Каримов Мустақилликнинг 23 йиллигини қандай байрам қилишни тушунтирди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP Getty
Image caption Ислом Каримов дабдабабозлик ва расмиятчиликдан холи бўлишни маслаҳат берган.

Ўзбекистон Президенти мамлакат мустақиллигининг 23 йиллигини нишонлаш ҳақида қарор қабул қилган.

Ислом Каримовнинг топшириғига кўра, махсус комиссия бир ҳафта ичида "Сени севаман, қадрлайман, қадрдон Ўзбекистон" ғоясини акс эттирадиган байрам тадбири лойиҳаси тайёрлаши кераклиги айтилган.

Ўзбекистон Ахборот Агентлиги чоп этган қарор матнига қараганда, лойиҳада асосий эътибор "Ўзбекистоннинг қолоқ аграр давлатдан" "иқтисоди ўсиб бораётган ва юксак имкониятларга эга" давлатга айланганини кўрсатишга қаратилиши лозим.

Жаноб Каримов шунингдек, шаҳар ва қишлоқлар кўриниши ўзгаргани, аҳолининг яшаш шароити яхшилангани, соғлиқни сақлаш, фан, маданият-санъат, спорт соҳаларида эришилган улкан ютуқларни ёритишни топширган.

Президент ҳозирги нотинч ва хавотирли вазиятда мамлакатдаги бебаҳо бойлик- тинчлик ва барқарорликнинг аҳамиятини чуқур очиб бериш кераклигини айтган.

Қарорда Ўзбекистонда олиб борилаётган ички сиёсатнинг мақсад ва аҳамияти кенг оммага етказилиши кераклигини таъкидланади.

Шунингдек, дунёнинг турли минтақаларидаги можаролар фақат тинч йўл билан ечилиши лозимлиги уқтирилади.

Каримов жаноблари ўз қарорини оммавий-ахборот воситалари иштирокида, ортиқча расмиятчилик ва дабдабабозликдан холи шаклда амалга ошириш кераклигини тавсия қилган.

Мустақиллик байрами билан боғлиқ тадбирларга масъулият Бош вазир Шавкат Мирзиёевга юклатилган.

Ҳар йили мустақиллик олдидан байрамга тайёргарлик тўғрисида президент қарорининг чиқиши ўша пайтдан бошлаб асосий концерт дастурига тайёргарлик бошланишини англатади.

Ўзбекистон аҳолиси ҳам Мустақиллик байрами деганда 31 августда пойтахнинг Бош майдонида бир гуруҳ қўшиқчи ва раққосаларнинг Каримов ва унинг хос меҳмонлари қаршисида концерт намойиш қилишларини тушунади.

Бундай концертларда қатнашиш эса аксарият қўшиқчилар, санъат-адабиёт аҳлига унвон олиш учун яхши имконият сифатида қаралади.

Image caption Президент Каримовнинг қайси хонанда қўшиғига рақсга тушиши ҳам муҳим.

Мустақиллик концертларининг доимий иштирокчилари "юрт отаси"нинг эътиборига сазовор бўлади.

Шу билан бирга, бу икки-уч соатлик концерт дастурининг оммавий саҳналарини тайёрлаш жараёнига Тошкентдаги турли ўқув юртлари талабалари жалб қилиниши ва улар жазирама ёз иссиғида стадион ва спорт залларида ойлаб тайёргарлик кўришлари ҳам маълум.

Бундан ташқари шу кеча кундузда оммавий тадбирлар ўтказишда хавфсизлик чораларига риоя қилиш, фавқулодда ҳодисаларда ҳаракатланиш талаблари эълон қилинган.

Мустақиллик байрами олди ҳар йили Ўзбекистонда хавфсизлик чоралари қаттиқ кучайтирилади, марказий йўллар тўсиб қўйилади.

Ўзбекистон президенти қатнашадиган тадбир оддий одамлардан холи, майдон атрофи ҳарбийлар билан ўралган ҳолда ўтказилади.

Матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02