Сид Янишев жаримага тортилди

Тошкентнинг Шайхонтоҳур туман маҳкамасида таниқли мустақил журналист Саид Абдураҳимов ( Сид Янишев) иши юзасидан тинглов жараёни ниҳоясига етган.

Сид Янишевнинг Би-би-сига айтишича, ҳакам Шукрулло Иноғомов унга уч минг доллар миқдорида жарима белгилаган ва видео камерасини мусодара қилиш ҳақида қарор чиқарган.

Маҳкама қарорига Янишевнинг Тошкент марказида бузилаётган уйлар эгаларининг розилигисиз амалга оширилгани ва уларга ҳеч қандай товон пули берилмаётгани ҳақидаги мақоласи сабаб бўлган.

Журналистни "Лицензиясиз ва рухсат берувчи ҳужжатларсиз ишлаш"да айбдор деб топишган.

Қоралов томонига кўра, Янишев аҳоли орасида саросима уйғотувчи мақолаларни ёзиб тарқатган.

Журналист маҳкама сохта айбловлар асосида қатор қонунбузарликлар билан ўтганини, чақирилган икки гувоҳ кўрсатмаларида чалкашиб кетганларини айтди.

Ҳуқуқ фаоли Елена Урлаеванинг гувоҳларнинг сўзларига иқтибосан айтишича, Ички Ишлар бошқармасининг терроризмга қарши кураш бўлими бошлиғи Бахтиёр Эгамбердиев гувоҳ Татяна Беглова ва Лариса Игнатьевага агар судда ҳақиқатни айтса, уларни машина уриб кетиши мумкинлиги билан таҳдид қилган.

Маҳкамага инсон ҳақлари фаоли Шуҳрат Рустамов қатнашишига рухсат берилмаган.

Давлат томонидан тайинланган ҳимоячи ҳакамдан Янишевни оқлашни сўраган. Бироқ маҳкама журналистни энг кам ойликнинг 100 баравар миқдорида жаримага тортиш ҳақида ҳукм чиқарган.

Янишев ўзини айбдор деб ҳисобламаслигини, видеокамерасини олиб қўйиш қарори абсурд эканини, маҳкама қарори юзасидан шикоят аризаси топширишини маълум қилди.

Куни кеча таниқли тошкентлик журналист Сид Янишев пойтахт ички ишлар бошқармасига чақиртирилгани ва бунга унинг Тошкентда бузилаётган уйлар эгаларига компенсация пули берилмаётгани ҳақидаги ўтган ой «Фергана.Ру» ахборот агентлиги сайтида босилган мақоласи сабаб бўлгани айтилганди.

Нуқтаи назар

Президентни писанд қилмайдиган маҳкама

Журналистларнинг касб байрамида йўллаган табригида Ислом Каримов “фикрлар хилма-хиллиги, барча ижтимоий қатламларнинг фикр ва қарашларини ифода этиш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш учун мустаҳкам замин бўлмоқда”, - дейди.

Аммо Би-би-си билан суҳбатда бўлган бир неча мустақил ва ҳатто расмий матбуот вакиллари ҳам Ислом Каримовнинг навбатдаги даъволари ҳақиқий ҳаётга мутлақо тескари эканини урғулашади.

Расман йўқ қилинган цензура деярли барча оммавий ахборот воситалари учун хос бўлган ҳолатлигини таъкидлар экан, ўзбекистонлик журналистлардан бири Сид Янишев устидан “ясалган” ишга эътибор қаратади.

“Сид Янишев мустақил журналист...Нисбатан кўрганини, ўйлаганини ёзади. Давлат ва ёки давлатга алоқадор нашрда ишлаб ҳукумат олиб бораётган сиёсатни қўйинг, бирор вазирлик назорати остидаги соҳани танқид қилиб кўринг, кейин биласиз “фикрлар хилма-хиллиги” қанақа бўлишини...” дейди у.

Демократия...Ғарбдан ўрганиш?

Президент Каримов журналистларга табригида яна Ўзбекистон оммавий-ахборот воситаларини демократик давлатлар даражасига кўтаришдек юксак мақсад ҳақида гапиради.

Бунда ахборот оламида илғор саналган давлатлардан ўрганиш лозимлигини урғулайди.

Ғарб давлатлари матбуотининг энг илғорларидан экани назарда тутилса, унда Ўзбекистонда бугунги кунда қатор хорижий интернет нашрларига тўсиқ қўйилгани Ислом Каримовнинг шўрочасига янграётган табригидаги даъволарни чиппакка чиқаради.

Каримов жаноблари жумладан, “бугунги глобаллашув асрида ҳар қайси инсон, ҳар қайси касб эгасининг ўз малакаси ва савиясини ошириши учун қандайдир мафкуравий тўсиқ ва чеклашлар қолмаганини барчамиз яхши биламиз”, дейди.

Би-би-си билан суҳбатда бўлган ўзбекистонлик журналистга кўра, Каримовнинг бу сўзлари иложсизликда қолган шахснинг эътирофидир.

“Интернетга минг тўсиқ қўймасин, бир минг битта йўл билан истаган киши истаган нарсасини топиб ўқимоқда. Буни жуда яхши билишади тепадагилар...Фақат тўсиқлар тамомила олиб ташланса бу нафақат мамлакатдаги матбуотни, балки ижтимоий вазиятни ҳам издан чиқариб юборишидан қўрқишади”, дейди у.

Эслатиб ўтамиз, пойтахтнинг Шайхонтоҳур туманида барпо этилаётган масжидни Ҳасти Имом мажмуасига боғлайдиган янги автомобил йўли қурилишининг бошланиши аҳолига қарашли кўплаб турар-жой биноларнинг бузилишига олиб келган.

Би-би-си журналистга боғланиб, милиция бошқармасига чақирилгани тафсилотларини сўради.

Сид Янишев: Мен Тошкентдаги Кўҳ Ота кўчасида, шаҳарнинг марказида уйларни бузилаётгани ва уй эгаларига деярли ҳеч қандай товон пули берилмаётгани ҳақида бир неча мақолалар тайёрлагандим. Мен у ерга бордим, одамлар билан гаплашдим, тахминан 4 киши билан гаплашдим. Уларнинг айтишича, уларни ростакамига босим остига олишган. Бундан кейин мени Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасига чақиришди. У ерга борганимда менга тахминан 20 тача аризани кўрсатишди, гўёки унда ёзилишича, мен уйлари кўчирилаётган кўчага бориб улардан нималарнидир талаб қилган эканман. Бу эса ҳақиқатга тўғри келмайди.

Би-би-си: Кимлар сизга қарши ариза ёзган экан, Танишдингизми аризалар билан?

Сид Янишев: Улар менга ариза бор бир папкани кўрсатишди. Лекин бирорта ҳам исмни келтиришмади. Мен уларга бирорта исм шарифни келтиришларини сўрадим. Лекин улар суриштирув ишлари юзасидан исмларни айта олмаймиз, дейишди. Шу, лекин менинг тушунимча ва таъкидлаб айтаман - ўйлайманки, бу барча аризалар босим остида олинган.

Би-би-си: Ички Ишлар бошқармасида сизга нима айб қўйишяпти?

Сид Янишев: Йўқ, айблов келтирилмади. Менга папкани кўрсатишди ва тушунтириш хати ёзинг, дейишди. Мен тушунтириш хати ёзишга мажбур эмаслигимни айтдим. Кейин улар нима деб атасангиз атанг, ёзиб беринг дейишди. Мен вазиятни ойдинлик киритиш маъносида бир матн ёзиб бердим. Яъни, шу куни мана шу жойда бўлдим, нима бўлаётганини қизиқдим, ҳеч кимдан ҳеч нарса талаб қилмадим,ўзимни мустақил журналист деб таништирдим, каби сўзларни ёздим. Яна шундай ёздимки, президент Ислом Каримов сўзларига кўра, Ўзбекистонда мустақил журналист фаолият юритиш таъқиқланмаган, дедим. Кейин Ислом Каримов томонидан 2012 йил 9 сентябрда чиқарилган қарорни кўрсатдим.

Би-би-си: Ҳозир уйларни кўчириш билан боғлиқ вазият қандай, қизиқдингизми?

Сид Янишев: Албатта давом этяпти. Мен ўша маҳалладан икки одамни тасодифан учратиб қолдим. Уларнинг айтишича, менинг мақолам чиққанидан кейин уларнинг олдига ГУВДдан одамлар келиб, менинг расмимни кўрсатишган, суриштиришган. Биласизми, одамларни сўроқлари билан қўрқитишган. Кейин эртаси куни яна одамлар келиб, уйлари бузилаётганларга 40 минг долларга талабгор бўлишларини маълум қилишган. Мана икки кунлар олдин мақоламда номи келтирилган камида битта оила Тошкентнинг Марказ1 мавзесида жойлашган уй учун қўлига далолатномани олган.

Би-би-си: Энди бу суриштирувларнинг охири нима билан тугайди, деб ўйлаяпсиз? Нима қилмоқчисиз?

Сид Янишев: Улар менга аниқ қилиб, суддан чақириқни кутинг деб айтишди. Мен уни кутяпман. Ўйлашимча, 139 ва 140 моддалар, яъни "туҳмат ва ҳақорат қилиш" бўйича қарор чиқаришлари мумкин. Гўёки мен кимгадир, қаергадир туҳмат қилганман. Маълумки, бундан олдин ҳам бу моддалар билан кўплаб одамларни айблашди.

Матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ