Шермуҳаммад Абдуллазода: Ўзбекистон ҳукумати 'кўзбўямачилари' рақамларни сохталаштиравериб ўзлари адашиб кетишган

Шермуҳаммад Абдуллазода 1966 йилда Самарқанд шаҳрида туғилган.

Ўрта мактабни олтин медал билан тамомлаган.

Аввал Самарқанд Давлат Университетининг математика факультетини, сўнг Молия коллежини қизил дипломлар билан якунлаган.

У ҳоким маслаҳатчиси, туман солиқ идораси бошлиғи ўринбосари лавозимларида ишлаган.

1996 йилда Молия вазирлигининг солиқ сиёсати бошқармасига ишга таклиф қилишган.

Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Давлат ва Жамият қурилиши академиясини битирган.

Шермуҳаммад Абдуллазода Молия вазирлигининг Валюта бошқармасини, "Ташқи иқтисодий алоқалар ва Ўзбекистоннинг ташқи қарзини мониторинг қилиш" бошқармасини бошқарган, Инвестицион лойиҳа ва дастурларни экспертизадан ўтказиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаган.

2002 йили "Давлат белгиси" корхонаси раҳбари ўринбосари лавозимига таклиф қилинган.

Бироқ Шермуҳаммад Абдуллазода 2004 йилда Ўзбекистонни тарк этишга қарор қилади.

Бунинг сабаби, "менинг танқидларим", дея жавоб қайтаради у.

"Ўзбекистон ҳукуматининг юритаётган иқтисодий сиёсати билан келишолмадим, мана шу норозилигим туфайли кетдим", дейди иқтисодий таҳлилчи.

Ҳозирги пайтда оиласи билан АҚШда истиқомат қилади.

Қатор нуфузли халқаро ташкилотлар жаноб Абдуллазодадан Ўзбекистон иқтисодига доир эксперт хулосаларини сўраганлар.

Би-би-си меҳмони Шермуҳаммад Абдуллазоданинг саволларга жавоблари

Тошпўлат ака, АҚШ: Ассалому алайкум. Ўзбекистонда расмийлар қўшиб ёзишлари одатий ҳолат бўлиб қолгани ҳаммага аён бўлса керак. Ҳар йили сал кам 1 млн янги иш ўринлари яратилмоқда, электроэнергия ишлаб чиқариш камайгани йўқ, бу йил ҳам 8,1 млн т буғдой дони етиштирилди ва шунга ўхшаш статистикани ўқиганда, ҳа, шоввозлар яна қўшиб ёзибди-ёв, деган фикр хаёлга борамизда, лекин уни баралла айтишга журъат қилмаймиз. Айни пайтда йиллик статистик ахборотларда Ўзбекистонда ялпи ишлаб чиқарилган маҳсулот ҳажмининг ўсиши ўртача 8%ни ташкил қилади, дейишганда, кўпчилик, ҳатто Жаҳон банки, Халқаро валюта фонди ва бошқа энг эътиборли халқаро молиявий институтлар уни ҳақиқий, реал маълумотлардек қабул қилишади ва ўз номлари, экспертлик гувоҳлари билан расман тасдиқлашади ҳам.Савол: Малакали иқтисодчилар тахминича, Ўзбекистон ҳукумати йиллик ҳисоботларининг қанча фоизи сохталаштирилади? Бугунги Ўзбекистонда расмий қўшиб ёзишлардан, майнавозчиликдан қутулишнинг иложи борми?

Шермуҳаммад Абдуллазода: Биринчидан, Тошпўлат акага ўзларини вақтларини аямай савол берганлари учун мен ўзимнинг миннатдорлигимни билдирмоқчиман. Иккинчидан, мен у кишининг саволларига ўзимнинг фикрларимни билдираман. Гапимни бошлашдан олдин бир нарсани айтиб ўтмоқчиман: мен шахс сифатида қуёш ботишига, куннинг отишига ишонаман, лекин Ўзбекистоннинг иқтисодий-молиявий аҳволининг бугунги кунда ўзгаришига ҳеч қандай ишончим йўқ. Бу билан мен айтмоқчиманки, Тошпўлат ака жуда яхши, қизиқарли мисолларни келтириб ўтганлар. Ўзбекистоннинг раҳбарияти қанчалик яширишга ҳаракат қилмасин, Тошпўлат ака келтирган мисолларда ҳам ҳамма нарса очиқ-ойдин кўриниб туради. Келинг Президент Ислом Каримовнинг 25 йиллик раҳбарлик даврини олмайлик-да, охирги беш йилликни олсак, ҳақиқатан ҳам Ўзбекистонда ҳар йили 1 миллионта иш жойи яратилса, 5 йилда 5000000 иш ўрни очилади, 10 йилда 10 миллион иш жойи очилади. Лекин бугун Ўзбекистоннинг 7 миллион аҳолиси мамлакатдаги ишсизликдан, ўзининг оиласини боқиш ёки ишлаб чиқаришдан топадиган ўзларининг ойлик сармояларини йўқотганлари сабабидан ташқарига чиқиб кетишга мажбур бўлишган. Агар Ўзбекистон ҳукумати эълон қилаётган рақамлар тўғри бўлганда эди, улар Ўзбекистондан чиқиб кетиш у ёқда турсин, ҳар йили 1 миллион иш ўрнини яратаётган Ўзбекистон ҳукумати четдан ишчи кучини олиб келишга ҳаракат қилган бўларди. Тошпўлат ака, тўғри айтиб ўтганлар, Ўзбекистонда электр энергияси ишлаб чиқариш ҳамон ўша-ўша, лекин минг афсуслар бўлсинки, улар Ўзбекистон халқига эга эмас, четга валютага сотилиб ётипти, ўзбекистонликларнинг ўзлари эса электрсиз ўтиришга мажбур бўлаяптилар. Дон Ўзбекистоннинг ўзида ишлаб чиқарилаяпти, лекин бу буғдойни сотиб олишга ўзбекистонликларнинг бир ойлик маоши ёки пенсионерларимизнинг пенсия, нафақалари етмайди. Бу нимадан далолат беради? Ўзбекистон ҳукумати “яллама ёр” деб Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаларига катта-катта ҳисоботлар беришади, бу ҳисоботларда Ўзбекистон иқтисодиётининг йилдан-йилдан ошаётганини, қарийб 10 фоизга ўсиш бўлаётганини айтишади. Яқинда Ўзбекистонга бориб келган Халқаро валюта фондининг вакиласи ҳам Ўзбекистонда йиллик ўсиш 10 фоизни ташкил этди, деб ёзган ҳам экан. Булар ҳаммаси Ўзбекистон ҳали ҳам Совет даврини яшаётганини, Ўзбекистон ҳукуматининг ҳозирги бошқаруви Совет давридагидан ҳам салбийлаштирилган равишдаги бошқарув эканини кўрсатади. Ўзбекистонга ташқаридан ҳар қандай текширувчи, ҳар қандай назоратчи келганида, авваламбор, ўзбекона меҳмондорчиликни кўрсатишади. “У ёққа олиб бор, бу ёққа олиб бор, қадимий обидаларни томоша қилдир...” Мана шу нарсалар билан вақтни ўтқазишади-да, кейин ўзлари сохта ҳисоботларни тақдим қилишади. Мен халқаро вакиллар Ўзбекистонга келганда “сотиладилар” демоқчи эмасман. Улар ўзлари алдашмайди, лекин Ўзбекистон расмийларидан ҳам алдашни кутмаган ҳолда, ишониб бу рақамларни қабул қилишади. Кейин бу рақамларни ўзларининг ҳисоботларига қўшадилар. Ўзбекистон ҳукумати нима учун бундай сохта ҳисоботлар тақдим қилади? Ўзбекистон ҳукумати Жаҳон банкига, Халқаро Валюта жамғармаси ва бошқа халқаро молия ташкилотларига Ўзбекистонни ривожланаётган мамлакат сифатида тақдим этишни истайди. Бу ташкилотлар бирор мамлакатга қанчалик кўп ишонса, бу мамлакатга сармоя олиб киришга ёки сармоядорларни ўша мамлакатга инвестиция киритишга ишонтиришга мойил бўладилар. Бу халқаро ташкилотларнинг йиллик ҳисоботларини кўрган бизнесменлар Ўзбекистон ҳақидаги рақамларга ишонадилар, Ўзбекистонни ўзи учун янги бозор сифатида кўриб сармоя киритишни истайдилар. “Ҳа, бу мамлакат ривожланаётган экан, ташқи қарзлари йўқ экан”, деб бу рақамларга ишонишади ва Ўзбекистонга сармоя киритишади. Охир-оқибат Ўзбекистон ҳукумати бу инвесторларни ё қамоққа тортишади ва бор-будини шилиб олиб мамлакатни ташлаб кетишга мажбур қилишади. Бунга мисол қилиб, Ўзбекистонда қамоққа олинган бир туркиялик бизнесменни, мол-мулки тортиб олингани учун Ўзбекистон ҳукуматини судга беришга қарор қилган бир Голландия ширкати мисолларини келтиришим мумкин.

Би-би-си: Ўзбекистондан ташқарига чиқиб чиқиб муҳожирлик билан оиласини боқишга мажбур бўлган ўзбекистонликларнинг ҳақиқий сонини Ўзбекистон ҳукуматидан бошқа ҳеч ким билмайди ва шунинг учун доим матбуотда тахминий рақамлар келтиради. Мана сиз 7 миллион ўзбекистонлик ташқарига чиқиб кетган, деб айтаётганда қандай ҳисоб-китоблар, таҳлилларга таяндингиз?

Шермуҳаммад Абдуллазода: Ҳа, бу менинг тахминим. Бу Ўзбекистон ҳукуматининг эмас, бошқа мамлакатлар ҳукуматларининг берган маълумотлари асосида қилган ҳисоб-китобларимга таяниб шу рақамни олганман. У маълумотлар ҳам тақрибий олинган. Менинг фикримча, уларнинг кўпчилиги ўша хорижий мамлакатларда расман рўйхатга олинган муҳожирлар бўлишлари мумкин. Бундан ташқари, рўйхатдан ўтмай юрган ноқонуний муҳожирлар ҳам кўп. Мана шуларнинг ҳаммасини ҳисобга олиб 7 миллион ўзбекистонлик четга чиқиб кетган, деган хулосага келганман. Агар Ўзбекистонда ҳақиқий ўсиш, 8 фоиз эмас, 0,5 фоиз бўлганда ҳам, бизнинг меҳнатсевар ўзбек халқимиз, мияли, доно олимларимиз, зиёлиларимиз, врачларимиз, куч ва қудрати бўлган оталар, акалар, укалар, ҳозирги кунда аёлларимиз ҳам ўз оилаларини ташлаб кетишга мажбур бўлмасдилар.

Тошкентдан Ҳожиаҳмад: Жаноб Абдуллазода, бир неча йилки ҳукумат ижтимоий соҳага давлат бюджетининг фалон фоизини йўналтирмоқдамиз, дея айтиб келади. Бироқ амалда эса ҳар йили 10 фоизга Молия вазирлигидан бюджет қисқариши рўй бермоқда. Бу иддао эмас, бу факт. Ўзим шуни ичида бўлганим учун айтаяпман. Бу нимага олиб келиши мумкин? Ва бу жаҳон тажрибасида қандай рўй беради?

Шермуҳаммад Абдуллазода:Ҳожиаҳмад дўстимизми, акамизми ёки укамизми, ёшларини билмадим, саволлари учун раҳмат. У киши ичидаман деганлари учун у кишини ҳукуматнинг ижтимоий таъминот соҳасида ишласалар керак, деб биламан. Йилига қанча фоиз қисқартириш бўлаётганини фақат шу соҳа ичида ишлаганлар яхши билишади. Мана биз ойлик маошларнинг, пенсияларнинг ва болаларга бериладиган нафақаларнинг ўз вақтида берилмаётгани ҳақидаги хабарларни Интернетдан, Би-би-си ва «Озодлик» хабарларидан эшитиб турамиз. Нима учун ўз вақтида берилмайди? Чунки бу пуллар Ўзбекистон бюджетида йўқ. Бюджетга киритилмайди. Мисол учун, ижтимоий соҳага 1 миллиард сўм керак, дейлик. Бу рақамни мисол тариқасида келтираяпман. Бюджетдан 1 миллиард ўрнига 500 миллион сўм ажратишади. Демак, бу ярим миллиардни ижтимоий соҳага тааллуқли ташкилотларга камайтириб-камайтириб тарқатиш лозим, деганидир. Камайтириб тарқатиб, “қолганини нима қилиб бўлса ҳам ўзинг топ”, деб айтишади. Бу ҳақиқат. 10 фоиз ҳар йили 10 фоизга камайиш дегани. Ўзи-ку ижтимоий соҳага бериладиган маблағ талаб қилинганидан кам. Шуни ҳам 10 фоизга қисқартиришга тўғри келаяпти. Жаҳон тажрибаси қандай, деган саволларига ўзим билганича жавоб беришга ҳаракат қиламан. Тараққий этган, коррупцияга ботмаган, диктатура бўлмаган давлатларда ижтимоий соҳа учун маблағ ҳақиқатдан келиб чиққан ҳолда ажратилади. Ижтимоий соҳа учун керак бўлган барча молиявий инструментлар ҳисобланади. Агар бюджет ҳисобидан бўлса, уларга кетадиган харажатлар ҳисобланади. Уларнинг ойликлари, уларга керак бўладиган технологиялар ҳисобланади. Мен аминманки, Ўзбекистонда зарур бўлган технологиялар амортизация қилиниб, пул ажратилиб янгиланмайди. Бошқа мамлакатларда амортизация қилиниб, 5 йилликми, 10 йилликми, ҳар қандай технология ўзгартилиб, йилдан-йилга янгиланиб, бюджетга киритилиб, ошиб келади. Бу ерда инфляция кўрсатилади. Масалан, 3 фоизми, 5 фоизми, йиллик фоизини эълон қилиш билан бирга, ўша фоизга нисбатан харажатлари ҳам ошиб келади. Ўзбекистонда эса Конституция байрамидан олдин маошлар 10 фоиз, 20 фоиз ошди деб эълон қилишади-ю, сизнинг маошларингиз қўлингизга келиб тушганича нарх-наво 10-20 фоиз эмас, 1 баравар, 2 баравар кўтарилиб кетади. Бу жуда аянчли.

Би-би-си: Матбуотда Ўзбекистон ижтимоий соҳаларга давлат бюджетининг 30 фоиздан ортиғини йўналтириши ҳақидаги хабарлар эълон қилинган эди. 30 фоиз шу кеча-кундузда қанча маблағни ташкил этиши мумкин?

Шермуҳаммад Абдуллазода: Мен шу кунларда Ўзбекистон бюджетининг 2013 йилдаги кўрсаткичларини ўрганаётган эдим. Мен бу рақамлар қанчалик ҳақиқий ёки ҳақиқий эмаслигини таҳлил қилаяпман. Ҳозиргача ўрганишларим шуни кўрсатдики, Ўзбекистон йиллик бюджетининг харажатлар қисми даромадлар қисмидан кўпроқни ташкил қилган. Харажатлар қисми сохталаштирилганини кўриш мумкин. Сиз яхши биласизки, бюджет ташкил қилинганда унинг даромад қисми рақамлари қўйилади, кейин у моддаларга бўлинади. Кейин йиллик бюджетнинг харажат қисми берилади ва у ҳам ўзининг моддаларига бўлинади. Бунда бюджетнинг ҳам харажат қисмининг ва ҳам даромад қисмининг ичидаги бўлимларнинг умумий суммаси тенг бўлиши керак. Тўғрими? Ўзбекистон бюджетининг 2013 йилдаги даромадлари билан харажатларини анализ қилганимда шуни кўрдимки, сохтагарчилик, кўзбўямачилик, алдамчилик очиқ-ойдин кўриниб турибди. Харажат қисмидаги умумий рақам бир. Кейин моддаларнинг ҳар бирининг рақамларини қўшиб чиқсангиз, бу рақам бошқа. Иккови бир-биридан жуда катта фарқ қилади. Бу қарийб 38 миллион долларга фарқ қилади. Умумий рақам 38 миллионга кўп қилиб кўрсатилган. Лекин ичидаги моддалар бўйича бўлиниб чиқилган рақамларни қўшиб чиқсангиз, улар 38 миллион долларга кам. Бу дегани, бюджет тарқатилаётган пайтда ўзбекона қилиб “салом-алейкум» билан мурожаатлар қилинади, бюджетни тарқатаётган одамнинг олдига униси киради, буниси киради, “қистир-қистир” қилинади. Кимга бюджетдан ўзининг соҳасига, тармоғига ё ташкилотига пул керак бўлса, у бояги одамнинг чўнтагини тўлдиради, у эса бюджетдан маблағ ажратади. Бу бир мисол. Кейингиси, давлат ҳокимияти тизимларини маблағ билан таъминлаш. Бу йиллик бюджет ҳужжатида “содержание государственной власти, управление судов и органов” деган номдаги бўлим билан ёзиб кўрсатилган. Буларга Ўзбекистонда ўтган йилги йиллик бюджетнинг 4 фоизи ажратилган. Кейин йиллик бюджетга “прочие расходы» - «бошқа харажатлар» деб бир алоҳида бўлим киритилган. Бу бошқа харажатлар ўз ичига нималарни олади – бу бўлим моддаларга бўлиб чиқилмаган. Ўтган йили Ўзбекистонда йиллик бюджетнинг 20,34 фоизи ана шу “бошқа харажатлар”га сарфланган. Бу “бошқа харажатлар” конкретлаштирилмаган. Бюджет ҳужжатида русча қилиб “социальное обеспечение” – «ижтимоий таъминот”га 0,4 фоиз ажратилган, деб ёзилган. Оилалар учун “социальные пособия» - «ижтимоий нафақа”лар учун 6 фоиз ажратилган. Мана қаранг, ўтган йили Ўзбекистонда ижтимоий нафақа ва ижтимоий таъминот харажатлари учун давлат бюджетидан 6,55 фоиз ажратилган бир вақтда “бошқа харажатлар” 20,34 фоизни ташкил этган. Ўзбекистон йиллик бюджетининг бешдан бир қисми ўтган йили қандай мақсадларга ажратилганини ҳеч ким билмайди. Ҳолбуки, бутун дунё мамлакатларида бюджетдан ажратиладиган ҳар бир тийин ҳисоб-китоб қилинади, ҳукумат ўша бир тийинни тўғри мақсадга йўналтиргани ҳақида халққа ҳисобот беришга мажбур. Майли, мен тушунаман, “бошқа харажатлар” деганда кутилмаганда сарфлашга тўғри келиб қоладиган харажатларни назарда тутиб, давлат бюджетида бир бўлимда захира маблағни асраб туриш мумкин. Лекин бу нарса бутун бошли йиллик бюджетининг 20 фоизини ташкил қилиши нотўғри.

Би-би-си: Сиз таянаётган бу ҳужжат қандай ҳужжат? Ва бу ҳужжатга қанчалик ишониш мумкин?

Шермуҳаммад Абдуллазода: Бу 2013 йилдаги Ўзбекистон ҳукумати бюджетининг ижроси ҳақидаги ҳужжат. Ўзбекистон Сенати тасдиқлаган бюджет ижроси ҳақидаги қарор. Бу жамоатчиликка ошкор этилмайдиган ҳужжат. Афсуски, халқимизнинг кўпчилигининг иқтисодий, молиявий билимлари кам. Бошқа мамлакатлар фуқаролари сингари бюджетнинг “ҳар бир тийини” қаёққа сарфланаётганига қизиқиб, бунинг учун курашмайдилар. Ҳукумат раҳбарлари нима қилса ҳам рози бўлишади. Ноиложликдан рози бўлишади. Халқимиз бюджет борасида ўз фикрларини айтолмайдилар. Айтган тақдирларида ҳам уларни яхшилик кутмайди. Ҳар йили Ўзбекистон ҳукумати халқаро ташкилотлар, Жаҳон Банки, Халқаро Валюта жамғармаси каби ташкилотларга ўзининг йиллик кўрсаткичларини тақдим қилади. Лекин мана шу иккита нуфузли ташкилотдаги Ўзбекистонга оид рақамларга қарасангиз, кўрсаткичлар бир-биридан фарқи қилишини кўриш мумкин. Мисол сифатида Ўзбекистон йиллик Ялпи Ички маҳсулотига оид кўрсаткичларни келтириш мумкин. 2011 йилда Ўзбекистонда аҳоли жон бошига ЯИМ 3239 АҚШ доллар, 2012 йилда 3488, 2013 йилда 3762 АҚШ доллларни ташкил этган, деб кўрсатилган. Бу Халқаро Валюта Жамғармасининг 2014 йил 8 апрелда эълон қилган ҳисоботида келтирилган рақамлар. Келинг энди Жаҳон Банкининг Ўзбекистонга тааллуқли рақамларига қарайлик: 2011 йилда Ялпи Ички маҳсулот аҳоли жон бошига 4412 АҚШ долларини, 2012 йилда 4998 долларни, 2013 йилда эса 5293 долларни ташкил этган, деб ёзилган. Бу Жаҳон Банкининг 2014 йил 1 июлда эълон қилган расмий ҳужжатида келтирилган рақамлар. Бу шундан далолат берадики, АҚШ, Британиядек давлатларда йиллик иқтисодий ўсиш 1 ёки 2-3 фоизни ташкил этиб, 2012 йилги кўрсаткичларида эса пасайиш кузатилиб турган бир пайтда Ўзбекистон иқтисоди 7-8 фоиз ўсаяпти, деб ҳисобот тайёрлайдиган ҳукуматдаги “кўзбўямачиларимиз”нинг ўзлари рақамларни сохталаштиришда адашиб кетаяптилар. Бу рақамлар тўқима, сохта эканини кўрсатади. Агар халқаро ташкилотларга ҳисобот тайёрлаб бераётган "кўзбўямачилар" бошларини "жойига қўйиб", қаерга қандай рақам тақдим қилганларини ёдда тутиб иш қилишганида, бу кўрсаткичлар икки хил бўлмас эди.

Би-би-си: Бу қарорда Ўзбекистон бир йилда кучишлатар тизимларига бир йилллик бюджетнинг қанча қисмини сарфлаётгани рақамлари борми?

Шермуҳаммад Абдуллазода: Бор. Бу ерда давлат бошқаруви, суд ва органларни бошқаришга 4,38 фоиз ажратилган, деб ёзилган. Боя юқорида айтганим “бошқа харажатлар”га эса 20,34 фоиз ажратилган. Бу бошқа харажатларни ичига нима кирганини мен аниқ айтолмайман, лекин бу сумманинг катта қисми сиз сўраган армия, СНБ, МВДга сарфланади, деб тахмин қилишимиз мумкин. Балки шунинг учун бу аниқ кўрсатилмаган бўлиши мумкин. Ўзбекистонда одатда молиявий статистик маълумотларда мана шу кучишлатар тизимларга тааллуқли рақамлар очиқ кўрсатилмас эди.

Kamron, Toshkent: Savolim shundan iborat: Ozbekiston nima uchun chetga chiqishda faqat 2000$ ga ruhsat beradi? Bu summa ahir kulguliku?! Bu pulingiz siz chiqib ketayotgan davlatda 2 haftaga arang etadiku ahir! Nima uchun mutahassislar fikrini sorashmaydi? Bu narh 25 yildan beri bor, oldin bu pulga 2 honali uy sotib olardingiz Toshkendan. Hozir esa Londondagi til oqitish maktabida 1 oylik kursga zorga etadi! Juda ham achinarli va kulgili holat!

Шермуҳаммад Абдуллазода: Комрон дўстимизга раҳмат саволлари учун. Мен юқорида Ўзбекистондаги иқтисодий ва молиявий ҳаолатлар бўйича кўп танқидий фикрлар билдирдим. Лекин бу кишининг саволига шундай жавоб бераман: Ўзбекистон ҳам бошқа давлатлар каби ўзининг валютани олиб кириш ёки олиб чиқишга тааллуқли меъёрларини жорий қилиш ҳуқуқига эга. Лекин бу қай даражада, қайси миқдорда экани, иккинчи масала. Ўзбекистон ҳукуматида ҳам бир кишига рухсат бериладиган хорижий валюта миқдорини 2000 АҚШ долларидан ҳам ошириш имкони бор. Лекин бу жуда катта бюрократияни талаб қилишини мен яхши биламан. Агар мен ташқарига ўзингиз билан валюта олиб чиқишга тегишли бўлган қонуний тартиб-қоидани тушунтириб берадиган бўлсам, бунинг учун Марказий Банк ва ташқарига валюта чиқаришга рухсат берадиган банкларнинг рухсати талаб қилинади. Бунинг учун ҳар бир инсон, масалан, 2 ойга ёки 3 ойга чет элга ўқишга кетаётган бўлса, шу ҳақдаги ҳужжатларини тақдим этиши лозим. Паспортида визалари бўлиши, ўша чет элдаги ўқиш жойи, коллеждан ўқиш ҳақи қанчани ташкил этиши, қанча муддат давом этиши ҳақида маълумот берилган ҳужжатлари бўлиши, агар ўзининг маблағи ташқарида билим олиш учун ўзига етарли бўлса, ўша маблағи банкка қўйилган банк ҳисоби кўрсатиш керак бўлади. Марказий банк ёки бошқа банк рухсати билан 2000 АҚШ долларидан кўп маблағни четга олиб чиқиш мумкин бўлади. Иккинчи масала, ўша рухсатларни Ўзбекистон шароитида олиш осон эмаслигини мен жуда яхши тушунаман. Сиз ўзингизнинг маблағингизни четга олиб чиқиш учун яна унисига "салом" бериш, бунисига "салом" бериш лозим бўлади, унисига бир чиқим, бунисига яна бир чиқим қилиб анча пулингиздан айриласиз. Яна бир осон йўли бор. Маблағингизни ташқарига нақд пул шаклида олиб чиқиш шарт эмас. Валюта счёти очиб, валюта счёти орқали ўзларининг тўловларини амалга ошириш мумкин. Яна шуни айтиш керакки, 2000 доллар фақат чўнтак харажатлари - "карманний расход" учун кўзда тутилган сумма. Агар бундан кўп маблағни олиб чиқиши зарур бўлса, ва харажатлари кўп эканини маълум қилиб, банкларга ёзма мурожаат қилинса, мутасадди банклар қоғоз қилиб беради, бу қоғозни божхонада кўрсатиб, кўпроқ маблағни олиб чиқиш мумкин. Бироқ булар ҳаммаси ёзма равишда декларация қилишини керак. Валютани бир мамлакатга олиб кириш ҳам, ташқарига олиб чиқиш ҳам декларацияда қайд этилиши керак. Бу бутун дунёда нормал ҳолат ҳисобланади. Ҳар қандай давлатда ўзининг ўрнатилган валютага доир нормаси бўлиши табиий.

Би-би-си: Бу 2000 долларлик чеклов Ўзбекистон пахтаси, олтини, гази ёки бошқа қимматбаҳо табиий бойликлари эвазига четдан келган валюта бойликларини асоссиз мамлакатдан олиб чиқиб кетмаслик мақсадини кўзлаб киритилган чеклов. Лекин бугунги кунга келиб ҳеч кимга сир бўлмай қолди, мана шундай чекловлар киритилганига қарамасдан, айрим ўзбекистонликлар Ўзбекистондан миллион-миллион долларни ташқарига олиб чиққанлар, мисол учун Швейцариянинг ёки Латвиянинг банкларида сақламоқдалар. Шундай эмасми?

Шермуҳаммад Абдуллазода: Ҳа, тўғри. Ҳамма ўзбекистонликнинг ҳам Швейцария банкларида маблағ сақлаш имконлари йўқ. Фақат диктаторлар оилалари аъзолари ва уларнинг атрофидагиларнинг шунча кўп маблағлари бўлиши мумкин. Тўғри, Ўзбекистонга кўп валюта маблағлари келиб тушади пахта савдосидан, олтин савдосидан. Лекин бу маблағлар бюджетга бориб тушмайди. Булар Ўзбекистон давлат бюджетига бориб тушадиган валюталар эмас.

Ali, Malayziya: Assalomu alaykum. Shermuhammad aka mening savolim quyidagicha: 1. O'zbekistonda Islomiy banklarni joriy qilinshi sizningcha muvaffaqiyatli kechadimi?2. Ishsizlik darajasini kamaytirish hamda ishlab chiqarishni yuksaltirish uchun siz qanday o'ziga xos iqtisodiy o'zbek modelini taklif etgan bo'lar edingiz? Qaysi tarmoqlarga ko'proq etibor berilishi samalariroq?

Шермуҳаммад Абдуллазода: Мен дўстимиз Алига ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман ва агар саволларига ноқулай жавоб берсам, олдиндан узр сўраб қўймоқчиман. Исломий банкнинг ўзининг усули, ўзининг тартиби бор. Мен исломий банк билан ишламаганман, кўп қизиқмаганман. Лекин ўзим биламанки, исломий банк Ислом қонун-қоидаларидан келиб чиққан ҳолда фаолият юритади. Ислом банки ҳалол банк ҳисобланади. Ҳалол йўл деб кўриладиган йўллар билан киритиладиган фойдалар билан иш кўрадиган банк ҳисобланади. Лекин мана ҳозир бутун Оврўпо мамлакатлари банклари, Швейцария ва Британия банкларида, Сити ёки Barcklays банкларида исломий банк бўлимлари бор. Ана шу бўлимларда улар ҳалол деб билган пуллар билан муомала қиладилар. Одатда бошқа банкларга пул қўяётганда, одамлар ўзининг бойлигига бойлик қўшиш мақсадида қўядилар. Лекин исломий банк бу нарсани тарғиб этмайди. Чунки бу йўл Исломда судхўрлик ҳисобланади. Исломий банк маблағни бирор яхшилик йўлида ишлатиш учун йўналтиради. Шунинг учун мен эшитувчилар, ўқувчилардан узр сўрайман ва Ўзбекистондаги бойликларнинг аксарини ҳалол йўлда топилган бойлик деб ҳисобламаслигимни айтмоқчи эдим. Бундай шароитда исломий банк Ўзбекистонда ўз фаолиятини бажаролмайди, деб ўйлайман. Халқимиз ҳалол-покиза. Халқимизнинг жуда кўпчилик қисмининг ҳалол-покиза даромадлари бор. Лекин, афсуски, улар топадиган даромадлар банкка қўядиган даражада эмас. Улар қўлига тушадиган пулини кейинги ой пул тушгунча сақлаб тура олмайдиган даражадаги пуллар. Шунинг учун улар пулини банкка қўядиган шароитда эмаслар. Менинг фикрим шуки, Ўзбекистонда бугунги кунда исломий банк очиш имконияти йўқ.

2. Ўзбекистонда ҳақиқатан бизнинг иш кучимиз бор, шароитимиз бор, имкониятимиз бор. Биз ҳозир Ўзбекистон иқтисодиётини кўтариш даражасидамиз. Истаган тақдиримизда биз буни қила оламиз. Лекин, афсуски, мамлакат иқтисодиёти айрим инсонлар қўлида. Улар ҳукмронлик қилар эканлар, Ўзбекистон иқтисодиётида ўзгаришлар бўлмайди. Игна борадиган жойга ип ҳам боради. Демак, битта кичкина игна кириб борадиган жойга орқасидан узун ип ҳам бораверади. Ипнинг иложи йўқ бошқа жойга бурилишга. Игна бурилса, бурилади, игна қайрилса, қайрилади. Тўғри кетса, тўғри кетади. Ип мана шундай боғланган. Ўзбекистонда худди мана шундай. Ўзбекистон халқининг иложи йўқ бошқа жойга бурилишга. Улар очиқлик-ойдинлик билан бурила олмайдилар. Агар ип игнадан бошқа жойга буриламан, деб тортилса куч билан, узилиб кетади. Агар халқ бошқа жойга буриламан, "ўзимнинг фикримни билдираман", деса, унинг аҳволи вой бўлади. Минг бор узр. Мен мисол қилиб айтдим. Бу Ўзбекистондаги ҳозирги шароит. Лекин ҳа, бизнинг кучли иқтисодчиларимиз, мутахассисларимиз, олимларимиз бор. Масалан, мен ўзимизнинг олимларимизни ривожланган давлатлардаги мутахассислардан кучли деб биламан. Мен бу ердаги олимлар билан учрашиб юраман. Булар қисқа профилдаги, ўз соҳасини тор доирада биладиган олимлар. Бизнинг олимларимиз эса кўп йўналиш, кўп соҳаларни ўз ичига олган ҳолда билимга эга бўлган олимлардир. Шунинг учун агар бизда шароит бўлганда эди, боя мен айтиб ўтган "игнамиз" очкўз бўлмаганда, "ўзини ўйламаган"да, аксинча, халқни ўйлаганда эди, Ўзбекистонда шароит бошқача бўлар эди. Шароит ўзгарганда иш жойлари очилади. Иш жойлари очилганидан кейин иқтисодиёт кўтарилади. Ундан кейин эса ташқарига чиқиб кетган 7 миллион қайтиб келади. Иқтисодий модел ҳақида гапирадиган бўлсак, Президент Каримов Ўзбекистоннинг "ўзига хос модели"ни эълон қилган эди. Бу модел қадам-бақадам олдинга юришни кўзлаган эди. Лекин бугунга келиб билмадим, 25 қадам олдинга ташландими ёки йўқми? 1 қадам олдинга қўйилиб, 3 қадам орқага ташланди. Менга қолса, мен ўз моделимизни ўйлаб топишимиз керак, деб айтмаган бўлардим. Мен дунёдан ўрганган бўлардим.

Аналитик: Каримовнинг 25 йиллик ҳукмронлигини кўрган айрим ўзбекистонликлар шундай хулосага келдилар: бу одам ҳеч қачон ҳеч қандай ислоҳотни хоҳламаган, Каримов на бозор иқтисодиёти ислоҳотларини, на давлатчиликни коммунистик тузумдан ўзгартиришни истаган. Унинг учун яккаҳукмронлигига дахл қиладиган иш бўлмаса бўлди. Шунинг учун у бутун бошли соҳаларни, завод-фабрикаларни эскириб, бузилиб вайрон бўлишига қўйиб қўйди. Сизнингча, шу фикр қанчалар асосли?

Шермуҳаммад Абдуллазода: Аналитик дўстимиздан ҳам миннатдорман саволлари учун. Бу саволлар остида анча-анча таҳлилий масалалар ётади. Мен шу муносабат билан айтмоқчиманки, ақлнинг бир ўзи жаннатни жаҳаннамга, жаҳаннамни жаннатга айлантириши мумкин. Демоқчиманки, ақл қанча яхши бўлса, ва бор ақл қанчалик тўғри йўлга йўналтирилса, Ўзбекистондаги сиёсат ва иқтисодиёт шунча яхшиланиб борарди. Ва бўлади ҳам агар тўғри йўлга қўйилса. Ўзбекистонни 25 йилдан буён бошқариб келаётган жаноб президент коммунистик режим қолдиғи. У коммунистик замонда туғилиб ўсган, ўша замонда фикри, дунёқараши шаклланган. Ундан кейин эса ўзини демократ деб эълон қилгани билан дунёқарашини ўзгартира олмаган, мамлакатни бошқаришни коммунистлар давридагидан ҳам аянчлироқ бошқариб келаётган дунё раҳбарларидан бири. Шунинг учун, ҳа. Жаноб Каримов СССР даврида Москвага бўйсунган. Москвада унинг раҳбари бўлган. У ўша Москвадаги раҳбаридан қўрқиб ишлаган. Ҳа, Ўзбекистонда 25 йил олдин қанча-қанча завод-фабрикалар бор эди. Мен эслолмайман ўша пайтда 7 миллион эмас, 7 минг киши четга иш излаб чиқиб кетганини. Мана мисол учун, Самарқанд шаҳрида катта чой фабрикаси бор эди. Бу фабрика ҳам ёпилиб кетди. Самарқандда музлатгич ишлаб чиқарадиган завод бор эди, мебель ишлаб чиқарадиган корхонаси бор эди. Тошкентда қанча катта-катта фабрикалар, енгил саноат корхоналари бор эди. Ўшалар ҳам ёпилиб кетиб, чет эллик инвесторларга сотилди. Шу туфайли давлат тепасидагилар қанча-қанча "даромадлар"га эга бўлишди. Бир кун келиб ўша чет эллик сармоядорларни ҳам ҳайдаб, корхоналарни яна ўзлари тортиб олган ҳоллари бор. Мен Аналитик дўстимизнинг анализларини тушуниб турибман. Ҳа, агар Ўзбекистонда приватизация тўғри амалга оширилганда эди, мамлакат манфаати, ўша йирик завод-фабрикаларда иш билан таъминланган инсонларнинг эртанги кунини ўйлаб хусусийлаштирилганда эди, бунча кўп завод-фабрикалар ёпилиб кетмас эди. Бир вақт приватизация тўғри йўлга қўйилди. Бироқ кейин бунинг орқасидан қанча-қанча бегуноҳ инсонлар "айбдор" чиқарилиб, қамалиб кетди. Кейинги приватизацияларда шу корхонани ўйлайдиган, у ерга янги технологиялар, асбоб-ускуналар олиб келиб ишлаб чиқаришни янада ривожлантиришни хоҳлайдиган, иқтисодни тушунадиган, ўша соҳани тушунадиган, ўзининг "чўнтаги" эмас, ватанини ўйлайдиган раҳбарлар қўйилганда эди, бу завод-фабрикалар ҳеч қачон бузилиб вайрон бўлиб кетмаган бўларди. Ўзбекистонимиз иқтисодиётининг аҳволи ҳам бугунгидек аянчли бўлмас эди.

Бу мавзуда батафсилроқ