Ислом Каримов невараси: "Бобомни кимдир бошқараяпти"

Фото муаллифлик ҳуқуқи REN TV

Россиянинг РЕН ТВ телеканалида намойиш қилинган кўрсатувда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг невараси Ислом Каримов ўзи ва онаси президентнинг оиласидан қандай четлатиб қўйилгани ва онаси юз тутаётган муаммолар ҳақида сўзлаб берган.

Бу Ўзбекистон президентининг тўнғич невараси - 22 ёшли Ислом Каримовнинг илк интервьюсидир. РЕН ТВ бошловчисига кўра, президентнинг невараси ўзи уларга суҳбат таклифи билан чиққан, бироқ нима учун унинг Россия телевидениесини танлагани очиқланмайди.

Суҳбатни Лондонда ўтказган "Неделя" дастури бошловчиси Марианна Максимовскаянинг айтишича, ёш Ислом Каримов ҳозирда "Оксфорддаги университетлардан бирида" таълим олмоқда ва ўқишга тан қўриқчилари билан қатнайди.

Интервью бошида Ислом Каримов ўз онаси Гулнора Каримовани жорий йилнинг январь ойи охирлари ва февраль ойи бошларида кўрганини айтади.

"У билан алоқам чегараланган. Кўп тафсилотларни билмайман. Лекин, аниқ биламанки, уни ва синглимни уйдан ҳам, мамлакатдан ҳам чиқаришмаяпти. Синглим ҳатто бу ердаги (Британиядаги) ўқишига қайта олмади", - дейди у.

Хабарларга кўра, Гулнора Каримова ва унинг қизи Имон бир неча ойдан бери Тошкентдаги уй ҳибсида сақланмоқда. Каримова хонимнинг Ўзбекистондаги бизнес манфаатларига алоқадор қатор шериклари ҳибсга олинган. Бироқ, Гулнора Каримовага қарши айблов эълон қилинмаган.

Унинг онасига қарши расмий айбловлар илгари сурилгани ё сурилмагани ҳақида сўралганда: "Йўқ, буни мен қандайдир норасмий уй ҳибси деб атаган бўлардим", - дея жавоб берди.

Ёш Ислом Каримовнинг суҳбат давомида билдиришича, онаси ва бобоси уришиб қолишмаган, ва унинг фикрида, бу ишлар "кўпроқ у билмаган ҳолда юз бераяпти".

У ким ё нима учун онасига қарши таъқибларни бошлаётганини аниқламайди. Гулнора Каримова ўзига қарши таъқиблар бошланганида, қатор давлат расмийлари ва Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати раҳбари Рустам Иноятовга қарши айбловлар билан чиқишдан ташқари, ўз онаси Татьяна Акбаровна ва ўз синглиси Лола Каримова-Тиллаевага қарши жиддий даъволарни қилганди.

Ёш Ислом Каримов суҳбатда бу оилавий низога ойдинлик киритишдан бош тортди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи REN TV
Image caption Ёш Каримов онаси ва синглиси уйдан ва мамлакатдан чиқарилмаётганини айтади

"Онам бу одамларга нисбатан нималар хис қилаётганини мен шарҳлай олмайман, лекин, айтишим мумкинки,алоқаларимиз яхши эмас", - деди у.

У онасининг уй ҳибси ва тиббий муолажасини давом эттириш имкониятлари чекланиб қолаверар экан, қандайдир тергов ўтказилиши ва "бу ишлар ортида ким тургани"ни аниқлаш лозим бўлишини айтди.

Лекин, ёш Ислом Каримовнинг айтишича, онасига қарши таъқиблар келгуси йил Ўзбекистонда бўлиб ўтиши мўлжалланган президентлик сайловлари билан боғлиқ.

"Ким ё нима буни бошқараётгани борасида биз аниқ бир хулоса қила олмаймиз, лекин айтиш мумкинки, бу одам мамлакатда катта мавқега эга. Бу ишлар атайлаб, келгуси йил сайловлари олдидан мувозанатни бузиш учун қилинмоқда", - деди у.

Таъқиблардан аввал Гулнора Каримова Ўзбекистон президентининг эҳтимолий меъросхўри деб кўриларди. Каримова хонимнинг ўзи ҳам президентлик курсисига даъво қилишига ишора қилган.

"Бобомни кимдир бошқараяпти"

Бобоси ўз қизи ва неваралари аҳволидан қанчалар хабардор экани сўралганда, ёш Ислом Каримов ўз бобосини кимдир бошқараётганини айтди.

"Кимдир онамни, ва бобомни четдан бошқармоқчи бўлаяпти. Ва уларни бир-бирига қарши қўймоқчи бўлаяпти. Бизнинг душманимиз биз ҳақимизда бобомга нотўғри маълумот етказган бўлиши мумкин. Агар мен у билан алоқага киришга муваффақ бўлсам, ёки у бу кўрсатувни ўзи кўрса, у ўзига яраша хулоса чиқариб, вазиятни ўнглайди", - деди у.

Фото муаллифлик ҳуқуқи REN TV
Image caption Ёш Каримов ўз бобосини сенябрдан бери кўрмаганини айтади

У сентябрь ойидан бери бобоси билан кўриша олмаганини ҳам билдирди.

"Шунча ойлар давомида у билан боғланишга ҳаракат қилдим. Сентябрь, октябрь, ноябрь, кейин декабрга келди. 22 декабрь - менинг туғилган куним. Ўтган 21 йил давомида ҳамма туғилган кунларимни унинг уйида нишонлаганмиз. Унинг уйига келганимизда, бизни қўйишмади. Қандайдир буйруқ бор дейишди, лекин бу буйруқ кимдан экани ва нима бўлганини айтишмади. Ўйлашимча, унинг ўзи биз у билан шунча вақт давомида боғланишга ҳаракат қилганимизни билмайди", - деди у.

Заҳарлаш иддаолари

Ёш Ислом Каримов онаси билан бирга ўзи ҳам ўз жонига қилинган суиқасд ҳаракатидан омон қолганини даъво қилди.

"Бу икки йилча аввал содир бўлди. Онамни зўрға сақлаб қолишди. Мени камроқ заҳарлашган экан, ва менинг организмим ёш экани ҳисобга олинса, менга унинг таъсири камроқ бўлди. Лекин, иккимиз ҳам муолажадан ўтдик, мен бир ярим йил, онам эса ҳали ҳам муолажа олаяпти. Охирги маълумотларга кўра, онам шу муолажа учун зарур бўлган дори-дармонларни ололмаяпти", - деди у.

У мамлакат президенти заҳарлаш ҳаракати ҳақида билишини ва кўп хавотир олганини айтди.

"Молиявий муаммом йўқ"

Президентнинг неварасидан унинг дабдабали ҳаёт кечириши ҳақидаги даъволарга муносабати сўралганди, у қаттиққўл она тарбияси билан ўсганини айтди.

"Биринчидан, менда ҳеч қандай машиналар коллекцияси бўлмаган. Иккинчидан, менинг онам жуда қаттиққўл одам. Аввал буни тушунмасдим, лекин ҳозир ундан жуда миннатдорман. Мен ҳеч қачон ўзимни "Олтин ёшлар" авлоди аъзоси деб ҳисобламаганман", - деди у.

Британияда қандай кун кечираётгани ҳақида сўралганида эса, у молиявий муаммоларга юз тутмаётганини билдирди.

"Молиявий жиҳатдан, онам менга совға қилган пул миқдори бор. Ўқиш ва яшашдан ташқари менда ҳозир катта харажатлар йўқ, шундай экан менда молиявий муаммолар йўқ", - деди у.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ