"Юлдуз Усмоновани болаликдан таниганман, лекин биринчи курсда дўстлашганмиз"

Би-би-си меҳмони - ўзбекистонлик таниқли хонанда Юлдуз Абдуллаева.

Юлдуз Абдуллаева Марғилон шаҳрида туғилиб ўсган. Болалигидан қўшиқ айтишни севган ёш Юлдуз аввалига 1982-86 йилларда Марғилондаги Санъат билим юртида, сўнгра эса Тошкентдаги Ўзбекистон Давлат Консерваториясида таълим олган.

Хонанда айниқса "Мен сизни, азизим" қўшиғи билан ўз мухлислари қалбига йўл топа олган. Бу унинг илк қўшиқларидан бири эди.

"Кўкка боқиб юлдуз санайман, гоҳи кеча, кундуз санайман, сочларимни минг хил тарайман, соғинаман, йўллар қарайман", каби мисраларга эга бу қўшиқ бутун Ўзбекистон бўйлаб хитга айланганди.

Хонанда, шунингдек, "Бир қараб ўтинг бизга, лейтенант, зору интизор қизга, лейтенант", каби сўзлари бор "Лейтенант" қўшиғи билан ҳам кўпларга яхши танилганди.

Унинг репертуаридан "Юлдуз ўзим", "Севма мени", "Ҳалитдан", "Кўзларимга боқ", "Кел ёнимга" каби кўплаб бошқа қўшиқлар ҳам ўринлар олган.

Юлдуз Абдуллаева ўз адаши ва Марғилоннинг яна бир донгдор маҳсули Юлдуз Усмоновага кўп қиёсланган ва ҳатто унга рақиб дея кўрилган.

1980-йиллар охирлари ва 1990-йиллар бошларида энг машҳур ўзбек эстарада хонандаларидан бири саналган Юлдуз Абдуллаева радио ва телеэкранларда кам чиқадиган бўлди.

Меҳмонимиз сизнинг саволларингизга жавоб берди.

Юлдузхон, мен сизнинг эски мухлисингизман. Сиз билан кўп маротиба суҳбатда ҳам бўлганман. Мени анчадан буён сиздек истеъдодли хонанданинг кўринмай қолгани беҳад қийнайди. Саволим, сиз қачон яна хурсанд қиласиз, қачон яна ҳар куни қўшиқларингизни эшитиш бахтига муяссар бўламиз? Сизга бахт ва саломатлик тилайман. Шамсиддин, Тошкент

Салом алайкум, яхшимисиз, хорманг? Ҳозир ҳам қўшиқ куйлаяпсизми ё санъаткорликни қўйганмисиз? Вепа Муратов, Тўрткўл

Ассалом алайкум Юлдуз опа! Эсимда бор Сизни 80 йилларнинг охири ва 90 йиллар бошида Юлдуз Усмонова билан кўп адаштиришар эди. Сизнинг ижодингиз фаолиятингиз бошида ғайратли эди, бироқ охирги 20 йил ичида ҳаминқадар ижод қилмоқдасиз. Бир пайтлар хақиқий "ЮЛДУЗ" эдингиз, лекин охирги пайтларда...? Ҳожиаҳмад, Тошкент

Сизниям запрет қилишмадими? Фаррух, Андижон

Абдуллаева: Охирги 10 йилдан ортиқроқ вақт кўринмай кетганим сабабларини айтсам, бу ҳарбий хизматим билан боғлиқ бўлган. Чегара қўшинлари ҳарбий ансамблида фаолият юритдим, шунинг учун телевизорда, тўйу ҳашамларда, тантаналарда кам кўриниб қолдим. Ҳарбий хизмат билан машғул бўлиб қолдим. Концерт дастурларим ҳам бевосита ҳарбийлар олдига бориб, жонли равишда ўша ерда ижодий мулоқот шаклида бўлди. Балки шунга бўлса керак...

Би-би-си: Ҳозир ижодингиз қандай кетаяпти? Янги альбом ё қўшиқлар ёзиб, катта саҳнага қайтиш ниятингиз борми?

Абдуллаева: Ҳозирги пайтда, мана икки-уч йил бўлди, мен ҳарбий хизматдан запасга бўшаганман. Резервдаги капитанман. Шунинг учун, ҳозир ижодимни бошлаб юборганман. Мухлисларим учун янги қўшиқларни ёзаяпман. Телевизиорда битта янги клипим кўрсатилаяпти, балки кўришаётгандир.

Би-би-си: Ҳарбий касбингиздан кўплар бехабар бўлиши мумкин, лекин "Лейтенант" деган машҳур ҳарбий қўшиғингизни билишади...

Абдуллаева: Ҳа, лекин "Лейтенант" қўшиғини ҳарбий хизматга чақирилишимдан олдин ижро этгандим. Ўзбекистон офицерлари ҳақида "Аскар" деган қўшиқ ҳам ижро этгандим. Шунинг учун бўлса керак, ҳарбий раҳбарият сўнг мени хизмат қилишга чақириб олган.

Биламизки ўша йиллари Юлдуз Абдуллаева ажойиб қўшиқлари билан халққа манзур бўлиб, ижоди гуркираётган пайтда негадир бирданига кўринмай кетди, ҳамда ҳар хил миш-мишлар урчишига сабаб булди, аслида нима сабаб бўлиб санъат оламида кўринмай кетдингиз? Келинг очиқ гапирсангиз, ваҳоланки, ўша йиллар ўтиб кетди, ижодни тўхташига оилани сабаб қилманг, кимдирлар сизни ижодингизга тўсқинлик қилгани ва босим ўтказгани бор нарса, тўғрими? Ва нима сабаб булиб шундай бўлишига? Олдиндан раҳмат! ДЖ ШОД

Image caption Юлдуз Абдуллаева дўсти ва ҳамкасби Султонпошша Ўдаева билан

Абдуллаева: Йўқ, ҳеч ким томонидан босим остидан қолмаганман. Ҳарбий хизматни ўтаётган давримда ҳам ижодим давом этган. Лекин, санъат тижорат бўлиб кетган, ва мен тижорат билан шуғулланмаганим учун, концертларга, тўйларга бормаганим учун, ва фақат давлат тадбирларига, давлат концертларига бориб ҳарбий хизматчилар учун хизмат қилганим учун ҳам кўринмай қолдим, балки шунга шундай фикра боргандирлар... Нимага десангиз, ҳарбий хизматнинг ҳам, санъатнинг ҳам ўзига яраша шарт-шароитлари бор. Санъат билан тижоратдек шуғулланиш ҳарбий хизматчига унчалик тўғри келмайди. Лекин, мана резервга чиққаним учун, ҳаракат қилаяпман мухлисларим бағрига қайтишга, тўйларга, концертларга боришга, тантана ва тадбирларда ҳозирги кунда қатнашиб келаяпман.

Юлдуз опа, сиз Юлдуз Усмоновани ўзингизга рақобатдош деб билганмисиз? Собирхўжа Нозимзода, Самарқанд

Абдуллаева: Юлдуз билан ўртамизда рақобат ҳеч сезмаганман... Талабалик йилларидан биз Юлдуз билан ўртоқ бўлганмиз. Кўпчилик билишади, иккаламиз ҳам бир жойдан, Марғилонданмиз. У замон ва бугунги замон ўртасида кўп фарқ бор. Бизнинг замонларда ҳамма ўз ижоди билан, ўз йўналиши билан чиққан. Юлдуз ўзининг қўшиқлари билан, мен ўзимнинг қўшиқларим билан чиққанмиз. Талашиш, тортишиш деган нарсалар бўлмаган у вақтда. Ҳозиргидек, санъаткор дейолмайман-ку, ҳаваскор қўшиқчилар кўп эмасди. Телевизор экранига ёки катта саҳнага бадиий кенгашдан ўтган ҳолда қўшиқларимизни олиб чиқардик. Шунинг учун бўлса керак, бизда ундай рақобат бўлмаган. Фақат изланиш билан овора бўлганмиз. Йўналишимиз ҳам бошқа эди. Мен эстрада йўналишимдан ташқари, опера қўшиқларини ижро этганман. Консерваторияда вокал йўналишидан таҳсил олганман. Ҳаттоки Навоий опера ва балет театрида солистка бўлиб ишлаганман. Юлдуз эса анъанавий ижро бўйича таҳсил олган. Билмадим, мен у вақтда рақобатни сезмаганман.

Юлдуз Усмонова билан ҳеч дўст бўлганмисиз? Ирода, Манчестер

Image caption Икки Юлдуз ҳам болаликданоқ айни санъат даргоҳларида таълим олганлар

Абдуллаева: Биз Марғилон шаҳрида катта бўлган бўлсак, шаҳарнинг бир чеккасида мен катта бўлганман, бошқа чеккасида Юлдуз катта бўлган. Марғилон марказида театр бўларди, ана ўша ердаги бадиий ансамблга икковимиз ҳам қатнардик. Юлдуз катталар гуруҳида эди, мен эса кичкиналар гуруҳида, чунки орамизда 3-4 йил фарқ бор эди. Ёшликда ёш катта роль ўйнайди, кейин ёшингиз катта бўлгач, билинмай кетади бу нарса. Мактаб даврида ёш жуда катта роль ўйнарди. Масалан, ман 6-синфдалигимда, Юлдуз 10-синфда эди. Ансамблга бошқа-бошқа вақтлар қатнардик. Лекин, асосий муносабатларимиз Тошкентга ўқишга келганимиздан кейин бошланган. Юлдуз билан битта курсда ўқиганмиз. Икковимиз ҳам Тошкент Давлат Консерваториясига биринчи курсга бир йилда кирганимизда, дўстлигимиз бошланган. Лекин, Марғилонда унчалик яқин бўлмаганмиз. Тошкентда у ёнимдадугонам эди, шундай экан, ҳар томонлама ёрдам бўлган. Қўллаб-қувватлов бўлган. Маънавий тарафдан қўллаб-қувватлаш бўлган. Бирга яшаганмиз ҳам.

Би-би-си: Ҳозир кўришиб қолсангизлар, болаликни ё студентлик даврларини ҳеч хотирлайсизларми?

Абдуллаева: Охирги пайтларда жуда ҳам кам кўришамиз. Консерваторияни битиргандан кейин, у ўзининг ишлари билан бўлиб кетди, мен ҳам ўз оилам, ўз ишим билан бўлиб кетдим. Кўришадиган бўлсак ҳам, жуда камдан кам кўришамиз.

Азиз Юлдузхон! Сиз Марғилон ва Консерваторияда таълим олгансиз экан. Авваллари таълимга катта эътибор бериларди. Бугун нега шундай эмас? Бугун устоз кўрмаган қўшиқчи кўпайиб кетмадими? Ёки овоз бўлса таълим шарт эмасми? Ирода, Манчестер

Абдуллаева: Биласизми, бир нарсанинг гувоҳи бўлаяпман, нафақат санъат соҳасида, балки умуман ҳамма соҳаларда одам кўпайиб кетаётгандек. Лекин, санъаткорлар кўпроқ кўзга ташланади. Биз чиққан вақтларда, ҳали айтганимдек, бадиий кенгашлар бўларди, қўшиқнинг сўзларига, мусиқага эътибор кучли бўларди, чет элнинг мусиқасини олиб ўзбекча сўз қўйганларни экранга чиқармасди, бундай нарсалар катта саҳналарга умуман чиқарилмасди. Қўшиқчилар олдига жуда кўп талаблар қўйиларди. Энди, билмадим, бугунги кунда санъаткорлар тижорат йўлида ижод қилгани учун бўлса керак... Буларни мен профессионал санъаткор сифатида, ҳаваскор деб биламан. Бизда бир гап бор - "Замон сенга боқмаса, сен замонга боқ". Балки шу нарса керакдир ҳозирги вақтда. Тижорат, ҳаваскорларнинг кўп бўлиши керак нарсадир. Лекин, барибир, ўқиш керак. Ҳамма нарса авваламбор ижодкорнинг ўзига боғлиқ. Ўзига керак таълимни олади. Агар санъатга у саёз ёндошадиган бўлса, бошида пулнинг кучи билан телевизорда чиқиб туриши мумкин, лекин таълим, дунёқараш, талантинг бўлмаса, эрта-индин барибир қолиб кетасан. Бундай ижодкорлик ўткинчи ижодкорлик деб ўйлайман. Лекин, ҳақиқий истеъдодли ёшлар ҳам бор ҳозир. Мана, Тошкент Давлат Консерваториясида ўқиб, репертуарлари жуда ҳам бой, чиройли ёш санъаткорларимиз ҳам бор.

Image caption Юлдуз Абдуллаева Мансур Тошматов ва Ортиқ Отажонов билан

Ота-онангиз ким бўлишган ва сизнинг касбингизга қандай қарашган? Ирода, Манчестер

Абдуллаева: Онам уй бекаси бўлганлар. Отам раҳматли автобазада бўлим бошлиғи бўлиб ишлаганлар. Болалагимидан ансамблга қатнаб, ижод билан шуғулланганим учун, 8-синфдан кейин санъат билим юртига борганман, ота-онам қаршилик қилмаганлар, ўз йўлимга қўйиб берганлар. Отам раҳматли қўлларидан келганларича ёрдам берганлар, қўлимдан ушлаб санъат билим юртига олиб борганлар. Уни битирганимдан кейин Тошкент Давлат Консерваториясига олиб келганлар.

Ҳурматли Юлдуз опа, "Мен сизга, азизим" деган қўшиқ қандай дунёга келганди? Васила Парпиева

Абдуллаева: Бу қўшиқни Тошкент Давлат Консерваториясининг биринчи курсида ўқиётганимда ёзганман. Ёшлигингизда шеър ёзасиз-у. Шунда пианинода ўтириб, шеъримга мусиқа басталашни бошлаганман. Чиройли бир қўшиқ чиққанга ўхшаган. Кейин Ўзбекистон телерадиокомпаниясига бориб, симфоник эстрада оркестрида Дони ака деган дирижеримиз бўларди, уларга кўрсатганман. Уларга ёққан ва улар "яхши аранжировка қилиб бераман" деганлар. Кейин Қадам ака деган домламизга шеъримни кўрсатганимда, улар шеърни бошқатдан ёздилар, "мен сизни, азизим, соғинаман, йўллар қарайман" деб... Шу... Кейин Дони ака аранжировка қилиб бердилар. Шу билан 1986 йилда, биринчи курсдалигимда шу қўшиғим туғилган, ва халқнинг оғзига тушган.

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ