Довутўғлининг Ўзбекистонга сафаридан нима кутиш мумкин?

Фото муаллифлик ҳуқуқи REUTERS

Туркия Ташқи ишлар вазири Аҳмет Довутўғли Тошкентга йўл олган.

10 июлда Ўзбекистонга сафари бошланадиган жаноб Довутўғлини Президент Ислом Каримов қабул этиши хабар қилинган.

Мухбирларнинг ёзишларича, Туркия етакчи дипломатининг Тошкентга сафаридан кўзланган мақсад, Ўзбек-Турк алоқаларини илитиш ҳаракатларидир.

Анқарада журналистлар билан суҳбатда Ташқи ишлар вазири Аҳмет Довутўғли, "Ўзбекистон Марказий Осиё юрагидаги дўст ва биродар мамлакат", деб айтган.

Туркия 1991 йилда Ўзбекистон мустақиллигини расман тан олган дунёнинг илк давлати бўлган.

Ўзбекистонликлар Туркияга визасиз кириш имкониятига эга бўлдилар.

Икки мамлакат ўртасида анча қалин муносабатлар йўлга қўйилган, Президент Ислом Каримов ривожланишнинг "Туркия модели"ни Ўзбекистонга татбиқ қилиш истагида эканини ҳам айтган.

Ўзбекистон Турк сармоядорларининг пахтани қайта ишлаш ва деҳқончилик каби соҳаларга, савдо-тижоратга улкан сармоялар киритган мамлакатига айланди.

Турк лицейлари қатор чет тилларни биладиган истеъдодли Ўзбек ёшларини етиштириб чиқарадиган ўқув масканлари сифатида танилди.

Бироқ расмий Тошкент 1999 йилги портлашларда Туркияда истиқомат қилган Ўзбек мухолифати етакчиси Муҳаммад Солиҳни айбдорга чиқариши ортидан Туркия билан муносабатларини ҳам совуқлаштирди.

Ўзбекистон Туркий давлатлар раҳбарлари саммитида ҳам иштирок этмайди.

Президент Ислом Каримовнинг Туркияга энг охирги сафари 1999 йилда бўлган.

Туркия Бош вазири Ражаб Тойиб Эрдўғон энг охирги марта Тошкентга 2003 йилда борган.

Туркия Ташқи ишлар вазири Аҳмет Довутўғлининг сўзларига кўра, икки томон ҳам охирги йиллардаги алоқаларда кузатилаётган "турғунлик"ни бартараф этиш истакларини намоён этмоқдалар.

Жаноб Довутўғлининг Тошкентдан ташқари қадимий шаҳарлар - Самарқанд ва Бухорони ҳам зиёрат қилиш режаси борлиги хабар қилинган.

Туркиянинг Марказий Осиё республикалари бўйича собиқ давлат вазири Аҳад Андижоннинг айтишича, АҚШ билан муносабатларини яхшилаётган Президент Ислом Каримов Туркия билан ҳам сиёсий мулоқотларини яхшилашни ихтиёр этган.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ