Президент Атамбоев Ўзбекистондан "ялиниб газ сўрамоқчи эмас"

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ўшга борган Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбоевнинг айтишича, Ўзбекистон апрел ойи ўртасида тўхтатган Қирғизистон жанубига табиий газ узатишни қайта тикламоқчи эмас.

Президент Атамбоев сўзларига кўра, Ўзбекистон газ таъминотини тиклаш эвазига Қирғизистон олдига бажариб бўлмас шартлар қўймоқда.

"Улар бизнинг Чўнғ-Олой водийсидан ўтадиган Туркманистон-Қирғизистон-Хитой газ қувурига уланмаслигимизни талаб қилишаяпти. Ўзбекистон мамлакат жанубига газ таъминотини қайта тикламоқчи эмас", дея Президент Атамбоевдан иқтибос келтирган "Вечерний Бишкек" рўзномаси.

"Қирғизистон қўшниларидан газ беришни сўраб ялинмайди. Мен "Газпром"дан газ инқирозидан чиқиш йўлини топишни сўрадим. Россия ширкати Қозоғистоннинг Талас вилоятидан мамлакат жанубига газ қувури тортиб келтиради", деб айтган Президент Атамбоев.

Қирғизистон президенти Ўш шаҳри аҳолисига давлат ҳисобидан суюлтирилган газ балонлари етказиб берилиши ҳақида айтган.

Жаноб Атамбоев суюлтирилган газни ҳам Россиядан олиш ниятида.

Қирғизистон жануби икки ойдан буён газдан бутунлай узилган.

Ўзбекистон жорий йилнинг 14 апрелидан бошлаб қўшни Қирғизистонга газ етказиб беришни тўхтатиб қўйган.

Ўзбек томонининг бундай қадамига Россиянинг "Газпром" ширкати апрел ойи бошида "Қирғизгаз" очиқ ҳиссадорлик жамиятини рамзий 1 долларга сотиб олиши сабаб бўлгани айтилади.

Қирғиз расмийлари Ўзбекистон бу масалада ўз қўшниси билан мулоқот қилишни истамаётганидан шикоят қилишган.

Аммо 19 июн куни Бишкек ва Тошкентдаги манбаъларнинг Би-би-сига тасдиқлашларича, газ борасидаги расмий музокаралар бошланган, бироқ ҳозирча ҳеч қандай силжиш йўқ.

Қирғиз матбуотининг хабар қилишича, Ўзбекистон Ўшга газ таъминотини қайта тиклаш учун Сўх анклавига йўлак очиб беришни ҳам талаб қилган.

Аммо расмий Тошкент бу каби талаб илгари сурилганини тасдиқламаган.

Қирғизистондаги айрим нашрлар Ўзбекистон бунга қўшимча расмий Бишкекдан Норин ГЭСи қурилиши юзасидан халқаро экспертиза ўтказиш талабини ҳам газ масаласига боғлаётгани ҳақида ёзишмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ