Би-би-сига айтаман: "ЎзМТРК ходимлари яна қовун туширишди"

Тошкентдан ўзини Шаҳбоз Зуфаров деб атаган ўқувчи шундай хат йўллаган:

"ЎзМТРК "Ахборот" дастурининг таърифлашича, Туркия ташқи ишлар вазири Аҳмад Довутўғли Тошкент вилоятида туғилган эмиш.

Бу хабар 2014 йил 10 июль куни "Ахборот" информацион дастурида "янгради". Аслида вазир жаноблари "Тошкент жуда чиройли шаҳар, мен туғилган жойнинг номи ҳам Тошкент деб аталарди" - деб айтган эди. Бу сўзларни "Ахборот"нинг "қобилиятли" ходимлари "Менга Ўзбекистоннинг ҳар бир қарич ери азиз, чунки мен ҳам Тошкент вилоятида туғилганман" - дея таржима қилишди.

Бундан чиқадики, ТВ ходимлари хоҳлаган пайтда хоҳлаганча таржима қилар эканда. Бундан бошқа яна қанча шунақа хатолар ўтиб кетяпти.

Ўзларининг бундай ҳатти-ҳаракатлари билан ТВ ходимлари яна бир карра уқувсиз ва тажрибасиз эканликларини исботладилар.

Бу ЎзМТРК ходимларининг анчадан бери тажриба алмашмасдан, ёш, тажрибали кадрларга ўрин бермасдан келаётганидан далолатдир.

Масалан; бу ЎзМУ журналистика факультети ҳамда ЎзДЖТУ халқаро журналистика факультетини юзлаб ёш журналистлар битиришди. Ҳарҳолда уларнинг орасида иқтидорлилари ҳам топилиб қолади. (Биргина диплом ишини ёзиб бериб, унинг ҳимоясида 5 баҳо олишга кўмаклашиш 100 АҚШ долларидан 200 АҚШ долларигача туради.) Нима бўлганда ҳам улар Ўзбекистоннинг Тошкент вилояти билан Туркиядаги Тошкентнинг фарқига боришади.

Аммо ЎзМТРК "Ахборот" ва "Давр" информацион дастурлари маъмурлари ёш кадрларни ишга олишмайди. Чунки пул билан ўқишга кириб уни тугатган талаба журналист бўлиб ишлаш қийинлигига кўзи етади ва яна пул тўлаб бу ишга кирмайди. Пули кам, аммо иқтидорли битирувчилар эса йиллар давомида ТВнинг остонасида амалиёт ўтаб, ишга киролмай кетиб қолишади. "Ахборот" информацион дастурига ишга кириш камида 1000 (минг) АҚШ доллари, "Давр" ва "Пойтахт" информацион дастурига кириш эса 500 (беш юз) АҚШ долларидан кам бўлмайди.

Кўпчилик кўрмайдиган "Дунё бўйлаб" ҳамда "Маданият ва маърифат" телеканалларига ишга кириш бирмунча осон, бироқ уларда маош жуда кам. Ўртача 300-400 минг сўмни ташкил қилади. Бу маош билан оила тебратишни фақатгина қаҳрамонлик дея баҳолаш мумкин.

Ҳали бу кетишда ЎзТВнинг эскича қараш билан бошқараётган раҳбарлардан яна кўп антиқа ишларни кутиш мумкин. Биз воқеалар ривожини кузатамиз", дея хатига нуқта қўяди

Шаҳбоз Зуфаров.

Би-би-си унинг хатида келтирилган "Ахборот муҳарририятига ишга кириш учун камида 1000 доллар, бошқа дастурлар учун 500 АҚШ доллар бериб ишга кириш мумкин", деган гапларида қанчалик жон бор, деб Ўзбекистон телевидениесида ишловчи бир неча ходимдан сўради. Журналистлар маълум сабабларга кўра, исмини беришни хоҳламаган бўлса ҳам, бу хабарни тўғрилигини тасдиқлашди. Уларнинг айтишича, "Ахборот" ва "Давр"да ходимларнинг ставкаси" бошқа редакция журналистлариникига қараганда анча "юқори ва обрўли". Шу боисдан, у ерга ишга кириш ҳам кўпроқ пул туради. Уларнинг ойлиги ҳам миллион сўмдан ошиши ва бундан ташқари "жойлардан қўшимча даромадлари ҳам бор"лигини қайд этишди телевидениенинг Би-би-си суҳбатлашган ходимлари.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ