Шакар васвасаси: Хонадон бошига икки киломи ёки беш кило?

Бугун оғзингиздан "бир кило" ёки "беш кило" деган сўзлар чиқдими, тамом, ҳамма гап шакар ҳақида эканини билади. Катталар бозордаги ур-йиқитга, мамлакатдаги шакар васвасига батамом барҳам бериш йўлида янги иш қўл урган кўринади.

Бугун тонгдан бошлаб Тошкент шаҳар маҳаллаларида шакар рўйхат бўйича тарқатила бошланди. Нархи 2300 сўмдан.

Эрталабданоқ маҳаллабошидаги дўконларга қоп-қоп шакар туширилди.

Кўпларига кеча тундаёқ келтирилган экан. Мен ишга отланаётганда кўча бошидаги дўконда аллақачон маҳалла одамлари чиқиб шакар сотиб ола бошлашди.

Шакарни икки киши сотмоқда, бири тортади, иккинчиси харидорларни маҳалла қўмитаси берган рўйхат бўйича белгилаб туради.

Баъзилар норози, чунки бир хонадонга икки кило шакар сотилар экан. Аёллар шу ернинг ўзида қариндошларига қўнғироқ қилиб, уларнинг маҳалласидаги вазиятни суриштиради.

"Ана! Синглимнинг маҳалласида бир хонадонга беш кило беришвотган экан, нега бизда икки кило холос?" дейди бу аёл сотувчига қараб.

Дўкончи тушунтиради: "Бизга йигирма қоп туширишди, мана ҳаммаси кўз олдизда турибди. Рўйхатдагиларга етиши керак-ку."

Дўкончининг мен билан ўзаро суҳбатда айтишича, шаҳар маъмурияти мана шу йил билан шакар васвасига барҳам беришмоқчи экан.

"Бу вақтинча деб бизга ваъда беришди. Йўқса ким хоҳлайди бунақа жанжал билан шакар сотишни. Ўзимизнинг савдомизни қилганимиз яхши бунинг ўрнига," дейди у.

Бир пайтлар ўсимлик ёғи рўйхат билан сотилар эди, энди ёғ шакар олмоқчи бўлганларга мажбуран ўтказилмоқда. Катта супермаркетларда бегш кило шакар олмоқчи бўлсанг, бир баклажка ёғ қўшиб беради.

Лекин ҳали савол кўп, энди бир хонадонга икки кило шакар бир ойда бир доим сотиладими ёки бу фақат бир марталик тадбирми? Бу саволга ҳозирча жавоб йўқ.

Одамлар шакар васвасасидан бир кулса, бир аччиғи чиқади. Кимлардир ҳукуматни айбласа, кимлардир одамларнинг ўзидан, очкўзлигидан, инсофсизлигидан кўради.

Бир жиҳатдан шакар "чайқовчилиги" ҳам аллақачон бошланиб кетганини тан олиш лозим. "Бир қоп шакар бор, оласизми? Килоси 4500 сўмдан," деган ўзаро шивирлашларни эшитиш мумкин.

Тошкентда-ку маҳалла орқали шакар тарқатиш бошланди, лекин энг кўп азият чекаётган вилоят аҳолиси ҳоли не кечади, улар ҳали ҳам энг баланд нархларда шакар олмоқда, ўшанда ҳам тополса агар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ