Кинони тафтиш босди...

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc

Қайсидир куни момақалдироқдан кейинги қўзиқориндек (узр, эшакқалпоқ десам ҳам бўлаверади) кўпайиб кетган бачкана ва саёз, бири иккинчисини такрорлайдиган сийқа ўзбек кинофильмлари ҳақида бир-икки аччиқ-тизиқ гаплар ёзгандим. Гапнинг индаллоси, ўзимнинг фикрларимни эмас, ёнимга дардини айтгани келган одамларнинг гапини такрорлагандим холос. Рости, уларнинг гапидан кейин каминанинг ҳам тоза хуноби ошганди. Энди эса дўппимни осмонга отсаммикин!? Нега дейсизми?

Ҳа, мен нима демоқчи эдим? Демоқчиманки, Ўзбекистонда хусусий киностудиялардан тортиб марказий кинотеатрларгача ёппасига тафтиш босибди. Шу гапни эшитдиму, ўзимизнинг маҳаллалик одам, шу кинонинг орқасидан бизнес қилиб юрган киностудия эгасига телефон урдим.

"Ака қўйинг, сўраманг! Иш расво," дейди у: "Бу биззи бизнес тагига сув кетдиёв. Тафтишчилар мўр-малахдек босиб келган, ҳаммасини титкилаб ётишибди. Ҳисоб-китобдан тортиб киносценарий савиясигача. Энди гаппи очиғи, йиғиштир шалам-балангни, ҳамма томонни шилта қивордиларинг, энди ёки тўхтасан, ёки Ўзбеккино билан келишиб ишлайсан, юқори савияли кино ишлайсан, дейишди. Бу биласиз, Ўзбеккино давлат агентлиги, ҳар битта кино, сценарий улар тасдиқлаб берса кейин ўтса керак. Бу жуда қийин иш," дейди у хўрсиниб.

Яна қўшимча қилдики, бу ташвиш ҳозир ҳамма хусусий киностудиялар бошига тушибди. Қаттиқ текширишмоқда экан. Кўплари ёпилиб кетса керак, деди у. Назаримда ўзининг ҳам шашти анча паст, эҳтимол "дўкони"ни ёпиб ташлар. Чунки, юқори савияли кино ишлаш осон эмас. Булар шу пайтгача фақат пул қилса бўлди эди.Энди мен нима дердим. Ҳа, шаҳар бедарвоза эмас, ҳукуматга раҳмат, дейманда. Биламанку, булар бир пайтлар бир ҳафтада битта кино олиб, мактабу лицей ўқувчиларини ёппасига кинога ҳайдаб, сарфлаган пулини бир ойда ўн баробар қилиб чиқариб олган. Ўқувчи ва талабаларнинг чўнтагидан чиқарган. Албатта, гороно мудирию мактаб директорлари оғзини ўз вақтида мойлаб ҳам турган. Хайрият, ўша пайтлар ҳам ана энди ўтиб кетди.

Ўзи бу мавзу кейинги пайтда одамлар орасида жуда кўп муҳокама бўлаётган эди, катталар қолиб ёш болалар ҳам киноларнинг бачканалигидан кулиб юришганди. Бироқ ҳали киномиз зўр бўлиб кетишига умид бор, аввал сон кейин сифат, деб айтаётганлар ҳам кўп. Шундайлардан биттасининг, туппа-тузук ижодкор одамнинг гапини эшитиб қолдим. Эмишки, ўзбек кинолари бачкана бўлса ҳам қўшни мамлакатлар бозорларини тўлдириб ташлаган эмиш. Қирғиз бозорида ҳам, тожик бозорида ҳам ўзбек кинолари сотилаётган экан. Бу туришида бутун минтақа бозорини эгаллаб, кейин сифат ҳақида ўйлаб қолсак керак, дейди у.

Энди мен нима дердим бу гапларга!? Аввал сон келиб кейин сифат келадими ёки аксинчами. Ёхуд бу ҳам аввал тухум пайдо бўлганми ёки товуқ деган масала кабими? Демоқчиманки, буни ўша ижодкору зиёли деган одамларнинг ўзлари муҳокама қилсин, дейманда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ