"Ўзбекистон беқарорлик хавфи катта давлат"ми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Ўзбекистон дунёда беқарорлик хавфи энг катта бўлган давлатлардан бири. Форейн Полиси журнали чиқарган сўнгги кўрсаткич худди шуни таъкидламоқда.

Бу ўринда, хусусан, аҳоли ўсиши, инсон ҳуқуқлари, иқтисодий депсиниш, хавфсизлик кучлилиги ва нотекис турмуш шароитлари каби жиҳатлар ҳисобга олинган.

Беқарорлик хавфи энг катта бўлган давлатлар рўйхатига Марказий Осиёдан учта давлат киритилган. Қирғизистон 58-ўринда, Тожикистон 55-ўринда, Ўзбекистон эса энг ёмон - 48-ўринда.

Ўзбекистон минтақадаги энг аҳолиси катта, яккаҳоким тузум ҳукмрон ва сув манбаъалари кам давлат. Лекин, шу қаторда, у собиқ Совет Иттифоқидаги энг барқарор ва тинч давлатлардан бири ҳамдир.

Шундай экан, Ўзбекистонни беқарорлик хавфи катта давлатлар рўйхатига тиркаш зиддиятли амал эмасми? Бу савол билан Би-би-си Олмониядаги Виадрина Оврўпо Университетидан Ўзбекистонни ўрганган ҳуқуқшунос олим Стефан Ҳанишни суҳбатга тортди.

Ҳаниш: Мен Ўзбекистонни беқарор деган баёнотга ҳам, ва айни дамда уни барқарор деган фикрингизга ҳам қўшилмайман. Масалан, минтақанинг бошқа давлатларига қиёсласак, Ўзбекистон қўшни Тожикистонга қараганда барқарорроқ ёки беқарорроқ деб бўлмайди. Аммо, гап шундаки, Ўзбекистоннинг беқарор бўлиши минтақага жуда катта таъсир кўрсатади. Чунки Ўзбекистон Марказий Осиёда энг аҳолиси катта ва йирик давлат.

Би-би-си: Демак, бу ўринда башорат қилинаётган келажакка қараб хулоса чиқарилган. Аммо, шунда ҳам ҳозирги мавжуд қандай ҳолатлар Ўзбекистонни беқарорлик гирдобига ташлаши мумкин?

Ҳаниш: Муаммо шундаки, диктатураларда демократия бўлмайди ва қарорлар қандай қабул қилинишини ҳеч ким билмайди. Чунки фуқаролик жамияти шаклланмаган. Бундай шароитда эса жамоатчилик фикрни ва қарашларини бирон сиёсий қарорларга йўналтириш имкони бўлмайди. Айниқса, ҳукумат ва раҳбарият алмашинуви кун тартибида турган ҳозирги пайтда бу муҳим. Ўзбекистонда эса Ислом Каримов шундай ёшга етдики, энди қудратни кимгадир ошириш ҳақида ўйлаётган бўлиши керак. Шу сабаблар боис Ўзбекистондаги барқарорлик кутилмаган равишда беқарорликка айланиб кетиши мумкин. Бундай хавфни инкор қилмаган бўлурдим. Лекин, мамлакат ҳозир беқарор эмас. Аммо, очиқлик йўқ. Дейлик, бирон ерда нимадир портласа, у ҳақида очиқ хабар берилмайди ва кейин мамлакат миш-мишлар билан яшайди. Мана сўнгги бора Тошкент марказида танклар юргани ҳақида интернетга хабарлар чиқди. Бу оддий нарсадир, балки бир машғулотдир. Лекин, очиқлик ва ахборот бўлмагани учун одамлар орасида ваҳима, миш-миш ва турли гаплар тарқайди.

Би-би-си: Ажабланарли жиҳати шундаки, бир неча йиллар илгари қатор халқаро ташкилотлар Туркманистон ҳақида ҳам турли башоратлар қилишган ва Сапармурат Ниёзовдан кейин бу мамлакат беқарорликка юз тутади дейишганди. Аммо, аксинча, марҳум Туркманибошидан кейин ҳам бу мамлакат барқарорлигини сақлаб қолмоқда-ку?

Ҳаниш: Туркманистон бутунлай бошқа масала. Бу мамлакатдан, масалан, Россияга кетаётган меҳнат муҳожирлари оқими катта эмас. Аксинча, бу мамлакатда Туркманбоши қудратдан кетгач, Туркманистон демократия тарафга юз тутади деган умидлар бор эди. Ҳеч бўлмаса, у ердаги сиёсий тузум бироз очилади дея кўз тикилганди. Аммо, Ўзбекистондаги вазият Туркманистондан жуда фарқ қилади. Меҳнат муҳожирлари нуқтаи назаридан олсак, Ўзбекистонни ё Тожикистон ва ё Қирғизистонга ўхшатиш мумкин. Аммо, демократия жиҳатидан Ўзбекистонни нафақат Қирғизистонга, ҳатто Тожикистонга ҳам қиёслаб бўлмайди. Бу икки давлатда инсон эркинликларини бироз бўлса-да мавжуд. Ўзбекистонда эса инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари кескин чекланган.

Би-би-си: Лекин, мана яқинда ўтказилган бошқа бир халқаро сўровга кўра, Ўзбекистон халқи ўзига берилган эркинликлардан рози бўлган энг саноқли давлатлар аҳолиси қаторида экан. Буни қандай изоҳлайсиз?

Ҳаниш: Билмадим бу қанақа тадқиқот ва у қандай қилиб ўтказилган экан. Агар халқи эркин бўлмаган исталган давлатда одамларга бунақа савол берсангиз, албатта "розиман" деган жавобни оласиз-да. Ким сизга ҳақиқатни айтсин. Ахир улар бошқача жавоб беришса ўзларига нима бўлишини тасаввур қилиб, кейин шунга қараб бахтлимиз, розимиз, дейишади-да.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Your contact details
Disclaimer