'Авторитар Ўзбекистон ўзгармайди'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Ислом Каримов Ўзбекистоннинг "ўзига хос ва мос" йўлини белгилаб берган

Жанубий Корея Республикаси Президенти Пак Кин Хэнинг Ўзбекистонга сафари якунланар экан, президент Ислом Каримов Жанубий Кореяни "синалган ҳамкор" сифатида атаб, Тошкент ва Сеул ўртасидаги стратегик ҳамкорлик миқёсини янги даражага кўтарган.

Таҳлилчиларга кўра, Ислом Каримов ўз сиёсатига таъсир этмайдиган гуруҳ ё мамлакатга яқин бўлиш ҳаракатида. Жанубий Корея эса сиёсий таъсир истамайди, балки иқтисодий манфаатларни илк ўринга қўяди.

Жанубий Кореянинг Ўзбекистондаги иқтисодий таъсири аллақачон биргина автомобилсозликда кўринмайди.

Минглаб ўзбеклар Жанубий Кореяда ишлашади. Ўзбекистон ичкарисида ҳам бу мамлакат ширкатларида ишлаш - кўплаб ўзбекларнинг орзуси.

"Жанубий Кореянинг Hyundai ширкатига ишга кирмоқчиман" - дейди қашқадарёлик ёш йигит.

"Маоши ҳам катта, қатнашим учун ҳам ўнғай ва четга чиқиб иш излашимга ҳожат бўлмайди".

Суҳбатдошим бир неча йил чет элларда ишлаб келган, бир неча тилда гаплашади. Лекин энди Ўзбекистонда яшамоқчи. Бироқ бош ташвиши - яхшўи маошли мунтазам иш топиш.

Шундай ҳолатда Hyundai каби ширкатлардаги иш замонавий билимли ва малакали ёшларни ўзига тортади.

Кўпчилик Ўзбекистон давлат корхоналарида тузукроқ ишга кириш учун катта пора бериш кераклигини, хорижий ширкатлар эса пулингга, эмас каллангга қараб ишга олишини айтишади.

Юртбошини ишонтирган юрт

Жанубий Корея Ўзбекистон мустақиллигининг илк йилларидан бери бу мамлакат билан жипс ва силлиқ иқтисодий ҳамкорлик қилиб келаётган ягона давлатдир.

Давлат сиёсатининг кўзгуси бўлган ўзбек телеканаллари неча йилки фақат Жанубий Корея телесериалларини намойиш этишади.

Президент Каримов ҳукуматига хуш келмайдиган Туркия сериаллари эса телеэкранлардан буткул олиб ташланган.

Машинасозлик ва техник жиҳозлар йиғиш ҳамда киритилган сармоя миқёси бўйича Жанубий Корея анча йиллар Ўзбекистонда етакчиликни йўлдан бермаган.

Президент Каримов энди Жанубий Корея билан яқин иқтисодий алоқаларнинг янада яқинлашувини таъкидламоқда.

"Жанубий Корея қиёфасида биз синалган ва ишончли стратегик ҳамкорни кўрамиз" - деди Ислом Каримов сўнгги нутқида - "Бу мамлакат кўп соҳалар, хусусан, халқаро савдо ва иқтисодда етакчи мавқега эга".

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Ўзбекистонда аксарият Жанубий Корея автомобилларини минади

Ўзбекистон президентининг айни гапи Тошкент ва Сеул муносабатларида иқтисод неқадар устунлигини ҳам англатади.

Тошкентда Жанубий Корея президентини қабул қилган Ислом Каримов Устюртда газ кимё мажмуаси қуриш ва Тошкентда тўқимачилик технологияси маркази очиш каби йирик лойиҳаларни режалашган.

Россия етакчилигидаги иттифоқлар Ўзбекистон мустақиллигига раҳна солишини урғулаётган Ислом Каримов ҳар қандай геосиёсий мақсадлардан ҳоли, фақат иқтисодий манфаатларни кўзда тутадиган ҳамкорликни истамоқда.

Жанубий Корея эса худди шундай шерикликни таклиф эта олади.

Энди кимнинг йўлини тутсак?

"Россия етакчилигидаги лойиҳалар сиёсатга таъсир этади ва ўз мафкурасига эга" - дейди сиёсатшунос Камолиддин Раббимов - "Аммо Жанубий Корея билан ҳамкорлик фақат иқтисодий манфаатларни кўзда тутади".

"Пост-авторитар давлат бўлган Жанубий Корея инсон ҳуқуқлари ва демократия талабларини ҳеч қачон илгари сурмайди, балки мамлакат савдо-иқтисодий муносабатларни ривожлантириш, йўлларни очиш ва ўз энергия эҳтиёжларини қондиришни истайди".

Лекин суҳбатдошимизга кўра, Жанубий Корея билан яқинлашиш йирик иқтисодий ўзгаришларга ҳам етакламайди, сиёсий вазиятни ҳам ўзгартирмайди.

Ўзбекистон мустақиллик йилларида бир неча давлатнинг тараққиёт моделига мойиллик билдириб келган.

1990-йиллари Малайзия, Туркия ёки Жанубий Корея модели каби иборалар тез-тез такрорланарди. Кейинроқ Ўзбекистон фақат ўзига хос ва ўзига мос йўли борлигини таъкидлашни хуш кўра бошлади.

Image caption Ўз бозорларини арзон молларга тўлдирган Хитой моделига ҳам Ўзбекистон бефарқ эмас

Лекин Ўзбекистоннинг "ўзига хос ва ўзига мос" йўли мамлакатдаги кўп миллионли ишчи кучи учун етарли иқтисодий инфратузилма ярата олмади.

Бугун миллионлаб ҳам малакали, ҳам малакасиз ўзбеклар яқин ва узоқ хорижда ҳар қандай ишни бажариб бўлса-да, оила боқишга мажбурлар.

Каримов янги модел изламаяпти

"Бир неча йил аввал Каримов Сингапур ва Хитой модели ҳақида гапирганди" - дейди Камолиддин Раббимов - "Бунда сиёсий авторитарлик сақланиб қолади, аммо босқичма-босқич иқтисодий либерализм амалга оширилади".

"Аммо ушбу йўлни танлаган давлатларга хос хусусият - суд ҳокимиятининг мустақиллиги ва коррупциянинг йўқлиги ё камлиги".

Ўзбекистонда эса суд ҳокимияти мустақил эмас, мамлакатнинг порахўрлик ҳамда коррупция ботқоғига ботгани ҳар йилги халқаро ҳисоботларда бот-бот такрорланади.

Шунингдек, кичик тижорат ва ишбилармонликка "кенг йўл очилаётгани" ҳақида расман кўп гапирилса-да, ўзбек ишбилармонлари амалда таниш-билишсиз, порасиз ва ё қонунни бузмасдан тижорат юритиш деярли мумкин эмаслигини таъкидлайдилар.

Шунга қарамай, мавжуд ҳолатнинг ўзгаришига умидлар катта эмас.

"Ўзбекистонда Каримов янги модел изламаяпти" - дейди Камолиддин Раббимов - "Мамлакатда иқтисодий ва сиёсий модел шаклланган ва у фақатгина Каримов кетгандан кейин кўриб чиқилиши мумкин".

"Ўшанда ҳам авторитарлик моҳияти ўзгармайди ва ўзгаришлар жузъий бўлиб, муайян жиҳатларгагина таъсир қилади".

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ