Жиззахлик ҳуқуқ фаоли Алиқул Саримсоқов руҳий касалхонадами?

Уч ҳафтадан буён жиззахлик инсон ҳақлари фаоли Алиқул Саримсоқовнинг қаердалиги номаълум қолмоқда.

Саримсоқовни маҳкамаларда жамоатчи ҳимоячи сифатида ҳимоя қилган тошкентлик фаол Шуҳрат Рустамовнинг айтишича, фуқароларнинг ҳуқуқларини поймол қилаётган жиззахлик амалдорлар Алиқул Саримсоқовни ноқонуний ва яширинча ҳолда руҳий шифохонага ётқизганлар.

Шуҳрат Рустамов жиззахлик фаолнинг қаердалигини аниқлаб бериш талаби билан Жиззах вилояти масъуллари, Тошкентда давлат идораларига мурожаат қилган.

Би-би-си ундан Алиқул Саримсоқовнинг аҳволи ҳақида нималарни аниқлай олгани ҳақида сўради.

Шуҳрат Рустамовга кўра, Алиқул Саримсоқов сақланаётгани гумон қилинаётган Жиззахдаги руҳий касаллар шифохонасига боргани, бироқ навбатчилар иш вақти тугаганини баҳона қилиб уни ичкарига киритишмаган. Шунингдек, Саримсоқовнинг ўша касалхонада экани ё йўқлигини билмасликларини айтишган.

Рустамов, фаол ва фермер Саримсоқовнинг конституцияда белгиланган ҳуқуқлари бузилган, деб ҳисоблайди.

"Одамни мажбурий тартибда руҳий шифохонага ётқизиш учун оила аъзолари розилиги ва маҳкама қарори кўрсатилиши керак. Лекин Саримсоқов билан бу тартибларнинг барчаси бузилган", дейди Шуҳрат Рустамов.

Шуҳрат Рустамов ҳуқуқ фаолига тазйиқ ўтказиш учун уни руҳий касалхонага ётқизганларини айтади.

Саримсоқов шу йилнинг 12 майида Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёевни "ўз лавозимига нолойиқ"ликда айблаб маҳкамага берган.

Ўзбекистонда оддий фуқаронинг бош вазир устидан шикоят қилиши бутунлай фавқулодда ҳолат саналади.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ