Тошкентда тижорий виза билан ҳажни ташкил қилганлар ушланган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ўзбекистонда фуқароларни тижорий виза орқали ҳажга жўнатиш билан шуғулланиб келган жиноий гуруҳ қўлга олинган.

Ҳуқуқни ҳимоя қилиш идоралари ушбу ноқонуний йўл билан даромад қилиб келган шахслар фаолиятини ошкор қилди, деб ёзади 12news.uz веб сайти.

Хабарда айтилишича, икки йил давомида шу иш билан шуғулланган икки киши қарийб 100 минг доллар даромад қилган.

Уларнинг биттаси Саудия Арабистонининг Тошкентдаги элчихонаси ходими бўлгани айтилади.

Фуқароларни ҳажга бориш визаси учун ушбу гуруҳ улардан қўшимча бошқа нарсалар ҳам талаб қилишгани келтирилади. Яъни, 2013 йилда Андижонлик фуқаро оила аъзолари билан ҳажга бирга бориш учун 61 минг доллар берибди. Бироқ ҳажга юборишнинг уддасидан чиқмаган гуруҳ уларни Умра сафарига юборишни тўғирлаб бериш ваъдаси билан андижонлик кишидан 70 кг тоза асал, икки қўй ундириб олибди.

Хабарда келтирилишича, ҳажга юбориш билан шуғулланган гуруҳ Саудия элчихонасига тижорий виза учун 55 доллардан тўлашган, бироқ визани қилиб бериш учун одамлардан 6-7 минг доллар пора талаб қилишган.

Ҳуқуқни ҳимоя қилиш ходимлари шубҳали гуруҳ устидан ўтказилган тинтув вақтида тақиқланган диний адабиётлар ва дисклар топганлари ёзилади.

Воқеа юзасидан жиноий иш очилган.

Кузатувчиларнинг фикрича, Ўзбекистоннинг деярли ҳамма соҳасида илдиз отган порахўрлик, ҳатто муқаддас ҳаж зиёратига бориш жараёнига ҳам таъсир қилмай қолмаган.

Уларга кўра, ҳар йили мусулмонларнинг Ҳаж маросими бошланиши олди Ўзбекистонда порахӯрлик ҳоллари кӯпайиши борасида хабарлар пайдо бўлади.

Норасмий манбаларга кўра, тегишли идора мулозимлари ҳожилар рӯйхатига киритиш учун алоҳида шахслардан қўшимча пул талаб қилиш ҳоллари маълум.

Талабгорлар сонининг ажратилган ҳожилар ўрнидан бир неча маротиба кӯплиги Ҳаж маросимидаги порахӯрлик ҳолларининг кӯпайишига сабаблардан бири сифатида кўрсатилади.

30 миллионлик аҳолига нечта ҳожи?

Айни пайтда 10 июлда ўзбекистонлик 170 нафар зиёратчи Умра амалини бажариш учун Арабистонига жўнаб кетган.

Бундан олдин беш мингдан ортиқ зиёратчи Умрани адо этиб қайтган.

Расмий хабарларга кўра, сафарга жўнатиш Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида амалга оширилган.

Саудия Арабистони ҳар йили жаҳондаги мамлакатларга мусулмон аҳолисининг сонига қараб жой ажратади.

Бу рақам ҳар 1 миллион мусулмон учун 1000 киши этиб белгилангани айтилган.

Шундан келиб чиқиб, аҳолиси 30 миллионлик бўлган Ўзбекистондан ҳажга борадиган зиёратчилар сони бир неча баравар кўп бўлиши керак.

Бироқ Ўзбекистон ҳукумати ўтган йилда 5200 киши ҳажга боришини белгилаб қўйган.

Ўзбекистон ҳукумати Ҳажга борадиган ўз фуқаролари сонини сунъий қисқартираяпти, дея илгари ҳам танқидларга тутилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ