Турк-ўзбек муносабатларида 'янги давр бошланмоқда'ми?

Image caption Эрдўғон ва Каримов ўзаро "муросали мавқеъ"ни намойиш этганлар

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 10 июл куни Оқсаройда Туркия Ташқи Ишлар вазири Аҳмат Довутўғлини қабул қилган.

Ислом Каримов ушбу учрашув ўзбек-турк муносабатларига баҳо бериш ва келгусидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг яхши имкони эканини таъкидлади, деб хабар беради расмий матбуот.

Каримов жаноблари шунингдек, икки туркий халқ ўртасидаги ҳамкорликда илгари йўл қўйилган хатолар такрорланмаслиги лозимлигини урғулаган.

Учрашувда минтақа ва халқаро муаммолар муҳокама қилинган, томонлар манфаатларини акс эттирадиган бошқа масалалар, жумладан, иқтисодий-савдо, маданий алоқаларни кенгайтириш, туризм соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишилган.

Жаноб Довутўғли ўз навбатида самимий қутлов учун Ўзбекистон президентига миннатдорчилик билдирган ва Турк раҳбарияти номидан Ўзбек халқи ва президентига чуқур ҳурматни етказган.

Довутўғли ушбу сафарини "ҳасрат билан узоқ кутган зиёрат" эканини айтган мухбирларга.

Туркиялик юқори лавозимли меҳмонлар сафар доирасида қадимий шаҳарлар Самарқанд, Бухоро ва Хивани бориб кўришади.

Тошкентга сафар қилган Туркия Ташқи ишлар вазири Аҳмад Довутўғли бундан олдин ўзбекистонлик ҳамкасби Абдулазиз Комилов билан музокаралар олиб борган.

Сафар Тошкент ва Анқара ўртасидаги музларнинг эриши ва янги муқаддима сифатида кўрилмоқда.

Довутўғли охирги 11 йилда Туркия ҳукуматининг Ўзбекистонга ташриф буюраётган энг юқори мартабали мулозимидир.

Шу йил январида Сочидаги қишки олимпиада ўйинларининг очилиши чоғида Туркия Бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғон Президент Каримов билан учрашган эди.

Турк матбуотининг ёзишича, айни шу учрашув чоғида Эрдўғон ва Каримов ўзаро муносабатларни қайта йўлга қўйиш учун "муросали мавқеъ"ни намойиш этганлар.

Туркия ҳукуматига яқин манбаъларга кўра, муносабатларни қайтадан бошлаш таклифи Президент Каримовдан чиққан.

'Янги давр'

Тошкентга сафари олдидан баёнот берган жаноб Довутўғли, ўзбек-турк алоқалари 2006 йилдан сўнг тўхтаб қолгани, аммо ҳозирда томонлар муносабатларни "қутқариш" учун дипломатик алоқаларни қайта йўлга қўйишга уринаётганларини айтган.

Туркия ва Ўзбекистон қардош давлатлар эканини хотирлатган Довутўғли ўзининг Тошкентга сафари икки ўртадаги алоқаларнинг "янги ва мустаҳкамроқ муқаддимаси" бўлишини таъкидлаган.

Айни пайтда Туркия матбуоти Довутўғлининг сафарини ўзбек-турк муносабатларида "янги даврнинг бошланиши" дея таърифламоқда.

Инглиз тилида чоп этиладиган Daily Sabah нашрининг ёзишича, Довутўғлининг сафари борасида 2012 йилда келишилган.

Бундан икки йил муқаддам Довутўғли ва Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов БМТнинг Нью Йоркдаги қароргоҳида учрашганлар ва ташрифнинг "ижобий муҳитда" ўтишини таъминлаш учун уни 2013 ва 2015 йиллар орасида амалга оширишга келишилган.

Сиёсий баҳслар

Довутўғлининг ташрифи арафасида Президент Каримов кутилмаганда хориждаги ўзбек мухолифатини тилга олган.

Фарғонага сафари чоғида гапирган жаноб Каримов 1990-йиллар бошида мамлакатни тарк этган мухолиф сиёсатчиларни "ватангадолар" деб атаган ва улар "Ўзбекистонга қайтиб кела олмасликлари"ни айтган.

"Улар энди Ўзбекистонга қайтиб кела олишмайди. Чунки биз мустаҳкам пойдеворга туриб олдик. Буни ўша ҳасадгўй ватангадоларнинг ўзлари ҳам тушуниб етишди. Ва ўзлари ҳам Ўзбекистонга қайтиб кела олмасликларига ишонч ҳосил қилишди", - деб айтган жаноб Каримов.

Бу Президент Каримовнинг сўнгги 15 йилда ўзбек мухолифати ҳақида қилган биринчи баёнотидир.

1990-йиллар ўрталарида Анқара ва Тошкент ўртасидаги муносабатларнинг ёмонлашишига Туркиянинг хориждаги ўзбек мухолифати раҳбарлари, хусусан, Муҳаммад Солиҳга бошпана бергани сабаб бўлган, деб ишонилади.

1991-йилдаги президентлик сайловларида жаноб Каримовнинг рақиби бўлган шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳ 1994 ва 1999-йилларда расмий Тошкентнинг босими билан Туркиядан чиқариб юборилган.

Аммо 2003 йилда ҳокимиятга келган Туркиянинг исломий илдизларга эга жорий ҳукумати турк матбуотининг таъбирича, Президент Каримовнинг инжиқликларига қулоқ солмай қўйган.

Эрдўғон ҳукумати 2005 йилда ғарбнинг Андижон воқеалари юзасидан жазо чораларини қўллаб-қувватлаган ва шу йили Муҳаммад Солиҳнинг Туркияга қайтишига изн берган.

Британияда чоп этиладиган "Экономист" журнали Туркия ҳукуматининг ушбу қарори ҳақида "Туркия Муҳаммад Солиҳга эшикларини очмоқда" деб ёзган эди.

Бунинг ортидан Ўзбекистондаги турк бизнесига рейдлар бошланиб кетган ва турк сериалларининг намойиши тақиқланган эди.

Довутўғлининг ташрифи арафасида Туркия ҳукумати Ўзбекистон билан ўтмишда қатор сиёсий келишмовчиликлар бўлганини яна бир марта эътироф этган.

Фақат ҳозирда Анқара уларни келишмовчилик эмас, балки "тушунмовчилик" деб атамоқда.

Аммо Тошкентнинг бу сиёсий баҳсларни қай йўсин қайта идрок этгани ва муросага қанчалик тайёрлиги маълум эмас.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ