Форум 18: "Ўзбекистонда диний адабиёт тарқатиш айби билан саноқсиз инсонлар қамоқда"

Собиқ Совет Иттифоқи ҳудудларида эътиқод эркинлигига оид вазиятни ўрганишга ихтисослашган "Форум 18" ташкилотининг хабар беришича, қўл телефонидан Ўзбекистонда тақиқланган диний мазмундаги аудиофайллар топилгани учун озодликдан маҳрум этилган Тожикистон фуқароси Тоштурмада ташқи дунёдан бутунлай узилган ҳолда сақланмоқда.

Қамоқхона нозирлари Зубайд Мирзораҳимовнинг турмуш ўртоғига ҳам у билан учрашишга изн бермаганлар.

38 ёшли Зубайд Мирзораҳимов ўтган йил сентябрида Тошкентда ҳибсга олиниб, бир ой ичида беш йилга озодликдан маҳрум этилганди.

Би-би-си "Форум 18" янгилик хизматининг муҳаррири Феликс Корлидан жаноб Мирзораҳимов иши ҳақида сўраган.

Феликс Корли: Тожик ишбилармони Зубайд Мирзораҳимов Ўзбекистондан транзит йўловчи сифатида Тожикистонга ўтаётган пайти Тошкентда тўхтатилган. Мирзораҳимов мобил телефони текширилганида ундан Қуръон ва ўзбек тилидаги диний маърузалар ёзилган аудио файллар топилган. Бу уни ҳибсга олишларига етарли бўлган ва ўтган октябрда Мирзораҳимов диний материалларни контрабанда қилишда айбдор деб топилиб, беш йилга озодликдан маҳрум этилган. Бу айни модда билан айбланганлар учун тайинланадиган энг енгил жазо ҳисобланади. Бундай ҳолат Ўзбекистонда илк бор қайд этилаётгани йўқ. Ўзбекистонга келган хориж ва мамлакат фуқаролар мобил телефонлари ва компютерлари кўп ҳолларда текширилиб, улардан диний материаллар қидирилади. Шунингдек, Ўзбекистонга келтирилган китоблар ҳам текширилади ва кўп ҳолларда мусодара қилинади, хоҳ у "Қуръон" бўлсин, хоҳ "Инжил". Бундан ташқари, Ўзбекистонга почта орқали юборилган китоблар ҳам изчил текширилади. Кўп ҳолларда диний китоблар манзилига умуман етиб бормайди.

Би-би-си: Зубайд Мирзораҳимовга қўйилган айбловлар ҳақида нима деб ўйлайсиз?

Феликс Корли: Агар мамлакатга киритилган китоб, видео ёки аудио маҳсулот зўравонликни ёки террорчиликни тарғиб этмаса, халқаро қонунларга мувофиқ, жиноий жавобгарлик назарда тутилмайди. Чунки, инсонлар сўз эркинлиги, ўқиш ва исталган таълимотни тарғиб этиш ва тарқатиш ҳуқуқи билан таъминланган. Аммо Ўзбекистонда барча диний адабиётлар ҳукуматнинг мутлақ назорати ва цензураси остидадир. Сизга олдиндан рухсат берилмаган бўлса, ҳеч қанақа диний адабиётни чоп эта олмайсиз. Шу туфайли Ўзбекистонда ноқонуний диний адабиёт тарқатганлик айби билан саноқсиз инсонлар қамалган. Хоҳ бу диний китоблар Исломга, хоҳ Насронийликка, хоҳ "Тангри Шоҳидлари"га таалуқли бўлсин. Инсонларнинг истаган диний адибиётни олиб ўқиш эркинлигига Ўзбекистонда умуман ҳурмат йўқ.

Би-би-си: Кўпчиликнинг ишонишича, Мирзораҳимов сингари шахсларнинг қамалишига қисман Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги совуқ алоқалар сабабчидир. Сиз бу фикрларга қўшиласизми?

Феликс Корли: Айни айблов билан ҳукм этилган биргина Мирзораҳимов эмас. Унинг иши Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатларга боғлиқми-йўқми айтиш қийин. Чунки Ўзбекистон ҳуқумати ўз ҳатти-ҳаракатлари ҳақида ҳеч кимга изоҳ бериб ўтирмайди. Аммо бошқа томондан, Зоиржон Мирзаев деган бир шахснинг айни айбловлар учун айни муддатга озодликдан маҳрум бўлганини биламиз. У Тожикистон эмас, Ўзбекистон фуқароси бўлган ва Россиядан ишлаб қайтаётган бўлган. Айтмоқчи бўлганим, бу биргина хориж фуқаролари билан бўлаётган ҳодиса эмас. Лекин, ҳайратланарлиси шуки, Мирзаевга ҳукм чиқарилган эса-да, у ҳозирга қадар жазони ўташ колонияларида эмас, балки вақтинчалик тергов қамоқхонаси - Тоштурмада ушлаб турилибди. Бунинг сабабини на унинг қариндошлар билади ва на биз.

Би-би-си: У шунингдек бошқаларга ҳам кўрсатилмаётган экан. Бунинг сабабини биласизми?

Феликс Корли: Муаммо ҳам шунда-да! Ўзбекистон расмийлари нега бундай қилаётганликларини тушунтириб ўтиришмайди ва бизда бу борада ҳеч қандай тасаввур йўқ. У билан янги адвокати учрашган пайти Мирзораҳимов бу ишдан яқинлари хабардорми йўқлигини билмоқчи бўлган. Адвокат уни озод қилиш учун оиласи ва Тожикистон элчихонаси ҳаракат қилаётганини айтган. Тасаввур қилинг, шу пайтга қадар Мирзораҳимов бирор нарсадан хабардор бўлмаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ