"Оғзингга тезак, юзингга қаро!"

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK.COM
Image caption Нонни енг, унини суриштирманг...

Эр-хотиннинг уруши, дока рўмолнинг қуриши, деган гап бор. Яна айтишадики, рўзғор жанжалсиз бўлмайди, деб. Хотин билан бўлган жанжалдан сўнг шу эговнинг овозини ўчирай деб, тонг саҳарлаб бозорга отландим. Шакар олгани. Билганимда эди бошимга не савдолар тушишини, хотиннинг гапларига миқ этмай чидаб ўтиравердим.

Ҳаммаси шу телевизору радиодан бошланди. Ўтган ҳафта ўзбек матбуоти мамлакатимизда озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш зўр йўлга қўйилгани, чет эллик меҳмонларларнинг бозорларимиз тўкинлигидан оғзи эски жигулининг эшигидек ланг очилиб кетгани ҳақида роса бонг урди. Мен ҳам эшитгандим, газетларда ўқиб қолгандим, ғалла мустақиллигига эришганимизу дунёда энг мазали мевалар фақат бизнинг юртда етилишини. Мевамизга ростдан ҳам гап йўқ, лекин шу ғалла мустақиллиги деганда сал иккиланиб қолдим. Ахир ўзбек унидан нон ёпадиган бирорта новвойхона кўрганмисиз? Ҳаммаси қозоқ унидан фойдаланади.

Майли, гапдан чалғимай айтмоқчиманки, бу тўкин-сочинлик ҳақидаги бир ҳафталик нағмадан кейин хотин қурғур пишиқчиликда мураббо пишириб олиш пайига тушди. Шакарни дўкондан 3600 сўмга эмас, бозордан 2800 сўмга оласан деб туриб олди. Бозорнинг арзон шакарини олиш қанақа бўлишини қулупнай мавсумида бир кўргандим. Лекин энди у дамлар ўтиб кетди, бу ёқда тўкинчилик ҳақида ҳамма гапириб ётган бўлса, шакар ҳам серобдир деган ўйда рози бўлдим.

Соат 7.30да бозорга кириб бориб, шакарга навбатга турганлар сафига қўшилдим. Бироздан кейин қарасам, навбатнинг давомини ёнимдаги дўконча тўсиб турган экан. Вой-бўй, камида уч юз киши турибди навбатда. Яна навбат олиб қўйиб, бошқа ишини қилиб юрганлар қанча экан. Юрагим сиқилди, устига-устак навдатдагиларнинг аксарияти аёллар, чоллар, сочига оқ оралаган ўрта ёш кишилар, менга ўхшаш ёшроғи йўқ. Орим келди, ўзимни омади чопган, ойликка қараб қолмаган одамдек тутиб дўкондан шартта қимматроқ шакар олиб, кейин хотинни арзон шакардан олдим деб алдасам қандай бўларкин. Афсус, чўнтагимдаги пулимни ҳисобласам, етмас экан.

Image caption Ачиб кетса ҳам ўзимизда ачисин!..

Майли, аёл киши ҳам рўзғорни деб куйинади. Арзони турганда, қимматига ошиқча пул кўчада ётибдими? Шу уй билан бир соат турганимдан кейин атрофимдаги ғала-ғовурни унутиб, жиддий фикрлай бошладим. Қарасам, мен ҳам жўяли фикр айтсам бўлар экан. Шу кунларда бодринг деган савил роса исроф бўлмоқда. Ҳе қишлоқларда сув текин эмиш, килосини юз эллик сўмга ҳам олса бўлар экан. Юз эллик сўмга нима беради, бир қути гугурт беради холос. Энди ўйлаб қолдим, бу туришида деҳқон нима фойда кўради, полиздан териб чиқиб бозорга етказган харажатини ҳам қопламай қоладику. Тўғри, биз арзончилик бўлишини хоҳлаймиз, лекин деҳқоннинг меҳнати, мева-сабзавот ҳам увол бўлмаслик керакку. Ўтган йили кузда пиёз арзонлаб, тонна-тонна пиёз даладаёқ чириб кетганди. Энди бодринг ачиб ётибди.

Мен нима демоқчиман? Демоқчиманки шу пишиқчилик пайти чегараларни очиб, ўзимиздан ортиб қолаётган мева-сабзавотни қўшни мамлакатларга бемалол чиқариб сотсак бўлмайдими? Майли бодрингни килоси юз эллик сўм бўлмасин, боринг беш юз сўм бўлсин, лекин шунда бизга ҳам арзонроқ шакар кириб келармиди, мана бунақанги навбатларда сарғайиб турмасмидик. Шу гапларни ёнимда турган бир кишига айтган эдим, менга тентакка қарагандек тикилиб қолди. "Тепадагиларнинг калласи сеникидан яхшироқ ишлагани учун тепада ўтирибди, сен эса бу ерда турибсан," деб гапни қисқа қилди ва ўзини мендан узоқроқ тутди. Ёмон мулзам бўлдим. Бахтимга навбатда тўпалон чиқди. Ҳамма ўша томонга қаради, аёллар чинқириб бақирди, кампирлар нолиди, эркаклар ўшқирди. Бозор нозирлари етиб келиб, ҳаммани тинчлантирди, кимдир навбатсиз суқилмоқчи бўлган экан.

Соат 11.20 бўлибди. Оёғим толиқиб, қорним очди, на ўтирадиган, на суянадиган бирор нима бор. Аксарият кишилар бозор халтасини устига ўтириб олган, йиғма курси кўтариб келганлар ҳам бор. Шу пайтда сездимки, бир оиладан уч-тўрт киши келиб шакар олар, кейин ҳаммасини бир қопга ёки челакка солар экан. Чунки бир кишига беш килодан ортиқ шакар сотилмас экан.

Яна бир соат ўтди. Мен ҳам бошқаларга қўшилиб, ҳар замон нолиб, ўрни келса сўкиниб туравердим. Жанжал чиқса томоша қиламан, одам ўзини овутиб туриши керакку ахир. Лекин қорним ёмон очқади. Бир ярим мингга иккита гумма олиб едим. Ўзимча ўйладим, тежаб қоламан деган пулнинг 30 фоизи гуммага кетди. Зерикиб, шу яқинда тухум сотиб турган аёлни гапга солдим, бугун одам кўпми ёки ҳар куни шу аҳволми деб сўрадим. Ҳар куни айни шу томоша экан. "Гуммадан яна еб олаверинг, ҳали соат икки-учгача турасиз," деди у. Бу аёлнинг айтишича, шакар сотувчилар атайин жуда секин ҳаракат қилар, вақтни чўзишар экан, чунки шакар кечгача тугаб қолмаслиги керак эмиш.

Тушдан кейин соат 2дан 45 дақиқа ўтганда навбатим етиб келиб, беш кило шакар олдим. Тиқилинч автобусда силлам қуриб уйга келдиму хотинга бақирдим: "Мана беш кило шакар!" "Оғзингизга шакар, хўжайин!" деган кўтаринки овоз келди ичкаридан.

Беихтиёр Афандининг шеъри ёдимга тушди:

"Далага чиқдим ўтинлар аро, Оғзингга тезак, юзингга қаро."

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ