир йўл ва магистрал йўллар тармоғи қурилиши кераклиги ҳақида гапирди.

Тошкентга сафари чоғида Пак хоним ўзбекистонлик ҳамкасби билан сиёсий, иқтисодий ва маданий соҳалардаги стратегик ҳамкорликни ҳам муҳокама қилади.

Икки раҳбар ҳозирда қиймати 8 миллиард долларга тенг ўзаро иқтисодий лойиҳалар қандай амалга оширилаётганини ҳам текширадилар.

Амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар сирасига Орол денгизига яқин ҳудуддаги Сургил газ майдони ривожлантириш ва кимёвий газ корхонасини қуриш киради.

Президент Пак, шунингдек, ўзининг “Корея ярим оролидаги ишонч жараёни” дастурига жаноб Каримовнинг дастагини олишга уринади. Дастурга биноан, Шимолий Корея дипломатик музокаралар орқали ядровий қуроллардан воз кечиши керак.

Пак хоним ўз сафари чоғида Ўзбекистонда яшаётган этник корейс аҳолиси вакиллари билан ҳам учрашади. Ўзбекистон 180 минг этник корейсларга ватандир.

Айни дамда, Жанубий Кореянинг ишлаб чиқариш ва қурилиш соҳаларида минглаб ўзбек меҳнат муҳожирлари ишлаб келмоқда.

Ўзбекистон президенти Каримов ўз тараққиёт йўлида "ўзига хос ва ўзига мос"га ўтишдан аввал Туркия қатори Жанубий Корея моделини ҳам муваққат "синаб" кўрган эди.

Сиз Жанубий Кореядамисиз? Икки мамлакат ўртасидаги алоқалар борасидаги фикрингиз қандай? Муҳожирлар ҳуқуқлари таъминланган ва ҳимояланган деб ўйлайсизми?

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ