Болангиз "Рамазон" айтса сийлайсизми, сўкасизми!?

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbcuzbek.com

Юртимизда муборак рамазон бошланиб, аҳли мўмин иссиқ ва узун кунларда рўза тутар экан, оғиз очардан сўнг одамлар гурас-гурас бўлиб тандирдек қизиб ётган қават-қават уйлардан тушиб келиб, серсоя ва шабадали йўлакларда тун ярмигача қолиб суҳбат қурмоқда. Умуман олганда, саратон иссиғи тафтига олгани туфайли рўза тутгану тутмаган қоронғу тушиши билан кўчага чиқиб олган. Кўпқаватли уйларнинг йўлаклари тўла одам, худди байрамга ўхшайди.

Лекин шу байрамнамо кайфиятни бузиб турадиган ҳолатлар тобора кўпайиб кетмоқдами дейман. Мен нима демоқчиман, демоқчиманки, рамазон ойида хайрия қилувчилар кўпайишини кутиб турганлар ҳам талайгина экан. Яъни, моҳи рамазон баҳона тиланчиликни ёппасига одат қилиб олиш урфга айланиб кетмаяптими, бир пайтлар беозор ва ярашиқли бўлган рамазон айтиш одамларнинг кўнглини бездириб юборадиган даражада нохуш ҳолатга айланиб қолмадими.

Рамазон бошланиши билан кўчаларда ҳам тиланчилар сони сезиларли даражада ошиб кетди. Энди шаҳар маъмурлари ҳам бекор туришмайдику, шу кунларда чорраҳаларда қўлида боласи билан туриб олиб тиланчилик қиладиган аёлларни эрталабданоқ милиция ходимлари тутиб кетмоқда. Уларни тутиш жараёни ҳам кишининг кўнглини алағда қилади. Бир томондан милиция ходимларининг чақалоқли тиланчи аёлни машинага тортиб-суриб тиқаётганини кўриб кўнглинг бузилади, уларнинг ҳаракатидан жаҳлинг чиқади, иккинчи томондан тиланчиларнинг чорраҳада туриб олиб, машиналар ҳаракатига халақит бериши, иссиқда боши айланиб йўлида зўрға кетаётган ҳайдовчиларни чалғитишини ўйлаб, милиция ходимлари ёнини олгинг келади. Хуллас, нима дейишни билмайсан.

Маҳалла кўйларда эса ёш болалар рамазон айтиб юриши бир пайтлар ярашиқли бўлса, энди сира бундай эмас. Энди оғиз очаман десанг биттаси келади, уни кузатиб уйга қайтиб киришга улгурмасингдан бошқаси дарвозани данғиллатиб уради. Келаверади, кетма-кет, битта-битта бўлиб. Бир қўшним бор, рамазоннинг биринчи кунида шундай болаларга бир дўқ урган эди, улар қайтиб қорасини кўрсатмади. Қўшним рўзани кунида рамазон айтган болаларни нотўғри хафа қилди десам ҳақ бўламанми, ноҳақми. Чунки бу боласи қурмағурлар рамазон айтганга пул чиқариб берган хонадонга келавериб уй эгаларининг тинкасини қуритар экан. Секин разм солсам, бундай сурбет болаларни даф қилиш учун дўқ уриб қўйиш кўпчиликка одат бўлиб қолибди. Хуллас, буларга ҳам нима дейишни билмайсан.

Кеча оқшом дўконни ёпиб уйга қайтдим, йўлим Тошкандда машҳур шашликхона ёнидан ўтади. Ташқаридаги фавворалар ёнига қўйилган стол-стулларда кўпчилик ифторлик қилмоқда, оилавий бўлиб келганлар жуда кўп. Уларнинг атрофини эса рамазон айтиб юрган болалар хира пашшадек ўраб олган. Шашликхонага кириш йўлагини тирбанд қилиб, ўтган-кетганга рамазон айтади. Бир одам уларни сўкиб ўтиб кетди. Мени жаҳлим чиқди, рамазон ойи бўлса, ёш болаларни ҳам сўкадими. Шу гапни айтмоқчи бўлиб ўша одам томон юрдим. Шу пайт болалар шашликхонага кираётган бир йигитнинг атрофини ўраб олиб рамазон айтишга тушди. Йигит ҳамма қараб турганидан хижолат бўлди шекилли, битта минг сўмлик чиқарган эди, болакайлар бирданига унинг қўлига ташланди. Чаққонроғи пулни олиб қочди, қолганлари унинг ортидан "ойиси"ни гўрига шундай ғишт қаладики, шашликхонада ўтирганлардан кўпчилиги қулоғини беркитиб олишга тўғри келди. Мен жойимда таққа тўхтадим.

Хуллас, нима дейишни билмайсан. Шундан кейин болангиз рамазон айтаман деса, нима деган бўлардингиз?

Матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ