‘Ўзбекистон атом электростанциясини қуришни режалаётгани йўқ’

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

«Ўзбекэнерго» ширкати Айдаркўл атрофида атом электростанциясини барпо этиш масаласи ўрганилаётгани ҳақидаги хабарларни рад этган.

Бир неча кун олдин Россиядаги Lenta.ru веб-сайтига таянган ҳолда қатор нашрлар Ўзбекистон ҳукумати мамлакат шимоли-шарқида ядровий қувват билан ишлайдиган электр станциясини қуриш устида бош қотираётгани ҳақида хабар тарқатган эдилар.

Ўзбекистонда атом электростанциясини қуриш имконлими?

Тошкентда нашр этиладиган «Новый Век» рўзномаси ушбу хабарга «Ўзбекэнерго» ширкати муносабатини ўрганган.

“Бу хабар ҳақиқатга тўғри келмайди. Компаниянинг истиқболдаги режаларида атом электростанциясини қуриш йўқ”, дея баёнот тарқатган Ўзбекистоннинг асосий энергетика компанияси.

“Ўзбекэнерго” ширкатидан маълум қилишларича, ҳозир Ўзбекистонда 45 та электростанция фаолият юритади.

Уларнинг 35 таси ГЭС, 10 таси иссиқлик электростанцияси.

2013 йилда бу станциялар жами соатига 54 миллиард киловатт электр энергияси ишлаб чиқарганлар, уларнинг қувватини 57 миллиард киловат/соатгача ошириш мумкин, дея хабар қилган “Ўзбекэнерго”.

Энергетика ширкати яқин йилларда газ қарамлигини 85 фоиздан 65 фоизга камайтиришни режалаштираётганини, бу эса гидроэнергетика, қуёш ва шамол қувватлари воситасида амалга оширилиши кўзланаётгани ҳақида маълум қилган.

Бу мавзуда батафсилроқ