АҚШ: Ўзбекистон ҳукумати одамларни қулдек ишлатмоқда

АҚШ Давлат Департаменти одам савдосига доир бу йилги ҳисоботида Ўзбекистонни "қора рўйхат" бошида қолдирган.

Ҳисоботда айтилишича, Ўзбекистон замонавий қулликка қарши етарлича курашмаяпти, қайтага ҳукуматнинг ўзи одамларни қулликка солишда иштирок этаётир.

Давлат Департаменти Ўзбекистонни иккинчи йил кетма-кет одам савдоси ва мажбурий меҳнат кенг тарқалган давлатлар рўйхатининг учинчи тоифаси -Tier 3 га қўйган.

Бу каби тасниф одам савдосига қарши курашнинг энг бирламчи талабларига жавоб бермайдиган ва жавоб бериш учун ҳаракат ҳам қилмаётган давлатларга нисбатан қўлланади.

Учинчи тоифа мақоми Ўзбекистонга АҚШнинг савдо ва инсонпарварлик ёрдамига алоқаси бўлмаган кўмаги камайтирилиши мумкинлигини англатади.

Бу тоифага киритилган давлатлар, шунингдек, Жаҳон Банки ёки Халқаро Молия Жамғармасидан ёрдам олишда Қўшма Штатларнинг қаршилигига дуч келишлари мумкин.

2013 йилга қадар Ўзбекистон олти йил давомида иккинчи тоифадаги кузатув рўйхатида бўлган.

Пахта саноатида мажбурий меҳнатга қарши курашувчи "Cotton Campaign" гуруҳи АҚШ ҳукуматининг қарорини олқишлаган.

Гуруҳ тарқатган баёнотда айтилишича, ушбу қарор мамлакат далаларида пахта теришга мажбурланаётган 1 миллиондан ортиқ ўзбеклар учун "бирдамлик муждаси"дир.

Ўзбекистон ҳукумати сўнгги йилларда одам савдосига қарши курашни кучайтиргани ва мажбурий меҳнатни тақиқлаганини айтиб келади.

Қуллик ва фаҳш манбаъи

АҚШ ҳукуматига кўра, Ўзбекистон меҳнатга ва фоҳишаликка мажбурланаётган эркаклар, аёллар ва болаларнинг манбаъи бўлган давлат ҳисобланади.

Ҳисоботда айтилишича, ўзбеклар хориждагидан кўра кўпроқ ўз ватанларида қулликка солинмоқда ва асосий қулдор - давлатдир.

"Пахта йиғим-терими мавсумида эркаклар, аёллар ва болаларнинг ҳукумат томонидан пахта теришга мажбурланиш ҳоллари ҳануз кенг тарқалган", - дейилади ҳисоботда.

АҚШ Давлат Департаменти ўқитувчилар ва талабалар, шунингдек, хусусий секторда ишлаётганларнинг пахтадан ташқари қурилиш ва тозалов ишларига мажбурланаётганини ҳам қайд этган.

Ҳисоботга пахта теришдан бош тортган ўқувчи-талабаларнинг ўқишдан ҳайдалгани, ҳоким томонидан дўппосланган бир фермернинг эртаси куни вафот этгани, бошқа бир фермер эса ҳокимнинг қаматаман, деган дағдағасидан сўнг ўзини ўлдиргани ҳақидаги хабарлар ва далиллар илова қилинган.

Ўтган йили Ўзбекистон биринчи марта Халқаро Меҳнат Ташкилоти кузатувчиларини ўз пахта далаларига қўйган.

ХМТ ҳайъати "2013 йилги пахта мавсумида болаларнинг мажбурий меҳнатидан мунтазам фойдаланилмаган", деган хулосани тақдим этган.

Айни пайтда ташкилот Болалар меҳнатининг энг ёмон кўринишларига қарши Конвенция бузилган 53 та ҳолатни аниқлаган.

АҚШ Ўзбекистон ҳукуматини бу йилги пахта мавсумида катталарнинг мажбурий меҳнатига бутунлай барҳам бериш ва болаларнинг мажбурий меҳнатига қарши чораларни кучайтириш, жумладан, ХМТ ва фуқаро жамияти гуруҳларининг пахта мавсумини яқиндан кузатишига имкон яратиб беришга чақирган.

Айни пайтда ҳисобот Ўзбекистон ҳукумати хорижда фоҳишаликка мажбурланган фуқароларга ёрдам кўрсатган ҳолларни ҳам қайд этган.

Жумладан, ўтган йили Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги элчихоналари 380 нафар қурбоннинг ватанига қайтишига кўмаклашган.

Ноҳукумат ташкилотлари ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорлик қилган қурбонларнинг ҳимоя қилинаётгани, расмийлар уларнинг исм-шарифларини сир сақлашаётганини қайд этишган.

Уларга кўра, қурбонларга кўрсатиладиган ёрдам уларнинг ўзбек ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорлигига боғланмайди.

Матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02