Uzwebiston: Тошкент метросига рекламалар қайтди

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Интернет хабарларига кўра, Тошкент метросида яна тижорий рекламалар пайдо бўлган.

"Хусусан, «Чилонзор» йўналишида ҳаракатланувчи поездларнинг ҳар вагонларида камида тўрттадан тижорий реклама пайдо бўлган", деб ёзади Kun.uz вебсаҳифаси.

"Кузатувларга кўра, ҳозирча Тошкент метрополитени вагонларига Pepsi, Lipton Ice Tea, Dewell савдо белгилари, шунингдек, простатит ва геморройга қарши дори воситалари рекламалари жойлаштирилган. Айни вақтда, уларнинг сони ҳар вагонга ўрнатилган ҳушёрлик ва огоҳликка чақирувчи ижтимоий реклама ва метрополитен харитаси сони билан деярли тенг", дейилади хабарда.

Бундан олдинроқ, “Пахтакор" ва "Алишер Навоий" бекатлари ўртасидаги ўтиш жойида минерал сув ва шарбатлар рекламаси пайдо бўлгани ҳақида хабар қилинганди.

Тошкент метросидаги рекламалар бундан 3 йил олдин бирор изоҳсиз йўқолган эди. Уларнинг ўрнига ҳар бир вагон ва бекатда огоҳликка чорловчи плакатлар пайдо бўлган. Ҳар бир бекатда эса, "Эҳтиёт бўлинг эшиклар ёпилади" деган машҳур жумланинг ёнига "Огоҳ бўлинг, метрополитен ходимларига хабар беринг" каби ҳушёрликка чорловчи чақириқлар қўшилган.

Ўтган йил Тошкент метроси қўриқлаш хизмати рекламалар нима учун олиб ташланганига тушунтириш берган ва рекламалар йўловчилар эътиборини чалғитиши ва бу хавфсизликка таъсир қилиши мумкинлигини билдирганди.

Kun.uz вебсаҳифасининг ёзишича, "Ҳозирги вақтда бир неча реклама агентликлари Тошкент метросига реклама жойлаштириш хизматларини таклиф қилмоқда".

"Метрополитенга тижорий рекламаларни қайтариш қарори нима сабабдан қабул қилингани тўғрисида ҳозирча расмий изоҳ ёки муносабат билдирилганича йўқ", дея қўшимча қилади Kun.uz.

Тошкент метроси Ўзбекистондаги аэропорт, вокзал, стадион сингари қаттиқ қўриқланадиган объектлар сирасига киради.

Ҳар бир бекатга кириш ва чиқиш жойларида камида икки милиционер метални аниқловчи ускунаси билан туради ва қўлида бирор сумкаси бор ҳар бир йўловчини текшириш ҳуқуқига эга.

Гоҳида ушбу милиционерлар билан бирга итларини етаклаб олган кинологлар ҳам навбатчилик қилади.

Хавфсизлик нуқтаи назаридан ҳаттоки жетон сотувчи кассаларнинг ҳам олдинги жойлари ўзгартирилиб метро эшикларидан ташқарига чиқарилган.

Бекат эшикларидан кириб келиш билан у ерда яна бир милиция ва Миллий хавфсизлик хизмати ходими сумкаларни текширади. Ушбу ходимларга энди сумкаларнинг ичини очиб унда нима борлигини билиш ваколати берилган.

Йўловчи шундан сўнг бекатга киради. У ерда ҳам камида тўртта милиция ва хавфсизлик хизмати ходимлари навбатчилик қилиб юради.

Матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ