Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Руслан Чагаев: ‘Кличко билан, барибир, рингга тушаман’

Ўзбекистонлик номдор боксчи бу ҳақда жаҳон чемпионлиги камарини қўлга киритиши ортидан, Чеченистон пойтахти Грознийдан Би-би-си Ўзбек Хизматига берган суҳбати чоғида билдирди.

Эслатиб ўтиш жоиз, Владимир Кличко жорий пайтда профессионал бокснинг WBA таснифида энг оғир вазн тоифасида суперчемпион, WBO, IBF ва IBO таснифларида эса, амалдаги жаҳон чемпиони ҳисобланади.

“Ҳа, албатта. Худо хоҳласа, Владимир Кличко билан яна уришамиз. Аммо, ҳозирча, жангнинг қачон, қаерда бўлиб ўтиши ҳақида сизга аниқ бир нарса айтолмайман. Лекин истак бор”, - дейди Руслан Чагаев.

Руслан ўзининг украиналик собиқ рақиби билан 2009 йилда мунтазам жаҳон чемпионлиги камари учун рингга тушган, аммо матонатли кечган жангда уни бой берганди.

Руслан Чагаев ўтган йили Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида, “имконият бўлиши биланоқ Владимир Кличко билан яна жанг ўтказиш ниятида” эканини айтганди.

Ўзбекистонлик боксчи ўша йили Владимир Кличконинг таклифи билан унга сўнгги жангларидан бирига тайёрланишга ёрдам берган ва унга бир ойча спарринг ҳамкорлик қилганди.

Руслан Чагаевнинг айтишича, ўша машғулотлари ўзи учун жуда катта тажриба вазифасини ўтаган ва энди қайта рингга тушса, украиналик рақибига қарши буткул бошқача жанг олиб боради.

Руслан, ўз ўрнида, рақибини мағлуб этишига ишончи комиллигини ҳам таъкидлаганди.

Куни-кеча эса, Руслан Чагаев Грознийда кечган жангда пуэрто рикалик рақиби Фрес Окендони енгиб, профессионал бокснинг WBA таснифида энг оғир вазн тоифасида мунтазам жаҳон чемпионлиги камарини яна бор қўлга киритишга муваффақ бўлганди.

Байроқ, мадҳия ва ғалаба

Грознийдаги сўнгги жангги ортидан Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида Руслан Чагаев эришган ғалабасидан жуда хурсанд экани, аммо буни сўзда таърифлашга ожиз эканини айтади.

Буни англаш учун спортчининг ўзи бўлиб, ҳис қилиб кўриш керак, деркан, Руслан кулади.

Ўз ўрнида таъкидлаш жоиз, ўзбекистонлик боксчи жаҳон чемпионлиги учун жангининг Россия байроғи ва мадҳияси остида кечгани турли оммавий-ахборот воситалари эътиборини ҳам ўзига жалб этмай қолмаган.

Аммо Руслан Чагаев биз билан суҳбатида, “яна бир бор ўзимнинг Ўзбекистон фуқароси эканимни таъкидлашни истардим”, - дейди.

“Бу – фақат ташкилотчиларнинг хатоси бўлган. Мен Россиянинг клубини намоён этаётганим учун ҳам, улар шунақа деб ўйлашган, шекилли”, - деркан Руслан Чагаев бундан рингда экани чоғи ўзи ҳам ҳайратга тушгани ва таажжубларини мураббийси Артур Григорян билан ўртоқлашганини ҳам билдириб ўтади.

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, ўзбекистонлик боксчи ўтган йилдан бошлаб Грознийдаги Аҳмат Ҳожи Қодиров бокс клубини намоён этиб келади.

Жаҳон чемпионлиги учун жанг тўлиқ 12 раунд давом этган ва танаффуслар чоғида “Аҳмат Арена”да ҳозир Чеченистон Президенти Рамзан Қодировнинг Руслан Чагаев ўтирган бурчакка бориб, унга нималардир деяётгани ҳам камералару шарҳловчилар нигоҳидан четда қолмаганди.

Би-би-си Ўзбек Хизматининг шу ҳақдаги саволига жавоб бераркан, “Рамзан Қодиров, “Руслан, бардам бўл, сен уришинг керак, бошқа нарса ҳақида ўйламай, қолганини Аллоҳнинг ўзига қўйиб бер, жаҳон мусулмонлари сени дуо қилаяпти, сен жанг қилишинг керак”, деб катта руҳий далда берди”, - дейди ўзбекистонлик боксчи.

Руслан Чагаевнинг айтишича, жанг ортидан, ўзлари рингда кийдирган ўзбекча зарбоф тўну салла Рамзан Қодировга қанчалик ёққан бўлса, бунақанги ҳашаматли бокс кечасига ўзи ҳам ҳеч қачон гувоҳ бўлмаган.

“Тўғрисини айтсам, ҳам ҳаваскор ва ҳам профессионал боксдаги йигирма йилдан ортиқроқ карьерам давомида бунақа бокс кечасини биринчи марта кўришим. Гапнинг рости: Шунча катта миқёсда, қанчалаб меҳмон, ҳаммаёқда чироқлар, компьютер графикалари билан...Ҳозир, ҳатто, шунақа бокс кечасида жанг ўтказдимми-а, деб ўзим ўзимдан сўраб ўтирибман”, - деркан, Руслан кулади.

Жаҳон чемпионлиги учун жанг билан қиёмига етган ҳашаматли бокс кечаси Чеченистон пойтахтидаги 30.000 кишилик замонавий “Аҳмат Арена”сида бўлиб ўтган ва уни шунча томошабин текин кўришга муваффақ бўлганди.

Руслан Чагаев сонини аниқ айтолмаса-да, уларнинг орасида ўзбекистонликлар ҳам анчагина бўлганини айтади.

“Чунки жанг пайтида уларнинг, “Чапдан ур”, “Ўнгдан ур”, деган гаплари кўп қулоғимга чалинди”, - дейди Руслан.

Руслан Чагаев энг сўнггида энди яхшилаб дам олиш ниятида экани, ундан кейин эса, ўз жаҳон чемпионлик камарини уч маротаба ҳимоя қилишига тўғри келишини айтади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02