Ўзбекистонда атом электростанциясини қуриш имконлими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ўзбекистондаги қатор Интернет ахборот саҳифаларида айтилишича, ҳукумат мамлакатда атом электр станциясини қуриш лойиҳасини кўриб чиқмоқда.

Ушбу хабарлар расмий манбалардан тасдиқланмаган, лекин мақолаларда атом электростанциясини қуришнинг эҳтимолий еридан тортиб, лойиҳани амалга оширишда ҳамкорлик қилиши мумкин бўлган мамлакатларгача тилга олинган.

Шу вақтга қадар Марказий Осиёда фақатгина Қозоғистонда атом электростанциясини қуриш лойиҳасига қўл урилганди.

Ўзбекистонда буни амалга ошириш нақадар реал?

Қирғизистонлик ядро физикаси соҳаси собиқ мутахассиси Кубан Абдименнинг айтишича, Ўзбкистонда атом электр станциясини қуриш имконлари бор, лекин бу йўлда тўсиқлар ҳам талайгина.

Кубан Абдимен: Ўзбекистонда бу каби лойиҳани амалга ошириш нақадар реал деган масалага икки асосдан ёндошиш керак. Биринчидан, нақадар имконли ва бошқа томондан қандай тўсиқлар бор деган маънода. Менинг фикримча, атом электростанциясини Ўзбекистонда қуриш имкониятлари бор. Ўзбекистон иқтисоди анчайин йирик, хорижий сармояни жалб қила оладиган мамлакат. Яъни, маблағ топиш мумкин. Бошқа томондан ядровий ёқилғи масаласи. Бу ҳам у ерда мавжуд. Уран етарли даражада бор, уни қайта ишлаб электр станция учун ёқилғи сифатида ишлатиш мумкин. Тўсиқларга келсак, Ўзбекистон минтақада аҳолиси энг зич яшайдиган мамлакат. Минтақа аҳолисининг деярли ярми у ерда яшайди. Атом электростанциясида бирон кор-ҳол юз бергудек бўлса, фожеага олиб келиши мумкин. Яна бир тўсиқ бу замонавий технологияларга эришишдир. Лекин, бу каби технологияга эришилган ҳолатда ҳам уни амалга ошириб, фаолиятини юритадиган маҳаллий мутахассислар йўқ.

Би-би-си: Лекин Ўзбекистонда атом энергиясига эҳтиёж нақадар катта?

Кубан Абдимен: Фикримча, бу каби энергияга Ўзбекистонда эҳтиёж у қадар катта эмас. Мамлакатда бошқа энергия манбалари анчайин кўп, масалан газ ва нефт. Шунинг учун атом электростанциясини қуриш у қадар долзарб масала эмас, деб ҳисоблайман. Яъни имкон бор, лекин эҳтиёж у қадар катта эмас.

Би-би-си: Лекин Ўзбекистонда охирги йилларда энергия тақчиллиги анчайин кескин тус олгани айтилади. Деярли ҳамма ҳудудларда электр энергияси тез-тез узиб қўйилади. Аввал газ билан таъминланган ҳудуларга ҳозирда газ бормаяпти. Шунинг учун балки бу каби лойиҳага эҳтиёж каттадир?

Кубан Абдимен: Ҳа мен ҳам бундан хабардорман. Лекин менинг тушунишимча бу ҳолат энергия манбаларининг етишмовчилиги туфайли эмас, уларни нотўғри сарф қилиш боис рўй бермоқда. Бошқа томондан улкан захираларга эга Ўзбекистон уларни хорижга ҳам экспорт қилмоқда. Агарда бу захиралар оқилона ишлатилганда менимча аҳолини таъминлаш учун етарли бўларди.

Би-би-си: Япониянинг Фукушима атом электрстанциясидаги фожеадан сўнг бу каби лойиҳаларга муносабат дунё бўйлаб ўта эҳтиёткор. Улардан воз кечаётган мамлакатлар ҳам бор. Ана шу манзарада атом электростанциясини қуриш нақадар оқланган?

Кубан Абдимен: Менинг шахсий фикрим, юқорида келтирилган омиллар туфайли атом электростанциясини аҳоли зич яшайдиган ерларда қуришнинг оқибатлари анчайин хавфли бўлиши мумкин. Сиз мисол қилиб келтирган Японияда атом энергиясидан фойдаланишни 30 фоизга қисқартиришди. Бу тамойил жаҳон бўйлаб давом этади, деб ўйлайман. Агарда Ўзбекистоннинг энергияга эҳтиёжи жуда катта бўлса, балки оқланган бўларди. Лекин ҳозирда бу каби лойиҳани оқлаш даражасидаги эҳтиёж йўқ деб ўйлайман.

Би-би-си: Технология масаласини кўтардингиз. Бу каби технологияга эга бўлган мамлакатлар уни Ўзбекистонга тақдим қилишга тайёр бўлади, деб ўйлайсизми?

Кубан Абдимен: Буёғи энди геополитик масала. Агар бу Ғарб манфаатларига жавоб берса, балки улар тақдим қилишга тайёр бўлишар. Ўзбекистоннинг Ғарб билан муносабатлари яхшиланаётган бўлиши мумкин, лекин замонавий технологияларни бўлишиш даражасида яхши, деб ўйламайман. Бундан ташқари Афғонистондаги ҳодисалар туфайли Ўзбекистон ҳудудий жиҳатдан қалтис ерда жойлашган. Вазиятнинг кескин ўзгариши эҳтимолини назарда тутиб, Ғарб мамлакатлари технологияларни тақдим этишга борадилар, деб ўйламайман.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02